«Ўткан кунлар» романининг инглиз тилидаги нашри тақдимоти (фото)

18 январь куни соат 19:00 да International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Абдулла Қодирий қаламига мансуб «Ўткан кунлар» романининг инглиз тилидаги нашри тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзбек миллий романчилиги мактабининг илк намунаси саналган асар Каримов фонди томонидан таржима қилинди ҳамда Франциядаги номдор Ноувеау Monde Editionс нашриётида чоп этилди.

Роман таржимаси тақдимоти Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллигига ҳамда фонднинг ноширлик йўналишидаги ўн биринчи лойиҳаси якунига бағишланади.

Асар таржимаси 30 дан зиёд бадиий асарларни таржима қилган британиялик адабиётшунос Керол Ермакова томонидан амалга оширилди. Таржима таҳририни Жули Уикенден бажарди. Ушбу нашр бадиий безак суратлари таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов томонидан ишланди.

Абдулла Қодирийнинг ижодий мероси ҳақида, афсуски, ҳорижий китобхонлар етарлича хабар топмаган. Шу нуқтаи назардан, Каримов фонди «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилиб чоп этишга аҳд қилди ҳамда ўзбекистонлик ёшларга мос равишда асарнинг совғабоп нашрини лотин алифбосида ҳам нашр этди.

«Тарихий давр, турфа қаҳрамонлар тақдири, характери ва ҳаёт тарзини юксак ижодий маҳорат билан, батафсил тасвирлаган муаллиф ўз асарига умрбоқийлик бағишлади, келгуси авлодларга ҳам ота-боболари кечмиши билан яқиндан танишиш имконини туҳфа этди», – дея таъкидлайди Каримов фонди раҳбари Лола Каримова-Тиллаева асарнинг инглиз тилидаги нашрига бағишланган мурожаатида.

Каримов фонди ноширлик йўналишидаги фаолияти доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини кенг ёйишни мақсад қилган. Бу борада Фонд маданий-маърифий ва илмий манбалар, шу жумладан, миллий маданият, санъат, илм-фан, таълим соҳаларидаги замонавий ютуқларга бағишланган асарларни чоп этишга кўмаклашади. Ўзбек адабиётини жаҳонга танитиш мақсадида миллий адабиётимизнинг пешқадам вакиллари асарларини таржима қилиш ва чоп этиш ҳам фонднинг ноширлик борасидаги вазифалари сирасига киради.

Мазкур йўналишда ҳам миллий адабиётимизнинг мумтоз намояндалари, ҳам замонавий адиблар ижодига эътибор қаратилади. Шу билан бирга, фонд ёш ижодкорларга кўмак кўрсатади ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.