Ислом Каримовнинг мустақилликкача бўлган даврдаги фаолияти, айтиш мумкинки, нафақат Москва, Сиёсий бюро, унинг раҳбари М.Горбачёв билан, балки республика ичидаги мухолифлар, турли бузғунчи кучлар билан ҳам олишиш даври бўлди.
Ўзбекистон ана шундай курашлар жараёнида Иттифоқ таркибидан биринчилардан бўлиб чиқиб кетди. 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ислом Каримов жуда катта жасорат билан Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилди. Бироқ республика ички ҳаётида катта муаммолар, жиддий тўқнашувлар, Президент фаолиятига нотўғри муносабатлар кучайиб кетди. Ўзбекистон мустақил бўлгач, уни бошқаришга интиладиган «даҳо»лар кўпайди. Республика ижтимоий-сиёсий ҳаётида парокандаликни, омма орасида эса ишончсизликни кучайтириш, шу йўл билан Ислом Каримовни президентлик лавозимидан бўшатишга интилишлар бўлди.
Ўзбекистон ССР Бош вазири Ш.Мирсаидов ана шундай фитначилар гуруҳига бош-қош бўлди. У атрофига ўз гумашталарини тўплаб талай режалар тузди. Президентлик курсисини эгаллаш ва гумашталарига тегишли лавозимларни бўлиб бериш режасини амалга ошириш учун турли найранг, ҳийла ва усуллардан фойдаланишдан тоймади.
Олий Кенгашнинг 1991 йил 18-21 ноябрь кунлари бўлиб ўтган сессияси Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган воқеа сифатида муҳрланди. Ана шу сессияда Ш.Мирсаидов ва унинг гумашталари очиқдан-очиқ бош кўтардилар. Улар Президент Ислом Каримов фаолиятидан камчиликлар қидиришди.
Белгиланган кун тартибини бузиб, унга қўшимчалар киритиш мақсадида сессия мажлисини можарога айлантиришди. Мантиқсиз, асоссиз масалаларни кўтариб, уларни Президент Ислом Каримов бўйнига илишди. Тўғридан-тўғри Президентга ҳужум қилишди. Бунинг барчаси уларнинг сиёсий савияси нақадар паст, ўзлари эса сиёсий ахлоқдан узоқ эканини яққол кўрсатарди.
Депутат Ш.Нусратов эҳтиросларга тўла нутқида тўғридан-тўғри Конституциявий назорат қўмитаси фаолиятини танқид остига олиб, агар у Президентнинг айрим қарор ва фармонлари Конституцияга зид эканини тасдиқласа, Президент лавозимидан озод этилиши лозимлигини талаб қилди. Эҳтиросли фикрлар орқали мажлис аҳлини жунбушга келтиришга қаратилган ушбу маъруза туб моҳияти билан тўғридан-тўғри Ислом Каримовга қарши эди ва уни шу сессияда вазифасидан озод этишга қаратилган қатъий талаб эди.
Сессияда сўзга чиққан депутат М.Зоҳидов фитначиларнинг сирини очиб ташлади. У фитначиларни қўллаб-қувватлади, лекин билиб-билмай ўзининг сирини фош этиб қўйди. Жумладан, у суҳбатдошим Ўзбекистон компартиясининг иккинчи секретарь Анатолий Степанович Ефимов «Мирсаидов ҳокимиятни қўлга олишга интилмоқда, деб айтди», деган фикрни билдирди ва турли қарама-қарши кучлар пайдо бўлгани, улар ҳокимиятга интилаётганини маълум қилиб Президент фаолиятига доир масала кун тартибига киритилишини талаб қилди.
