Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ «Қўшнинг тинч-сен тинч» деган азалий халқ ҳикматига амал қилиб, афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш ҳаракатида бўлиб келаётанлиги, бу борада давлатимиз раҳбарининг нуфузли халқаро минбарлардан туриб такрор ва такрор жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилганлиги барчага маълум. Афғон можароси 1978 йилдан бошланган бўлса, орадан 40 йил ўтди. Юртбошимиз 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Афғонистон можаросини жаҳон ҳамжамияти билан ҳал этишга чақирди. 1997 йили мамлакатимиз раҳбари афғон муаммосини ҳал қилиш учун «6+2» мулоқот гуруҳини ташкил этиш ташаббуси билан чиққани ва 1999 йили мазкур гуруҳнинг Тошкентда учрашуви бўлиб ўтганидан барчамиз хабардормиз.