Марафончи Яхшимуродов: “У кунларни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман” (фото+видео)

Эсингиздами, Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ўтказилган марафонда қорақалпоғистонлик марафончи Тошкентга пиёда келганди?

У Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний тумани, «Тинчлик» ОФЙда яшовчи Равшан Яхшимурадовдир. 2018 йил 30 апрел куни эрталаб Беруний туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиққанди. Пойтахтгача масофани (деярли 1200 км) пиёда босиб ўтган Яхшимуродов 12 кунда Тошкент шаҳрига етиб келган эди. У ўша кунларни шундай хотиралайди.

“2018 йилнинг баҳорида, буюк инсон, Биринчи Президентимизнинг хотираларига бағишлаб, “Каримов хотирасига ҳурмат” деб номланган юриш марафони ташкил қилдим. Ушбу марафонга бир йил тайёргарлик кўрдим. Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидан старт олиб, кунига 75 чақиримдан йўл босиб, 14 кунда Тошкент шаҳрига кириб келдим ва у киши фаолият олиб борган Оқсаройга келиб, ҳайкалларига таъзим қилиб ҳурмат бажо келтирдим. Омадим бор экан, мен мажмуага келган вақтимда Татьяна Акбаровна шу ерда эканлар. Мени қабул қилиб, марафон ташкил қилганим учун миннатдорчилик билдирдилар, китоб ва журналлар туҳфа қилдилар. Марафонни амалга оширганимга бир хурсанд бўлган бўлсам, Татьяна Акбаровна билан учрашганимдан икки ҳисса бахтиёр бўлдим. У кунларни ҳечам эсимдан чиқармайман”