10 февраль 2023 йил. Тошкент. Маҳобатли бинода хотира кечаси бошланиш арафасида.
Оқсарой ҳовлисига кўрк бағишлаб турган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига ўрнатилган ҳайкал ёнидан ўтарканман, мени ўз-ўзидан ҳаяжон босди. Беихтиёр бизга сўз ва яшаш эркинлигини берган, мустақил юрт фарзанди бўлиш бахтига муяссар этган буюк инсон ҳайкали пойига бош эгдим.
Қишнинг совуқ кунлари бўлсада, ҳайкал пойига қўйилган бу гуллар Ўзбекистон номли мамлакатни мустақил давлат бўлишига асос солган, юрт тепасига эркинлик байроғини илган буюк инсон — Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов шарафига таҳсину саловатлар айтиб турарди гўё.
Келаётган меҳмонлар оқимидан бино ичи янада файзли тус ола бошлади. Кечага узоқ-яқиндан ташриф буюрган турли соҳа вакиллари орасида музейшунослардан тортиб, меҳнат фидоийлари, артистлар, ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар ҳам бор эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республика Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ўтказилаётган ушбу кеча Давлат мустақиллиги асосчиси – И.А.Каримов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган Хотира кечаси сифатида ҳаяжонли ва шукуҳли тарзда кечди.
Мажмуа раҳбари ўринбосари, сиёсатшунос Севара Турсунова тадбирни очиб, ушбу кечанинг ташаббускори, Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг тадбирни ташкил этилишидаги жонбозлиги, Ислом Каримов номли музейнинг яқин кунларда очилиши муносабати билан олиб борилаётган изланишлар, турли соҳа вакилларининг беғараз ёрдами ва саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирди.
Шундан сўнг Туркия давлатида рўй берган мудҳиш фалокат туфайли қурбон бўлганлар хотирасига сукут сақланди.
Экранда “Ислом Каримов Биринчи Президент” деб номланган видиофильм намойиш этилди.
Тадбирда Татяна Каримова давлатимиз равнақи учун фидоийлик намуналарини кўрсатиб, юрт фаровонлиги учун жонини фидо қилган Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг тинчлик ва осойишталигимиз йўлида олиб борган саъй-ҳаракатлари, ватанпарварлиги ва халқпарварлиги, раҳбарлик фаолияти ва оиладаги талабчанлик характери тўғрисида хотираларни ёдга олди ва шундай деди:
—Ислом Абдуғаниевич миллий маънавият ва маданиятимизни юксак даражада қадрлар эди. У миллий қўшиқларимиздан “Мустаҳзод”ни чин мухлиси эди ва уни ўзгача завқ билан тингларди. Доимо эркак санъаткорлар томонидан куйланган бу қўшиқни бир тадбирда “Шу қўшиқни Муножот Йўлчиева айтиб кўрса бўлмасмикин!?”, деган эди. Шундан сўнг хонанда томонидан маҳорат билан куйланган бу қўшиқ унинг энг яхши репертуарлари қаторидан жой олди.
Биринчи Президентимиз хотираси учун саҳнада Ўзбекистон қаҳрамони, таниқли хонанда М. Йўлчиева ижросида “Мустаҳзод” қўшиғи янгради.
Тадбирда Фарғоналик инглиз тили ўқитувчиси, таржимон Нилуфар Нишонова муаллифлигида И.Каримов ҳақида ёзган “Буюк ўзбек аёллари” номли китоб отаси Ғайрат Турғунов томонидан Татяна Каримовага топширилди.
Шундан сўнг, муқаддам давлат маслаҳатчиси лавозимида иш юритган, филология фанлари доктори, профессор Нарзулла Жўраев ўз муаллифлигида нашр этилган “Тарихий давр кашфиёти” номли китоби ҳақида шундай деди:
—Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов олиб борган одилона сиёсат, Ватан озодлиги, юрт ободлиги, кўҳна тарихимиз ва маънавиятимиз ҳамда маданиятимизни, буюк аждодларимиз номини тиклаб, ўзлигимизни англашга, миллий ғуруримизни ўйғотишга умрини бағишлагани, шу буюк мамлакатни янги давр остонасига етаклаган улкан кошона яратувчиси сифатида тарих саҳифаларида муҳрланади.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 30-январь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев Оқсарой қароргоҳига ташриф буюриб, И.А.Каримовнинг таваллуд куни муносабати билан унинг хотирасига ҳурмат бажо келтириб, унинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди, Қуръон тиловат қилинди. Анъанага айланган ушбу тадбирда олий мартабали меҳмонларга Татяна Каримова ҳамроҳлик қилди.
Тадбирда И.Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, тарихчи олим Темур Ширинов Оқсарой қароргоҳидаги Ислом Каримов музейининг ташкил этилиши, яқин кунларда очилишига ҳозирлик кўрилаётгани ва бунга кўплаб соҳа вакиллари жалб этилгани, айни пайтда, 3 қаватли музейда 2 мингдан ортиқ экспонатлар йиғилгани, шунингдек, музейнинг замонавий жиҳозлар, видиогит ва аудиогит каби юқори технологиялар билан жиҳозланганини қайд этди.
“Соғлом авлод учун” халқаро Хайрия фонди раҳбари С.Т.Инамова:
— Ҳар қандай миллий тараққиёт миллат генофондини соғломлаштириш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишдан бошланади. Жамиятни маданий-маънавий қиёфасини шакллантиришнинг яна бир муҳим жиҳати – оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, соғлом авлод тарбияси ва хотин-қизлар ўртасида иш олиб боришнинг самарали, замонавий йўлларини топишдир. Бу борада Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг ўз қарашлари, мақсад ва интилишлари юқори эди. И. Каримов томонидан инсонни инсонлиги учун улуғлаш, унинг яшаш ҳуқуқини кафолатлаш каби эзгу ниятлар халқ саломатлиги, эл фаровонлиги, юрт ободлиги йўлидаги фидоийлик сифатида давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
С.Инамова ана шуларни таъкидлар экан, Ислом Каримов музейига “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди орденини топширди.
Тадбирда Туркия давлатидан ташриф буюрган тадқиқотчи олим Исроил Пўлат ”Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда давлат қурилиши” мавзусида илмий иш олиб бораётгани, шу иш юзасидан учинчи бор Ўзбекистонга келгани, тегишли мутахассислар билан ҳамкорлиги ва қурилиш соҳасида олиб бораётган илмий изланишлар келажакда икки давлат ҳамдўстлигида ўз ижобий самарасини беражагини мамнуният билан таъкидлади.
Кечада улкамиз тарихига бағишланган аннимацион фильм ҳамда Ўзбекистон давлатининг ривожланиш давридан лавҳалар кўрсатилди.
Тадбирда Татьяна Каримова томонидан И.Каримов музейини ташкил этилишида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди. Хотира кечаси барча иштирокчиларга Н. Жўраев муаллифлигида чоп этилган “Тарихий давр кашфиёти” номли бадиий публицистик асарнинг тарқатилгани, айниқса барчани мамнун этди.
Таниқли санъаткорлар Рамиз Усмонов, Женисбек Пиязов, Зулайхо Бойхонова, Гулбаҳор Эрқуловалар ижросида куйланган миллий қўшиқлар кечага мазмун бахш этди.
Марям АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист.