Кун тарихи: 21 март — Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун

Ўзбек замонавий шеъриятининг «Навоий»си деган таърифга лойиқ кўрилган шоир ижоди нафақат ўзбек, балки қардош халқлар, дунё китобхонлари қалбидан муносиб жой олган.

У 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Некўз қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. «Митти юлдуз», «Кўзларим йўлингда», «Онажон», «Руҳим», «Ўзбекистон», «Хотирот», «Юртим шамоли», «Юзма-юз», «Ҳайрат», «Нажот қалъаси», «Йиллар армони», «Ҳаж дафтари», «Муножот», «Сайланма», «Дунё», «Шоир юраги», 4 жилдлик «Танланган асарлар» ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. «Жаннатга йўл», «Соҳибқирон» достонларини ёзган.
Дантенинг «Илоҳий комедия»сини, А.Некрасов, Л.Украинка, Т. Шевченко, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи.

Хотира

Абдулла Орипов: “Ислом ака ҳақиқатдан ҳалол ва покиза инсон эди. Юқори мансабдорлар орасида юлғич ва порахўр кимсалар совет дарвида ҳам кўплаб топиларди. Тошкентдан вилоятларга бориб ишлаб қайтган амалдорлар қайтишида катта катта мошиналарни тўлдириб, қимматбаҳо бойликлар билан қайтишарди. Тўплаган бойликлари тоғдай бўларди. 

Аммо Ислом Абдуғаниевич Қашқадарёда энг юқори биринчи мартабали раҳбар бўлиб ишлаб, Тошкентга ҳеч вақосиз қайтиб келганди. Менинг Суюн деган жияним Ислом Каримовнинг шофёри эди. Ўша менга ҳаммасини рўйи-рост айтган. Ислом Абдуғаниевич қашқадарёликлар билан хайрлашиб чиққанида қўлида иккита майка, иккита кўйлак, битта туфли солинган сумкадан бошқа ҳеч нарса бўлмаган. Ислом ака билан ҳамиша бирга бўлган шофёр жияним Суюн буларнинг ҳаммасидан воқиф эди.
Ислом Абдуғаниевич бойликка, пулга ружу қўймаган, таъмагирликка, порахўрликка қарши курашган, халқ ва миллат дарди билан яшаган фидоий ва мард, ҳалоллик тимсоли”.

Бир хабар тарқалди,
Ярим тун эди,
Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.
Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.

Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки, на чегараси бор.

Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.

Биз – ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.

Биз – ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.

Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.

Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.

Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.