Юлдузхон Раҳимбердиева Қўқон университетининг Мактабгача таълим йўналиши 3-курс талабаси. У бу йил Ислом Каримов номли давлат стипендияси соҳиби бўлди. Иқтидорли ва интилувчан талаба бўлгани боис Қўқон университетининг «Олтин фонд»идан жой олган. Унинг 10 га яқин долзарб мавзулардаги илмий мақолалари ва тезислари республика ҳамда халқаро журналларда чоп этилган.
Юлдузхон илм олиш, китоблар мутолаа қилишдан ташқари бадиий ижод билан ҳам шуғулланади. «Зулфияхоним издошлари» тўгарагида бадиий-публитсистик маҳоратини оширмоқда. «Шеърий гулдаста» номли сайланмадан қатор шеърлари жой олган. У олийгоҳда ташкил этилган «Заковат» клубида ҳам интеллектуал салоҳиятини намойиш қилиб келяпти.
— Келажакда эгаллаётган касбимнинг етук мутахассиси бўлишни мақсад қилганман. Университетда фанларни пухта ўзлаштириш билан бирга, амалиётда касбий кўникмаларимни оширяпман. Ҳар бир ютуғимда устозларимизнинг ҳиссалари катта. Бакалавр босқичини тамомлаб, таълим менежменти бўйича магистратурани Германияда давом эттириш мақсадидаман. Таълим соҳасида ҳориж тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистон таълим тажрибасини дунёга танитиш орзуим, — дейди Юлдузхон.