Ислом Каримов ҳаётига бағишланган фотоальбом тақдим этилди

Бугун, 28 январь куни «Ислом Каримов: улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбоми тақдимоти бўлиб ўтди.

Альбомда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи суратлар жамланган.

Фотоальбом кўп йиллар давомида биринчи давлат раҳбарининг фотосуратчиси бўлган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарҳод Қурбонбоев ва рассом Темур Қурбонбоев муаллифлигидаги ноёб кадрлардан ташкил топган.

Альбомда Ислом Абдуғаниевичнинг расмий тадбирлар, чет элга қилинган расмий ташрифлари муҳрланган суратлардан тортиб, оила ва дўстлар даврасидаги ҳордиқ дамлари туширилган лавҳаларни ҳам кўриш мумкин.

Тақдимотни биринчи президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова альбомнинг яратилиш жараёни хусусидаги нутқи билан очиб берди.

«Альбомнинг яратилиши бир неча дона оқ-қора тусдаги фотосуратдан бошланди. Уларнинг ноёблиги муаллифнинг ёндашувида, танланган ракурсда эди. Яъни суратда акс этганлар расмиятчиликдан холи, эркин ва самимий кўринишда гавдаланган. Фотосуратлар ниҳоятда ҳаққоний ишланган бўлиб, биринчи президентнинг олмосдек ўткир ва эҳтиросли нигоҳи, юзида акс этган ички кечинмалари, унинг серқирра, дунёқараши кенг, узоқни кўра билиш қобилиятига эга шахс бўлганидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, бу суратларда Ислом Абдуғаниевичнинг сунъийликдан холис сиймосини кўришимиз мумкин. Шу боис ҳам биз Ислом Каримов ҳаётининг турли даврлари акс этган кўплаб оқ-қора суратларни яхлит альбомда жамлашга қарор қилдик. Суратлар Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки 25 йиллиги ҳақида сўзлайди», дейди Татьяна Акбаровна.

Фотоальбом кўргазмаси Ислом Каримов хотира ҳафталиги доирасида бўлиб ўтмоқда.

Фотоальбомдан жой олган оригинал фотосуратлар кўргазмаси бугундан бошлаб 12 кун давомида Фоточилар уйида кенг жамоатчилик учун намойиш этилади.