Бир вақтлар, Шўро давлати таркибида бўлганимизда муаллифлик ҳуқуқи бўйича халқаро анжуманларда қатнашишимга тўғри келган. Африкадаги, бизнинг каттароқ қишлоғимизга тенг келадиган айрим давлатчалар Америка билан теппа-тенг овоз берарди. Биз эса, гўёки ҳеч ким эмасдик, шўроларнинг умумий қозонида қайнардик, холос. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин хорижга бирор халқаро машваратга борадиган бўлсак, ўз элчихонамиз вакиллари кутиб оладиган бўлди. Ўзбекистон элчихонаси менинг ўз уйимдир. Буни бошдан ўтказган билади.
Ислом акада башоратгўйлик – мантиқий равишда келажакни кўра билиш қобилияти бор эди. Бу мистика эмас, илмий иқтидор. У киши: «Бир иш қилсанг, вазиятдан қандай чиқиш йўлини ҳам ўйлаб қўйгин», – дер дилар.
Парвардигор бу зотга ҳамма соҳада буюк қобилият ато этган эди ва бу ҳол ҳар қадамда сезиларди. Мустақил юртимиздаги барча бунёдкорлик ишлари, улуғ боболаримизга қўйилган ёдгорликларнинг ҳаммаси Ислом аканинг ижод маҳсули, десак, хато бўлмайди. Масалан, Қарши шаҳридаги «Эл-юрт таянчи» монументи Юртбошимизнинг ғояси асосида бадиий қиёфа касб этган.
Ислом Каримов бозор иқтисодиётига ўтишнинг «ўзбек модели»ни яратган тенгсиз ислоҳотчи эди. Амир Темур бобомизнинг она Ватанига қайтишида жиловбардорлик қилиб, пойтахтнинг қоқ марказида маҳобатли ҳайкал қўйган, бунёдкорлик соҳасидаги ишларига ворислик қилиб, ўз салоҳиятини жаҳон миқёсида намоён этган беназир меъмор ҳам эди. Энг муҳими, бугун бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз тўла-тўкис аён бўлди.
Ислом ака улуғ инсонпарвар шахс эди. Ҳатто шўролар замонида, Қашқадарёда вилоят раҳбари бўлиб турганларида, «пахта иши» бўйича ноҳақ қамалганларни жасорат билан ҳимоя қилди, уларнинг оилаларига ҳар тарафлама ёрдам кўрсатди. Бунга мен ўзим гувоҳман.
Биринчи Президентимизнинг энг олий мақсади – мамлакатимизни тараққий этган давлатлар қаторига кўтариш эди. Мен ҳам қадим юртим Ўзбекистоннинг бугунги жамолини кўриб, беҳад қувонаман. Уни ёмон кўзлардан асрагин, деб Парвардигорга илтижолар қиламан. Ўтган 25 йил мобайнида юз берган тарихий ўзгаришлар, тарихий тараққиёт, бунёдкорликлар фикримга яққол далил бўла олади.
Маънавиятсиз ҳаёт – юлдузсиз тундир. Ислом Каримов маънавиятни «енгилмас куч» деб атади. Биз бугун маънавий юксакликнинг олтин зиналарига қадам қўя бошладик.
Ислом ака биз айтиб улгурган ва улгурмаган барча фазилатлари, рўёбга чиқарган улуғ ишлари, тарихнинг ғоят қисқа даврида кўрсатган юксак жасорати билан келгуси авлодларимизга ҳамиша буюк ибрат тимсоли бўлиб қолади, иншооллоҳ.
АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, 2016 йил
«ЁДИ ҲАМИША ЁДДА» тўпламидан