Россия Федерацияси Президенти, Владимир Путин: «Ислом Абдуғаниевич буюк давлат арбоби, ўз мамлакатининг ҳақиқий етакчиси эди. Замонавий ўзбек давлатчилиги тарихининг муҳим босқичлари айнан унинг номи билан боғлиқдир. Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақада кўптомонлама ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган тинчликпарвар сиёсат олиб борди.
Ислом Каримов Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланишига улкан ҳисса қўшди. Унинг хизматлари кўламини фақат вақт ўтгачгина тўлиқ англаш мумкин, деб ўйлайман. Ўзбекистоннинг янги тарихида рўй берган воқеаларни турлича баҳолаш мумкин. Энг асосийси, давлат раҳбари мамлакатда барқарорлик ва изчил тараққиётни сақлаб қолди. Кўп йиллик қадрдонлигимиз ва ҳамкорликдаги фаолиятимиз мобайнида, айниқса, сўнгги йилларда Ислом Абдуғаниевич билан ўртамизда илиқ муносабат шаклланди. У менга хайрихоҳ муносабатда эди. Ёши мендан каттароқ бўлгани боис Ислом Абдуғаниевич каминага исмимни айтиб, “сен” деб мурожаат қилар эди. Бундан эса инсоний бир самимият ва яқинликни ҳис этар эдим.»