— Ислом Каримов, болаларча содда, беғубор инсон эди. Болаларча орзу қиларди, мўъжизаларга болаларча ишонарди, болаларча келажакка интиларди, — дейди Самарқанд шаҳридаги, Президент ўқиган 21-мактабнинг кекса ўқитувчиси Мустаҳкам Останақулова.
Бизнинг мактабдан Ислом Каримовнинг оёғи ҳеч қачон узилмаган. Агар Ислом Каримов болалигини соғинмаганда, ўқувчилик йилларини эсламаганда, болаликдан қолган ширин хотираларни қўмсамаганда, бизнинг мактабга тез-тез келмас, болалар билан болаларча суҳбатлашмасди. Ислом Каримов болалигида учувчи бўлишни орзу қиларди.
Тасаввур қилинг-а, қирқ тўққизинчи, эллигинчи йилларда Ислом Каримов учувчи бўлишни орзу қилган ва мактабдаги авиамоделчилар тўгарагининг фаол аъзоси бўлган. Тўгарак раҳбари Иван Алексеевич Колениченко бизга бир қизиқ воқеани гапириб берганди: «Кечки пайт эди. Мактабда қоровулдан бошқа ҳеч ким йўқ, бизнинг синф чироғидан ўзга чироқлар ўчирилганди. Уч-тўрт ўқувчи билан самолётларнинг янги моделини ясаб ўтиргандик. Бир пайт эшик тақиллаб қолди.
Ўқувчиларнинг ота-оналаридан бўлса керак, дея жойимда турган ҳолатда: “Кираверинг, эшик очиқ”, – дедим, ва ишимни давом эттиравердим. Биз болалар билан ишга берилиб кетган эдик. Бир пайт ортга ўгирилиб қарасам, тепамда Ислом Абдуғаниевич турибди. У пайтда Қашқадарё вилоятининг обком секретари эди. Қучоқлашиб кўришдик. Ислом Каримов болалик пайтларида авиамоделчилар тўгарагида кечки ўн, ўн биргача қолиб кетар эди. Шунинг учун ҳам у кейинчалик Политехника институтига ўқишга кирди, Авиация заводида ишлади. Хуллас ўша куни тун ярмигача суҳбатлашиб ўтирдик.
Ислом Каримов тўгарак ҳали ҳам ишлаяптими, издошларимиз борми, болалар самолётлар ясаяптими, самолётсозликни ўрганаяптими, деган хавотирда экан. Бизни кўриб қувониб кетибди. Ўшанда у ҳаммага совға-салом улашди. Ўқувчиларга фақат “Аъло” баҳоларга ўқишни тайинлади. Бу кутилмаган учрашувдан бошим осмонга етди».
— Ислом Каримов ясаган авиамоделлар мактабимизда ҳали ҳам турибди. Буюк инсонлар буюк болалар туфайли дунёга келишини унутмайлик,– дея сўзини якунлади Мустаҳкам Останақулова.
Шоир Муҳаммад Исмоил