Сессияда Президент Ислом Каримов сўзга чиқиб ниҳоятда катта сиёсий маданият, арбобларга хос вазминлик ва чуқур мушоҳада билан вазиятни таҳлил қилди, сессия ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқишига тайёр эканини билдирди. Конституцияга, амалдаги қонунларга зид қарор ва фармонлар қабул қилмагани, ҳар бирининг ҳуқуқий асослари мавжудлигини ўта босиқлик билан тушунтириб берди. Сўзининг иккинчи қисмида фитначилар, бузғунчи кучлар ҳақида гапирар экан, уларга ҳурмат билан, шахсиятига тегмасдан муносабат билдиради ва ушбу сессияга кимлардир катта тайёргарлик кўриб, олдиндан режалаштириб сўзга чиққанини очиқ-ойдин айтди. Улар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, Президентга ишончсизлик билдириб, уни лавозимидан бўшатишга қарор қилганлари маълум бўлиб қолгани, сессия аҳлида кўтарилган масала юзасидан қандай фикрлар бўлса бажонидил ўз муносабатини билдириши мумкинлигини айтди.
Машҳур ва ҳурматли инсонлардан бири, Ўзбекистон Кинематографиячилар уюшмаси раиси Малик Қаюмов ҳам мазкур сессияда иштирок этиб, ўз муносабатини билдирди.
Малик Қаюмов нутқидан:
«Мен кино соҳасидаги 64 йил мобайнида 10 нафар Ўзбекистон марказий қўмитаси секретарини кўрганман. Ҳаммаси билан суҳбатда бўлиб, фаолияти ҳақида кино ишлаганман. Менимча, фақатгина 33 та секретарь тарихимизда қолади.
Биринчиси – Усмон Юсупов, каналлар қурган, уруш вақтида йирик фабрикаларни қабул қилиб, 1 миллионга яқин одамни Ўзбекистонда сақлаган.
Иккинчиси – Шароф Рашидов.
Учинчиси – Ислом Каримов.
Ислом Каримовга ҳаммамиз раҳмат дейишимиз керак. Чунки Ўзбекистонни мана шундоқ қўлида ушлаб турибди. Эҳтимол, барчада бўлгани каби хато ва камчиликлари ҳам бордир. Лекин республикани қўлида ушлаб туриб, ҳеч қанақанги тўполонларга йўл қўймаганлиги учун бу одамга биз ҳаммамиз раҳмат дейишимиз керак. (Қарсаклар)
Азиз фарзандларим, дўстларим! Мендан катта ва кичик биродарларим! Ахир бутун дунёдан келишади бизнинг юртимизга. Биз оналаримизга қандай меҳр-оқибат, қандай эътибор билан қарар эдик! Отахонларимизга, ёши улуғларга ҳатто ҳозир ҳам бирор жойда тўй, маърака бўлса эътибор билан қарайдилар, барча ёшлар қарияларни олдинга ўтказишади.
Ўтган сафарги сессияда комсомолнинг ва партия ташкилотининг тарбияланувчиси бўлган ва юқори мартабага эришган баъзи бир инсонлар чиқиб Президентимизни … айблашди. Сиз эса, ҳурматли депутатлар, бирортангиз ҳам ўрнингиздан туриб жавоб қилмадингиз, ҳеч нарса демадингиз, ахир бу уят эмасми? Президентни ёлғиз қолдирдингиз.
…Шароф Рашидович мени жуда кўп бирга олиб юрарди. Бир сафар Мурунтовга борганимизда, у киши «Малик ака, мана шу олтинларнинг атиги бир фоизинигина беришганида эди, мен ўзбекларнинг бутун остонасини олтиндан қилган бўлардим», деган эди.
