Йиллар ўтаверар экан… Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилганига ҳам 26 йил тўлди. Дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат пайдо бўлганига десак, тўғрироқ бўлади. Ҳур диёрда туғилган авлод бугун балоғатга етиб, ота-онасининг қўлидан ишини олди. Уларнинг фарзандлари дунёга келишга бошлади. Ҳаёт буюк келажак сари жадал одимламоқда. Дунёнинг ҳар ривожланиш босқичини босиб ўтган ва ўтаётган давлати каби, Ўзбекистон ҳам ўз ютуқларини мустаҳкамлаб, камчиликларини бартараф этиб, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг баралла сасига ва собит ўрнига эга бўлиб бормоқда.
Раҳматли Юртбошимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари сифатида фаолият бошлаган пайтга ҳам 28 йилга бориб қолди. 1989 йил 23 июнь… Айнан шу куни Ўзбек давлатининг мустақиллигини эълон қилиш насиб этган Юртбошимиз ўзини халқ учун, истиқлол учун, давлат ва миллатнинг ёрқин келажаги учун янада буюк ўлчамда сидқидилдан хизмат қилиш учун бел боғлади. Бу ўзбек халқининг бошига бахт қуши қўнган кун десак, кимгадир муболаға туюлиши мумкин. Лекин, Ҳақ таолонинг назари тушмаса, 30 миллионлик давлатни бошқариш насиб этмаслигини инкор этиш, Оллоҳни инкор этишдир.
Юртбошимизнинг ўшанда давлат тепасига келиши халқнинг бахти бўлганининг исботини бугун кўряпмиз. Аниқ чизилган келажак йўлидан оғмай давом этаётган, Шавкат Мирзиёев бошчилигида Каримов бошлаб берган йўлни давом эттираётган Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, маънавий қудратини, ўзбек армиясининг қувватини, мамлакат аҳолисининг, айниқса ёшларнинг илмий салоҳиятини, комиллик даражасини барча тан олмоқда. Қоғозда ёки оғизда эмас, амалда ўзбек давлатчилиги шаклланди, ривож топмоқда.
Каримов эмас, бошқа бир шахс 1989 йилда давлат бошига келганида, ёки Рафиқ Нишонов ўз вазифасини давом эттирганида нима бўларди??? Ҳаёт тўхтаб қолмас эди, албатта. Бир ярим аср Чор Россиясининг ҳамда мустабид тузумнинг мустамлакаси бўлиб, бошидан не-не азоб-уқубатларни кечирган ўзбек элини ХХ аср охирига келиб, ҳеч ким геноцидга маъруз тутиб, ёппасига қириб ташламасди. Аввал Оллоҳ, лекин бугунги доруломон кунларни кўришимиз даргумон эди. Сабаби…
Сабаби оддий: Евроосиёнинг геосиёсий ва геоиқтисодий энг аҳамиятли нуқтаси бўлган Ўзбекистон ҳудудига дунё “гегемонлари”нинг бўлган қизиқиши, тупроғимизни “катта ўйинлар”га саҳна қилиши муқаррар эди. Ўзбекистоннинг мустақиллик давридаги суверен ва изчил сиёсати нафақат Республикамизни, қолаверса, қўшни Марказий Осиё давлатларининг, минтақадаги бошқа мамлакатларнинг бугунги тинчлигини таъминловчи омил бўлди, десак, янглишмаган бўламиз.
Бугунги кунда чет эл ахборот маконида Ўзбекистонни қоралаш, мамлакатда олиб борилаётган сиёсатни камситиш, ҳукуматни обрўсизлантириш йўлида “жавлон ураётган” кучлар, “бугун ўзбек халқи тинчлик-омонлик, хотиржамликни ҳар нарсадан устун кўраётганини” танқид қилишмоқда. Барака топгурлар, яна нима инсон учун бундан афзал бўлиши мумкин? Пайғамбаримиз зикр қиладилар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”. Иқтисодий ислоҳотлар, таълимга берилаётган юксак эътибор, шаклланиб бораётган хусусий бизнес эгалари синфи ҳали кун келиб, ўзининг оламшумул меваларини беради, албат. Ўшанда Президент Каримовнинг оқилона сиёсати қайта-қайта эътироф этилади. Бугунги тинчлик ва омонлик ана ўша ёрқин кунларнинг дебочаси эканлигини тан олишни хоҳламаётганлар ёки хоҳлашига “рухсат” берилмаётганлар, ўзбек халқи тинч-хотиржам яшашини кўролмаётганлардир.
Ҳали собиқ иттифоқ таркибида туриб, ҳар грамм пахта учун калла кетаётган бир пайтда Президентимиз томонидан миллионлаб гектар ерни аҳолига томорқа сифатида бўлиб берилиши Ўзбекистоннинг мустақиллик арафасида ва Истиқлолнинг илк йилларида очарчилик комидан сақлаб қолганини кўрдик.
