Ўтган асрнинг 80-йилларида Наврўз байрамига борадиган йўллар бир муддат тўсиб қўйилгани ёдга тушади. Йўқсилларни бирлаштириш ҳақидаги сохта ғоялари билан дунёга жар солган собиқ тузум «баковуллари» аслида халқимизни миллий ўзагидан ажратиб, бойликларимиздан узоқ вақт фойдаланишни кўзлагани, шу йўлда ҳатто тарихга қарши боргани аччиқ ҳақиқат. Ўша вақтлар неча мингйиллик байрамимиз – Наврўз ўзининг миллий мазмун-моҳиятидан узоқлаштирилиб, шунчаки, чигит экишга киришиш тадориги сифатида тарғиб-ташвиқ қилинган. Унинг ўрнига сохта тантана – «Навбаҳор»ни жорий қилишга уринишлар бўлган. Бироқ халқимиз кўнгли ва эътиқоди осмондан тушгандай пайдо бўлган бундай сохта ҳашамларни қабул қилмаган.
– Наврўз тақиқланган йили юпун-оч бўлсак ҳам адирда сайил қилмоқчи бўлдик: сумалак қайнаётган катта дошқозон ёнида самоварга ўтин ташлаб ўтиргандим, – деб эслайди олтмишдан ошган ангорлик Йўлдош Насимов. Ўша суронли кунлар ҳақида айтиб берган бир воқеани эсга солади. Бу инсон доим эл-юрт тўй-маъракасида чой қайнатган экан.
– Тумандан уч-тўрт «шляпали катталар» келиб, «тарқалинглар, эрта-индин колхоз идорасида «Навбаҳор» байрамини нишонлаймиз», деди. Одамлар кўнмагач, улардан бири дошқозонни ағдарди, самоварни тепди. Унга қаршилик қилгандим, колхозимиз раиси юзимга шапалоқ тортиб юборди. Йиғладим. Айниқса, раиснинг мансаб учун халқ ёнини олмагани менга алам қилди. Шукр, кўп ўтмай, халқимиз ёнини оладиган Йўлбошчи майдонга келди, адолат тикланди. Юзимдаги излар-ку кетди, лекин юракда бир чандиқ қолди-да…
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан, ҳали собиқ тузум тушовлари ечилмаган бир пайтда, 1990 йил 21 март куни Наврўз байрами юртимизда кенг нишонланди, узлуксиз телемарафон ташкил этилди. Юртдошларимиз ўша кунни қанчалар орзиқиб кутгани байрам шукуҳи муҳрланган телевизион ва босма материалларда ўз ифодасини топган.
1990 йил 3 май куни яна бир тарихий ҳужжат – «Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида»ги фармон имзоланди. Унга кўра, 21 март – юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинди.
1991 йил 21 март куни Биринчи Президентимиз Ўзбекистон халқига байрам табригини, ҳарбий қисмларда хизматни ўтаётган йигитларимизга Наврўз саломини йўллади. Жамиятга хавфли бўлмаган енгилроқ жиноятлари учун қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар афв этилди.
Буларнинг барчаси – эзгулик, олижаноблик, инсонпарварлик ифодаси бўлган Наврўзнинг яна халқимизга қайтганидан далолат эди.
Умид Ёқубов,
журналист