МУСТАҚИЛЛИГИМИЗДАН АВВАЛ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ФАРМОН

Рамазон (Рўза) Ҳайитини нишонлаш ҳақида мустақилликдан олдин ҳам расмий ҳужжат чиқарилган. Хусусан, 1991 йил 11 апрель куни Ўзбекистон ССР Президентининг “Анъанавий миллий байрам «Рўза ҳайити» тўғрисида”ги фармони эълон қилинган. Фармон матни қуйидагича эди:

Анъанавий миллий байрам «Рўза ҳайити» муносабати билан ва меҳнаткашларнинг кўпдан-кўп талаб-истакларини эътиборга олиб:
Республика фуқароларига 1991 йил 16 апрелда уларнинг хоҳишига мувофиқ ишга чиқмасликка ва корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда хўжаликларнинг маъмурияти ва касаба уюшмалари комитетлари билан келишилган ҳолда бу куни кейинчалик ишлаб беришга рухсат этилсин.

Рамазон Ҳайитини тўлақонли дам олиш куни дея эълон қилиш тўғрисидаги Президент фармони келгуси йилда, яъни 1992 йил 27 март куни эълон қилинган. “Рўза ҳайитни дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги мазкур фармонда қуйидагича тартиб ўрнатилган эди:

Мустақил Ўзбекистон Республикаси мусулмонларининг истак ва хоҳишларини инобатга олиб ҳамда фуқаролар ўртасида меҳр-оқибатни барқарорлаштириш мақсадида диний байрам – Рўза ҳайит («Ийд ал-Фитр»)ни бу йил 4 апрель куни ва кейинги йилларда эса Рўза ҳайитнинг биринчи куни дам олиш куни деб тайинлансин.

Айнан мана шу Фармоннинг ҳуқуқий асосида биз ҳар йили севиб қарши оладиган муқаддас диний байрамимизни нишонлаймиз ҳамда ушбу кун юртимизда дам олиш куни дея эълон қилинади.

xushnudbek.uz