1991 йил декабрдаги Наманган воқеаларининг “ташкилотчилари” Каримовнинг водийдан кечиб юборишига ишончлари комил эди. Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида терроризм ўчоғи йиллар давомида гуриллаб ёниши мақсад эди. Аммо Юртбошимизнинг жасорат билан Наманганга келиши, барча режаларни чиппакка чиқарди. Жунбушга келтирилган оломонга шуур қайтди. Юрт бирлиги сақлаб қолинди.
Бозор иқтисодиётига ўтишнинг эволюцион, босқичма-босқич тамойили мамлакатнинг стратегик жабҳаларида давлат мулкчилик шаклини сақлаб қолди ва Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантиришнинг имкониятини таъминлади. Давлат ва хусусий мулкчилик шаклларининг тенгма-тенг ривожланиб бориши биринчидан ислоҳотларни амалга оширишда хусусий бизнеснинг эмас, давлатнинг ва аҳолининг манфаатларини биринчи ўринга қўйишга шароит яратган бўлса, иккинчидан ташқи спекуляциялар орқали мамлакат иқтисодий тизимини бировлар қўлига ўтишини имконсиз қилиб қўйди.
Ўзбекистон қарз олмаслик сиёсатини изчил сурдирди. Ўтиш даври раҳбари учун энг осони келажак авлодга “мерос” бўлиб қоладиган юқори фоизли кредитлар ҳисобига ўз мавқени ушлаб туришдир. Аммо “Фарзандларимиз биздан бахтли яшаши керак” тамойилини олға сурган Юртбошимиз иқтисодиётнинг тамалини мавжуд имконлар доирасида мустаҳкамлаш йўлини танлади.
Темур даврида мамлакатнинг бир чеккасидан бир боланинг бошига бир товоқ тилла танга қўйиб, йўлга чиқарилса, мамлакатнинг нариги чеккасига етиб олгунча битта ҳам камаймаганлиги битилган. Бугунги Ўзбекистондаги мавжуд тинчлик ва барқарорлик ҳолатида ушбу тажрибани қайта ўтказса, натижа айни бўлиши муқаррар.
Ўзбекистон бугун – диний бағрикенглик ривож топган мамлакат. Эътиқод эркинлигининг тўла таъминланганлиги нафақат аҳолининг кўпчилик қисмини ташкил қилувчи мусулмонларнинг, балки бошқа дин вакилларининг ҳам ўз ибодатларини тўла-тўкис адо этишларига имконият бермоқда.
Миллатлараро тотувлик юртимизда Ислом Каримов номи билан боғлиқ бошқа бир феномендир. Кўпмиллатли Ўзбекистонда миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик шаклланганлиги барчани бир мақсад, бир ният атрофида – буюк Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида бирлаштирди. Баъзи шовинист қарашлар эгаси бўлганлар каби, фақатгина Ўзбек миллатини олдинга сурмасдан, Ўзбекистон ватандоши бўлган ҳар бир инсоннинг ватани – шу тупроқ эканига, барча бирдай тенг ҳуқуқ эгаси эканлигига ишонтира олиш ва бу тенгҳуқуқлилик тамойилини амалда жорий этиш орқали раҳматли Юртбошимиз мамлакатда якдилликни шакллантирди. Ўтиш даврида бўлган давлатларга қарши хуружларнинг энг асосийлари миллатлараро ва динлараро низолар чиқариш эканлигини назарда тутадиган бўлсак, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бугунги тинч ҳаётимиздаги ролини ва ўрнини янада теранроқ англаб етамиз.
Ўзбекистон – хорижий инвестициялар оқиб келаётган давлат. Инвестор фойдадан ҳам аввал бош қотирадиган жиҳат бу – пул киритилиши мўлжалланаётган мамлакатдаги барқарорлик. Барқарорлик йўқ жойда тижорат ҳақида ўйлашнинг ўзи ахмоқлик. Демакки, хорижлик сармоядор интернетдаги Ўзбекистон ҳақидаги уйдирмаларга эмас, балки келиб, ўз кўзи билан кўрган реал ҳолатга ишонмоқда.
Юқоридаги фикрларим ўттиз икки миллионлик ўзбек халқининг қалбидан жой олган ҳақиқатлардир. Бу фикрларга қўшилмайдиган уч-тўртта бемазанинг бўлиши ҳам мумкин, албатта. Ҳотами той барчага бепул қўй улашганда ҳам норизо бўлганлар бўлган экан. Лекин, уларнинг норизолиги Ҳотами тойнинг сахийлигига соя сололмаганидек, Худо раҳматига олган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ўзбек халқига Оллоҳ насиб этган улуғ раҳбар, иноят бўлганидек ҳақиқатга ҳеч ким кўланка ташлолмайди!
Бугун раҳматли Ислом Каримов вафот этганларига бир йил тўлди. Куни кеча Тошкентда очилган Ислом Каримов ҳайкали ҳамда Мустақиллик байрами тадбирида у кишини юксак эҳтиром билан эсланиши ҳар биримизнинг қалбимизда биринчи Юртбошимиз абадий қолишини жаҳон афкор оммасига яна бир бор кўрсатиб берди.