28 ноябрь куни Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрган бир гуруҳ ёш олимлар, журналистлар билан учрашиб суҳбатда бўлди.
Меҳмонлар Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, Биринчи Президентимизнинг хотирасини ёдга олдилар.
Учрашув тафсилотларига тўхталишдан аввал у билан боғлиқ мулоҳазаларга ўрин ажратмоқни лозим топдик.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тақдири Ватан ва халқ тақдири билан чамбарчас боғлиқ бўлгани ўз-ўзидан аён.
Ислом Абдуғаниевич турли касб эгалари, қолаверса оддий одамлар билан бевосита мулоқотда бўлган, улар билан очиқ, самимий суҳбат қурган бағрикенг раҳбар эди. Расмиятчиликдан ҳоли бўлган кутилмаган учрашувлар ҳам кўп бўлган.
Тақдир тақозоси билан у кишининг сафдошлари қаторида Биринчи Президент билан ишлаб, бевосита у кишининг топшириқларини бажариш бахтига муяссар бўлган инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Айниқса журналистлар орасида уларни кўп учратиш мумкин. ОАВи вакилларига Ислом Каримов алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қарарди.
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, собиқ дипломат, журналист, таржимон, блогер, Беруний Алимов 2005-2009 йилларда Биринчи Президент Девонида масъул ходим бўлиб ишлаган. Шу йиллар ичида Президентнинг матбуот котиби лавозимида ҳам фаолият юритган. Ҳозирда у Жаҳон тиллари университетининг катта ўқитувчиси.
2017 йилда ўтказилган «Ислом Каримовнинг хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» кўрик танлови совриндори Беруний Алимов яқинда янги илмий-оммабоп рисолани кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этди.
«Истиқлолга бошлаган Дарға» номли ана шу китоб Татьяна Акбаровнага Ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида тақдим этилди.
Китобнинг кириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қароридан иқтибос келтирилган: «Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида учмас из қолдирди».
Мана шундай тарихий шахснинг Мустақил давлат имижини яратиш, шакллантириш ва ривожлантириш ҳамда юртимиз нуфузини халқаро майдонда юксалтиришга қаратилган саъйи ҳаракатлари бўйича олиб борилаётган илмий изланишларда ёш олим ва мутахассисларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Ўз Ватани тарихини билган инсон келажакни ҳам аниқ кўра олади. Бу ҳақиқатни Ислом Каримов бот-бот таъкидлар эди.
Ташриф асносида меҳмонлар Ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг ўринбосари, Турсунали Кузиев ҳамроҳлигида «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини томоша қилдилар. Фахрий меҳмонларнинг хотира китобига эсдалик дастхатини ёзиб қолдирдилар.