Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номини берилди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорида сўз боради.
Ҳужжатда халқимизнинг самимий тилаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида юқорида баён этилганидек, бир қатор объектларга Ислом Каримов номини бериш, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуасини барпо этиш, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатиш, Биринчи Президентимиз кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондига ҳам шу ердан жой бериш, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган. Вазирлар Маҳкамаси зиммасига Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш чора-тадбирлари режасини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқиш юклатилди.
Қарорга кўра бундан буён Ўзбекистонда ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь куни кенг нишонланади, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этилади. Ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритилади.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини жорий этиш, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш, Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркаларини чиқариш кабилар ҳам кўзда тутилган.
Ҳужжат Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 25 январида имзоланган. Унинг матни ЎзАда эълон қилинган.