Сизлардан қайси бирингиз Мурунтовнинг олтинларини қайтариб ола олдингиз?! Мана шу ишни қилган одам қаҳрамон-ку ахир! У барча уруш қатнашчиларига ҳам бепул уй бериб, қандай хайрли иш қилди. 5-синфга қадар бўлган ўқувчиларга бепул овқат берилмоқда. Ва ҳоказо ишлар қилинмоқда. Юртбошимиз пахтанинг харид нархини оширди, нега сизлар буни кўрмаяпсизлар! (Қарсаклар)
Мен Ислом Абдуғаниевичга омад тилайман. Дўстларим, ҳурмат-эътиборни унутмайлик. Ахир биз уни Президент қилиб сайлаганмиз. У нимаики қилаётган бўлса, барчасини биз учун, халқ учун, 22 миллионли Ўзбекистон аҳолиси учун қиляпти-ку! У ҳаммасини ўз қўлига олиб, қаттиқ тутиб турганлиги учун ҳам бизда нохуш воқеалар бўлмаяпти. Теварак-атрофингизга бир қаранг, Озарбойжон, Арманистон, Грузия, Кавказ, Молдавияда қандай воқеалар бўляпти?! Наҳотки сиз ана шуларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда такрорланишини хоҳласангиз?! Ислом Абдуғаниевич, «Ҳамонки мен Президент эканман, юртимизда нотинчликка сабаб бўлувчи воқеаларга йўл бермайман», деганда мен унга миннатдорлик билдиргим келади.
Худо унга сиҳат-саломатлик ва узоқ умр берсин, юз йил яшасин! (Давомли қарсаклар)
Сессия ана шундай катта можаролар ва жиддий тўқнашувлар билан ўтди. Маълумки, сессияга фитначилар алоҳида тайёргарлик кўрган эди.
Шафқатсиз кураш, ҳужумкорлик руҳиятида вазиятни чигаллаштириб юборишди. Собиқ Иттифоқ ҳудудида саросима, парокандалик, қўрқув ва ҳадиксираш, барча иттифоқдош республикаларда иккиланишлар мавжуд бўлган бир шароитда, мустақил Ўзбекистонда иқтисодий танглик, ижтимоий таранглик, руҳий озурдалик ҳукмронлик қилаётган бир пайтда мухолиф кучлар ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат қилдилар. Улар айни шу вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи эди. Чунки Ўзбекистон СССР таркибидан чиқиб кетгач, табиий равишда ижтимоий-иқтисодий танглик ҳолатига тушган эди. Ислом Каримов эса ана шу оғир вазиятдан босқичма-босқич чиқиш, «янги уй қурмай туриб, эскисини бузмаслик» йўлидан бораётган эди. Фитначилар эса мураккаб вазиятдан фойдаланиб, мустақиллиги эълон қилинган, унинг ҳуқуқий асослари яратилган мамлакатни эгаллаб олишни кўзлаган эди.
Соғлом фикрли кишилар, мамлакат ва халқ келажагини аниқ кўра билган фуқаролар Ислом Каримов танлаган йўлни қўллаб-қувватлади.
Вақтнинг ўзи шуни исботладики, Ислом Каримов – мутлақо янги даврнинг мутлақо янги услубдаги одами. У янги тарихий шароитларда вужудга келган, бутунлай янгича ижтимоий-сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланган, ана шу жараёнларни ўз сафдошлари ва замондошларидан мутлақо фарқли ҳолда фавқулодда зукколик, зийраклик ва донишмандлик билан идрок эта билган, уларни журъат ва жасурлик билан ҳал эта олган сиёсатчи.
Каримов сиёсати – янгиланиш ва ўзгартирувчилик сиёсати. У – жаҳон тараққиётига жиддий таъсир кўрсатаётган мамлакатлар сиёсати билан ҳамоҳанг келадиган, энг илғор тажрибаларга суянган ва бу тажрибаларни янгича шароитларда миллий руҳ ва анъаналар асосида ўз қарашлари билан уйғунлаштирган сиёсат.
Каримов сиёсати – қаттиққўллик билан меҳрибонлик, қатъиятлилик билан меҳр-мурувват, талабчанлик билан кучли интизом омихта бўлиб кетган, халқ дунёқараши ва табиатидан келиб чиққан жонли ва ҳаётий сиёсат.
Ислом Каримовнинг давлатчилик ва бошқарувчилик сиёсати, чиндан ҳам, жаҳон жамоатчилиги диққатини ўзига тортди. У ҳозиргача кишилик тараққиётида мавжуд бўлган русумларга ўз қарашлари билан янгилик қўшди.
НУРБЕК НУРИДДИНОВ,
журналист
Манба: mustaqillik-asoschisi.uz