Ислом Каримов 90-йилнинг бошида «Бўка»даги уруш-жанжални қандай тўхтатиб қолган?

Бўка туманида ўтроқ бўлиб қолган кучлар билан маҳаллий халқ ўртасида жуда катта оммавий тўқнашувлар бўлиши муқаррар бўлиб қолди. Оломон уйларни портлатиб, машиналарни ва кўчаларни ёқиб катта шовқин-сурон, тўполон бошлади. Шу пайт пойтахтдан Ислом Абдуғаниевич ўзлари келиб, тўппа-тўғри халқнинг ичига кириб кетдилар. Ҳозиргидай эсимда: ёнларида ҳеч ким, ҳатто соқчи йўқ эди. Жуда ҳам қалтис ҳаракат эди бу. Оломон орасида от миниб юрган одамлар талайгина эди. Улардан бирини чақириб, отдан тушгин деб сўрадилар-да, шартта ўзлари отга миниб халққа мурожаат қилдилар: «Биродарлар, уруш-жанжал билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Сизлар ақл-идрок билан иш қилинглар. Бизнинг ташқи душманларимиз халқимизни уруштириб қўймоқчи. Сизлар ўйлаб кўринглар, бунинг оқибати жуда ёмон бўлади».

Шу пайтда оломон орасидан бир овоз «Ислом ака, биз республиканинг аввалги раҳбарига ишонмаймиз, бизни алдайди. Фарғонадан хабарингиз бор, эски раҳбарлар ўзбекларни Москвадан туриб айбдор қилиб қўйди», – деб айтди. Шунда Ислом Абдуғаниевич «Ҳурматли биродарлар, мен Марказкомдан қўрқмайман, қўрққан ҳам эмасман. Менинг ўз халқим бор. Халқимнинг ўз орзулари бор. Шу орзуларни амалга оширишда мен керак бўлса жонимни ҳам аямайман», – дедилар.

Шунда ҳамма жим-жит бўлиб қолди. Шу билан Бўкада ҳатто бирорта одамнинг бурни қонамади. 1990 йил 17 февраль куни республикамизда барқарорлик, тинчликни сақлаб қолишга шахсан ўзлари раҳбарлик қилдилар.

НУРАЛИ ЭРГАШЕВ,

Тошкент вилояти прокуратураси ходими

Манба: mustaqillik-asoschisi.uz