Ислом Каримов нима учун Ҳазрат Хизрга дафн этилган?

Сизга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафотидан сўнг Самарқанддаги Ҳазрати Хизр мажмуасига дафн этилди. Ислом Каримов тириклик чоғидаёқ шу ерга дафн этилишини васият қилган эди. Хўш, нега айнан Ҳазрат Хизрга. Бу масканнинг тарихи қандай?
Ҳазрат Хизр масжиди кўхна Самарқанднинг энг мўтабар жойларидан бўлиб, баланд тепаликда жойлашган. Бу ердан муаззам шаҳарнинг тарихий обидалари, шулар қаторида Самарқанднинг юраги бўлмиш Регистон майдонининг мовий гумбаз ва миноралари ҳамда Биби Хоним масжидининг гўзал манзараси намоён бўлади.


Ушбу муқаддас зиёратгоҳ Самарқандда бунёд этилган биринчи масжид бўлиб, VIII асрда Қутайба ибн Муслим раҳнамолигида қурилган.
Масжид қадимда шаҳардан ташқарида, Кеш дарвозаси йўли ёқасида жойлашган бўлиб, ушбу дарвозадан Буюк ипак йули бўйлаб қатновчи карвонлар шаҳарга кириб келишган. Айтишларича, айнан шу жойда масжидни барпо этишни Қутайба ибн Муслимга Ҳазрат Хизр буюрган эканлар.


Ҳазрат Хизр Ислом оламида ва халқимиз орасида алоҳида эътибор ва ихлос билан тилга олинадиган мўтабар зотдир. У кишининг пайғамбар ёки авлиё эканликлари ҳақида ихтилофли фикрлар бор. Уламолар Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида “Аллоҳнинг бандаси” деб тилга олинган шаҳсни Ҳазрат Хизр деб талқин қиладилар. Ушбу сурада Ҳазрат Хизрни Мусо алайҳисалом билан бўлган учрашувлари қиссаси баён қилинади. Бу қиссада Аллоҳ Мусо алайҳисаломга “Ҳар бир билувчининг устидан билувчироқ бордир” деган хабарни бериб, Мусога улардан кўра илмлироқ одам борлиги ва у кишидан баъзи бир нарсаларни ўрганиш зарурлигини хабар беради. Мусо алайҳисаломга устоз бўлган зот Куръони Каримда Хизр деб аталмаган, балки “солих банда” деб аталган. Шу оятларни тафсирида Имом Бухорий келтирган ривоятда солих бандани “Хизр” деб аталади.
Ҳазрат Хизр номлари билан боғлиқ жуда кўп ривоятлар мавжуд. Хусусан, кўпчилик уларни барҳаёт эканлар деб фикр юритади. Аммо кўпгина катта уламолар бу фикрга қўшилмайдилар. Ислом оламида катта хурматга эга бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазрат Хизр Қиёматгача боқий қолишлари мумкин эмасликларига Қуръони Каримнинг “Анбиё” сурасининг оятини далил қилиб келтирганлар. Бу оятда “Сендан олдин ҳам бирор башарга абадийликни қилганимиз йўқ. Агар сен ўлсанг, улар абадий қолар эканларми?” дейилади.
Шунингдек, Шайҳ Ҳазратлари Ҳазрат Хизр набий бўлганликларига оид фикрни тарафдори бўлганлар. Халқ орасида шундай фикр ҳам борки, Ҳазрат Хизр вафот этганлар, лекин уларнинг руҳлари Аллоҳнинг қудрати ила инсонларга кўринади ва муҳтожларга ёрдам беради.


Хизр сўзи “яшил” деган маънони англатади, ва ривоятларга кўра, у киши қаерда ўтирсалар, ўша ердан, ҳатто тошдан ҳам ям-яшил кўкатлар униб чиқар, дарахтлар кўкариб қолар экан.
Бир ривоятда айтилишича Ҳазрат Хизр хар бир инсонга умри мобайнида уч маротаба кўринадилар. Кўришганда у кишини норози, хафа қилмай яхши муомала билан рози қилган кишини дуо қилар эканлар. Айтишларича, Ҳазрат Хизрни кўрганда кўпчилик зийраклик неъматидан бебаҳра бўлиб, ғафлатда қолиб, уларни кўрганликларини билмай қолар экан.
XIII аср бошида Ҳазрат Хизр масжиди мўғиллар истилоси мобайнида вайрон қилинади. Масжид 1854 йилда Бухоро Амири Музаффархон буйруғи билан самарқандлик усталар томонидан эски пойдевор устига қайта барпо этилади. 1899 йилда унинг пешайвон ва дарвозахоналари қурилади.
Мустақиллик даврларида масжидни таъмирлаш бўйича ишлар олиб борилган.
Масжид ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси руйхатидаги обидалар қаторидан жой олган.

2016 йилнинг 3 сентябрида масжиднинг ёнида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов дафн этилдилар.

Манба: qalampir.uz