Фарғонада Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фото-кўргазма ташкил этилди

Ислом Каримов номидаги республика хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи кўргазмалар залида Буюк давлат ва сиёсат арбоби, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг  ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ташкил этди. 

Қайси давлат тарихига назар ташламайлик, халқнинг дарди, миллатнинг туйғуси, унинг орзу-интилишлари, ўз элини мустақиллик деган бир улуғ неъматга олиб боришга қодир бўлган буюк шахсларни табиатнинг ўзи инъом этади. Замонамизнинг ана шундай буюк шахсларидан бири сифатида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни юқорида келтириб ўтилган буюк шахсларга, улуғ сиймоларга қиёсласак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон халқининг 27 йиллик босиб ўтган йўли, буюк алломаларни улуғлаш мақсадида қурилган ёдгорлик-мажмуалари, маънавият сарчашмалари, маданий меросимиз намуналари акс этган фотосуратларда Биринчи Президентимиз гавдаланади.

Ушбу тадбиримиз Мустақаллигимиз байрами кунлари ҳамда ҳар йили 2- сентябрдан 8- сентябргача бутун республикамиз бўйлаб музейлар ҳафталигига ҳамоҳанг тарзда бўлиб ўтиши ёшларни маданий-маънавий меросимиздан баҳраманд этади,-дейди музей директори Баҳодир Ҳошимов. Ушбу жараёнга вилоятимиз музейларида ўзига хос тайёргарлик кўрилди. Ўқув йилининг дастлабки кунларданоқ музейларда вилоятимиз умутаълим мактаблари, коллежлар, академик лицей ўқувчилари, олий таълим ўқув юртлари талабалари учун мустақиллик дарслари ўтилади. Бу кўргазма улар билимини янада мустаҳкамлайди. Шу куни музей залларидаги экспонатлар ва кўргазмалар бўйлаб экскурсиялар ташкил этилади.

Фотокўргазма  шу йилнинг 27 сентябргача давом этади.