1996 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Темурийлар тарихи давлат музейини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, Биринчи Президентимиз бу музей меъморий шакли, тузилиши ҳақида меъморлар, тарихчилар, ижодкорлар ва зиёлилар билан кенгашди. Ўшанда Ислом Каримов бу музей сарой ва тож шаклини ифода этиши, мамлакатимиз архитектура санъатида дурдона асар бўлиши кераклигини айтди. Қурилиш ишлари жадал бошланди. Президентимиз бу ерга тез-тез келар, музей қурилишидаги ҳар бир деталга қизиқиб, сўраб-суриштирар ва ҳар гал унинг меъморий ечимида ҳал қилувчи фикрларни айтар эди.