Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1990 йил 20 июнда собиқ СССР таркибига киритилган республикалар ичида биринчилардан бўлиб «Мустақиллик декларацияси»ни қабул қилди.
Бу ҳужжатнинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, у ўзбек давлатчилиги тарихидаги биринчи тинч йўл билан ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат эди. Унга кўра, ўзбек халқи давлат бошқарувида ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад деб ўз зиммасига олган ҳолда, халқаро ҳуқуқ қоидаларига асосланиб, ўзининг «Мустақиллик декларация»сини эълон қилди. Ва бундан буён Ўзбекистон ўзининг ташқи муносабатларида, давлат ҳокимияти масалаларини ҳал этишда танҳо ҳокимлигини, унинг чегаралари ва ҳудуди дахлсиз эканлиги, ўз тараққиёт йўлини, ўз номини, давлат рамзларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этиши ва демократик ҳуқуқий давлат ташкил топганлигини бутун дунёга маълум қилди.
Давлат ва жамият ҳаётидаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш кечиктириб бўлмас аҳамиятга эга эди. Чунки ўша вақтларда СССРнинг тақдири ҳал бўлаётган эди. Марказ раҳбарлари халқни ҳар хил сиёсий йўллар ва куч билан қўрқитиб, иттифоқни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган эдилар. Ўша даврда иттифоқни тиш-тирноғи билан сақлаб қолишга интилаётган қора кучлар миллий низоларни авж олдириш учун барча имкониятларини ишга солган.
Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиши унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий янгиланиш истиқболлари режаларини белгилаб берди. Батамом мустақилликни қўлга киритиш учун маълум бир вақт талаб қилинар эди. Чунки собиқ иттифоқ марказида бунга қарши жуда катта кучлар тайёр бўлиб турар эди. Мана шундай оғир бир вазиятда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов зиммасига жамиятнинг мураккаб ички ва ташқи сиёсий шароитларида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва давлат ҳуқуқи масалаларини ҳал қилишга даъват этилган, унинг қайта ўзгартирувчиси бўлишдек ниҳоятда оғир вазифани юклади. Шундай вазиятда ҳам Ислом Каримов ўзини буюк раҳбар сифатида кўрсатди.
МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети: ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз такдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи, ҳар бир кишининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад деб билган ҳолда, Ўзбекистон халқларининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат мустақиллигини эълон қилади.
- Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги Республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир.
- Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб, ўзгартирилиши мумкин эмас.
- Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир.
- СССР Олий Совети қабул қиладиган қарорлар Ўзбекистон ССР Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан тасдиқланганидан кейингина Ўзбекистон ССР ҳудудида кучга эга бўлади.
- Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига Ўзбекистон ССР ички ва ташқи сиёсатига тегишли барча масалалар киради.
- Ўзбекистон ССР халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларини тан олади ва ҳурмат қилади.
- Ўзбекистон ССР иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа муносабатларини шартномалар асосида белгилайди ва амалга оширади.
- Ўзбекистон ССР ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини(герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади.
- Қорақалпоғистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси мустақиллигини Мухтор Республика Конституцияси таъмин этади. Ўзбекистон ССР унинг Асосий Қонуни ва Ўзбекистон ССР Конституцияси асосида Қорақалпоғистон МССР манфаатларини ҳимоя қилади.
- Ўзбекистон ССРнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти Ўзбекистон ССР давлат мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади, Ўзбекистон ССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркибини ва қурилишини белгилайди.
- Ўзбекистон ССР Олий Совети умумхалқ муҳокамаси асосида демократик ҳуқуқий давлат тузишга қарор қилганини билдиради, Ўзбекистон ССРда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қонуний, сиёсий, иқтисодий, этник, маданий ҳуқукдарига ҳамда она тиллари ривожлантирилишига кафиллик беради.
- Ушбу Декларация Ўзбекистон ССРнинг янги Конституциясини ҳамда янги иттифоқ шартномасини ишлаб чиқиш учун асосдир.
Ушбу деклaрация Ўзбекистон ССР Олий Советининг 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган иккинчи сессиясида қабул қилинган
Манба: xabar.uz