Хизмат сафари билан Қашқадарёга борганимизда Қарши шаҳридаги нуфузли мактаблардан бирида кўп йиллар меҳнат қилиб нафақага чиққан Адолат Ҳусанова қизиқ бир воқеани айтиб берган эди. Ўша эшитганларим хотирамнинг туб-тубида ҳануз шуъла таратиб туради.
– Ўтган асрнинг саксон еттинчи йили эди, – дея ҳикоясини бошлади у, – бошланғич синфларга сабоқ берардим. Вилоят раҳбари Ислом Абдуғаниевич Қарши шаҳридаги таълим муассасалари фаолияти билан танишиб юрибди, деган мазмундаги хабар тарқалди бир куни. Албатта, ҳаммамиз сергак тортдик. Ўшанда…
Ҳа, ўшанда Ислом Абдуғаниевич уларнинг мактабига ҳам ташриф буюрди. Адолат Ҳусанова учинчи синфда машғулот олиб борарди. Бир пайт вилоят раҳбари уч-тўрт масъул ходим билан худди шу синфхонага кириб келди.
– Қайси фан бўйича дарс ўтяпсиз ҳозир? – деб сўради Ислом Абдуғаниевич ҳаяжонли, қизғин салом-алик маросимидан сўнг.
– Болаларга «Кенжа ботир» эртагини уй вазифаси сифатида тайинлагандим. Шу бўйича машғулот ўтяпмиз. Вилоят раҳбарининг юзига табассум югурди.
– Жуда ажойиб эртак. Ҳамма ўқиган бўлса керак, шундайми?
– Ҳа, ўқидик! – дея жўр овозда сўровга жавоб берди болалар.
Ислом Абдуғаниевич ёнидаги масъул шахсларга юзланди.
– Сизлар-чи, ҳурматли раҳбарлар, шу эртак сизларга ҳам танишми?.
– Ҳа, биламиз, биламиз… – деб улар ҳам бош ирғашди.
– Кенжа ботирнинг олдидан уч йўл чиқади, борса қайтар, борса хатар, борса келмас, шундайми, – дея вилоят раҳбари ҳаммага бир-бир кўз ташлади. – Кенжа ботир улардан бирини танлайди, адашмадимми?
– Худди шундай, адашмадингиз! – деб баралла қичқиришди болалар. Ислом Абдуғаниевич муаллимага юзланди.
– Масалан, сиз қайси йўлни танлаган бўлардингиз?
– Менимча… Кенжа ботирнинг танлови… ҳаммамиз учун сабоқ, – деди Адолат Ҳусанова ҳаяжондан товуши титраб.
– Сизлар-чи, болалар, – деб ўқувчиларга мурожаат қилди Ислом ака, – устознинг гапларига қўшиласизми?
– Ҳа, қўшиламиз, у тўғри йўл танлаган!
Масъул шахслар ҳам ўзларича шу жавобни маъқул кўришди. Ислом Абдуғаниевич атрофдагиларга бироз ўйчан, бироз синовчан нигоҳ ташлаб турарди. Бир пайт ўрта партада ўтирган маҳмадона бир бола ирғиб ўрнидан турди.
– Домилла, сиз-чи? Ўзингиз қайси йўлни танлаган бўлардингиз?
Кутилмаган бу сўровдан масъул ходимлар тахтадай қотиб қолишди. Муаллима «беодоб» болага танбеҳ беришга чоғланди. Аммо Ислом Абдуғаниевич ишора билан уни тинчлантирди ва парталар бўйлаб юриб ўша боланинг ёнига борди. У кишининг юзида майин бир табассум кезиниб турарди.
– Мен қайси йўлни танлашимни айтайми? – деди ҳалиги боланинг сочларини силаб қўяркан, – мен ҳеч бирини танламасдим. Қўрқинчли, қалин ўрмон оралаб ўз йўлимдан кетардим…
– …Бу кутилмаган жавобдан ҳаммамиз завқ-шавққа тўлдик, – дея ҳикоясини якунлади Адолат Ҳусанова, – беихтиёр қарсак чалиб юбордик. Ўша воқеани тез-тез эслаб тураман. Ҳар эслаганимда доимо бир ҳақиқатга иқрор бўламан. Биз ўқитувчилар йиллар давомида бериб-беролмайдиган сабоқни Ислом Абдуғаниевич уч-тўрт дақиқа ичида болаларнинг онгига жойлаган эди. Ўша ўқувчиларнинг деярли барчаси кейинчалик ҳаётда ўз йўлларини топиб катта мутахассислар бўлиб етишди.
Ҳа, муаллима опанинг айтганлари айни ҳақиқатдир. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз йўлидан бориб мамлакатимизни ҳам ўз тараққиёт йўлига олиб чиқди. Дунёга танитди. Бунга шак-шуҳба йўқ.
ЛУҚМОН БЎРИХОН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи
Манба: mustaqillik-asoschisi.uz