Қашқадарё менинг юрагимда

Қашқадарё вилоятида анъанавий “Ислом Каримов ўқишлари” доирасида республика илмий анжумани ўтказилди. Бу йилги тадбир “Ўзбекистон мустақилликка эришиш йўлида: шарт-шароитлар, илк қадамлар ва ислоҳотлар” мавзусида бўлиб ўтди. Конференция Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳаёти ва фаолиятида Қашқадарё вилояти алоҳида ўрин эгаллаган. Буни Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи ҳам доимо таъкидлаб келган.

“Энг оғир кунларимда Қашқадарё халқи менга чексиз ҳурмат, ишонч билдирган ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Мени ўз ўғлидек қабул қилган қалби пок Қашқадарё халқи олдида яна бир бор бош эгаман”, дея Ислом Каримов вилоят аҳлига ўзининг чексиз ҳурматини ифода этган.

12 май куни эрта тонгда Қарши шаҳрининг марказида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ёдгорлик мажмуаси ходимлари, Қашқадарё вилояти фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар ҳозир бўлдилар. Конференцияни ташкил этишда Қашқадарё вилояти раҳбариятидан тортиб, мутасадди идоралар, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари яқиндан ёрдам берганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Вилоят ҳокимлиги биносида ташкил этилган “Қашқадарё-менинг юрагимда” фотокўргазмаси ҳамда “Ватанга бахшида умр” китоблар кўргазмасини тадбир қатнашчилари катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.

Татьяна Каримова Қашқадарё вилояти А.Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказига, вилоят ҳокимлиги ҳамда Касби тумани Қатағон МФЙ кутубхоналарига Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига оид китоб-альбомлар, китоблар ва журналлар тўпламини совға қилди. Фотосуратлар кўргазмаси айниқса Ислом Каримовнинг ўша йиллардаги сафдошлари-вилоят фахрийларида катта таассурот қолдирди.

Ҳокимиятнинг мажлислар залида илмий анжуманнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов йиғилганларни қутлаб, мазкур тадбирнинг Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш борасидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу йўналишда кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирди.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Йўлдошев илмий анжуман қатнашчиларига самимий тилакларини билдириб, Ислом Каримовнинг вилоят тараққиётига қўшган мислсиз ҳиссаси, бугунги кунда воҳани ривожлантириш йўлида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маъруза қилди. Ёдгорлик мажмуаси Васийлик кенгашининг аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова ўз сўзида 90-чи йилларнинг бошида ҳукм сурган оғир вазият, Қашқадарё вилоятининг ўша кезлардаги танг аҳволи, Ислом Абдуғаниевичнинг вилоят раҳбари сифатида бошидан кечирган ташвишли ва қувончли кунларини ёдга олди. Татьяна Акбаровна йиғилганларга мурожаат қилиб: “Самимий чеҳрангизга, меҳр тўла кўзларингизга қараб, Ислом Каримовнинг хотирасига нисбатан чексиз ҳурматни ҳис этяпман. Мен учун бу жуда муҳим”, деди ҳамда анжуманнинг самарали ва сермазмун ўтишига ишонч билдирди.

Ялпи мажлисда “Ислом Каримов феномени” (Т.Ширинов), “Ислом Каримовнинг миллий олий таълим тизмини яратишдаги хизматлари” (Д.Набиев), “Ислом Каримов: атоқли раҳбарнинг ибратли сабоқлари” (А.Эркаев), “Ислом Каримов тарихий ҳодиса сифатида” (Н.Жураев), “Икки буюк сиймо: Амир Темур ва Ислом Каримов” (О.Бўриев), каби мавзуларда маърузалар қилинди. Вилоят ҳокими маслаҳатчиси Январь Иноятов хотиралари даврага ўзгача файз бахш этди.

Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган эҳсон маросимида, Биринчи Президентнинг хотирасига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

Илмий анжуманнинг шўъба йиғилишлари куннинг иккинчи ярмида Қарши Давлат университетида ўтказилди.

Қашқадарёга икки кунлик сафар давомида анжуман ташкилотчилари Қарши шаҳридаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилдилар.

Ф.Курбанбаев суратлари