Мамлакатимизнинг ҳам яқин келажак, ҳам стратегик истиқболдаги тараққиёти учун зарур ҳуқуқий пойдевор яратган Конституциянинг қабул қилиниши сиёсий ва иқтисодий барқарор
ҳамда осойишта Ўзбекистон давлатини бунёд этиш йўлида муҳим омиллардан бири бўлди.
Мамлакатимизда давлат мустақиллиги эълон қилингач, мураккаб иқтисодий, ички сиёсий ҳамда халқаро вазиятга қарамай, тарихан қисқа фурсатда мустақил Ўзбекистон Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича кенг кўламли ҳамда машаққатли ишлар амалга оширилди.
Ёш давлатнинг Асосий қонунини ишлаб чиқиш бўйича комиссияга бошчилик қилган Ислом Каримов бу борада Ўзбекистонни мустақил, суверен ва дунёвий давлат сифатида намоён этиш асосий мезон бўлмоғи лозим, деб ҳисоблар эди. Шу билан бирга, миллати, эътиқоди ва ижтимоий мақомидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши Конституция асосини ташкил этиши бош мақсад этиб белгиланди.
Ислом Каримов Конституция матнини ёзиш жараёнида АҚШ, ГФР, Япония, Канада, Франция, Португалия, Италия, Швеция, Туркия, Испания, Ҳиндистон, Покистон, Миср каби мамлакатларнинг Асосий қонунларини шахсан ўзи батафсил ўрганиб чиқди. Биринчи Президент мазкур маълумотларни юрак ва идрок чиғириғидан ўтказиб, мамлакатимиз учун энг мақбулларини танлади. Изланишлар асносида шаклланган конституциявий тажриба эса Ўзбекистон Республикаси Асосий қонуни устида ишлаш жараёнида асқотди.
Конституция комиссияси аъзоси Шавкат Ўразаев шундай хотирлаганди: “Ислом Абдуғаниевич лойиҳани ипидан игнасигача билиб, унга ўз қўли билан тузатиш ва ўзгартиришлар киритди. Бу билан эса у тиришқоқлик, зукколик ва донолик намунасини кўрсатди. Президент ўзига нисбатан ғоят талабчан эди. У жуда залворли вазифани ўз зиммасига олиб ярим тунга қадар ишлар эди”.
Конституция лойиҳаси уч ой давомида умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Муҳокама даврида комиссия томонидан 6000 дан зиёд таклиф кўриб чиқилди.
1992 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон Олий Кенгаши мазкур тарихий ҳужжатни қабул қилди.