«Оллоҳ – қалбимизда, юрагимизда»

Даҳрийлик, худосизлик ғоясини кенг тарғиб этиш, иттифоқдош республикаларнинг диний-миллий қадриятларига қарши аёвсиз кураш собиқ Иттифоқ даврида давлат мафкурасининг асосини ташкил этар эди. Сталин қатағонлари даврида минглаб уламолар, жумладан, тараққийпарварлик ва мўътадил ислом ғояларини илгари сурган жадид маърифатпарварлари ҳибсга олиниб, қатл этилди.
Шўро давлатининг ушбу сиёсати анъанавий маданиятнинг инқирози, кўп асрлик ахлоқий қадриятларнинг унутилиши ва ўтмиш билан маънавий-руҳий робитанинг йўқолишига олиб келди. Ҳукмрон мафкура ўзбек халқининг муқаддас ислом дини билан чамбарчас боғлиқ бўлган миллий қадриятларини йўқотишга зўр берди. Ушбу қадриятларни сақлаб қолиш йўлидаги ҳар бир уриниш эса шафқатсиз жазоланди.
Бошига мусибат тушган хонадон аҳлидан ҳол сўраб келган одамларнинг Қуръон тиловат қилиб, фотиҳа қилишга-да юраги дов бермасди. Давлат хизматчилари ҳатто ота-онасининг жанозасида қатнаша олмасди, бунга журъат қилганлар ишдан ҳайдаларди, сазойи қилиб партия сафидан чиқариларди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида – мустақиллик эришиш остонасида халқимиз жуда мушкул бир вазиятда қолган эди. Одамлар ўз асл илдизини таниш, исломий билимларни, демакки, ота-боболари илмий меросини ўрганиш орзусида, аммо ҳукмрон мафкура бунга йўл бермас эди. Одамлар чанқоқ, лекин ичишга сув тополмас эди гўё. Вазиятни жуда яхши билган, халқ дардидан воқиф раҳбар Ислом Каримов Ўзбекистонни истибдоддан истиқлол сари бошлаб, мамлакатни мустақил деб эълон қилган илк кезларданоқ миллий ўзликни англаш, диний қадриятларни тиклашга асосий масалалардан бири сифатида эътибор қаратди, миллий-диний қадриятларни қайта тиклашга кенг йўл очди.
Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимиз иқтисодий қийинчиликлар гирдобида қолгани сир эмас. Аммо ўша мураккаб синов дамларида ҳам Биринчи Президентимиз маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу йўлда улкан маблағлар ажратди. “Тарихий хотираси бор инсон – иродали инсон. Такрор айтаман, иродали инсондир. Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди”, – деган эди Ислом Каримов.
Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба – ҳадис тўпламини яратган, хизматлари бутун Ислом оламида эътироф этилган имом ал-Бухорийнинг мақбараси шўро даврида вайрон этилиб, қабр ёнидаги масжиддан кимёвий моддалар сақланадиган омборхона сифатида фойдаланилар эди. Турбат атрофидаги қишлоқ ҳам хароб аҳволда эди. Имом Бухорий, шунингдек, Абу Мансур ал-Мотуридий, Ҳаким ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби кўплаб табаррук сиймоларнинг мақбаралари обод этилгани, таваллудлари нишонлангани эса тарихий адолатнинг тикланиши бўлди.
1998 йили ЮНЕСКО шафелигида имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий тақвим бўйича 1225 йиллиги кенг нишонланди.


Мустақиллик даврида Қуръони каримнинг бир неча маънолар таржимаси дунё юзини кўрди. Шу тариқа халқимиз асрлар оша эътиқод қилиб келган ислом динининг бирламчи манбасини ўз она тилида ўқиш бахтига муяссар бўлди. Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ ватандошларимизнинг ҳадис китоблари ўзбек тилида чоп этилди. Ислом динига оид минглаб китобу рисолалар нашр қилинди. Биргина марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ёзган китоблар жамланса, бир кутубхона бўлиши мумкин.
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан минтақада илк бор Ислом университетига асос солинди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа ўрта махсус ўқув юртлари фаолияти кенгайтирилди.
Истиқлолга қадар юртимиздаги масжидлар ўта аянчли аҳволда эди. Бутун мамлакат бўйича бор-йўғи саксонга яқин масжид бўлиб, уларнинг аксари нураб бузилаёзганди. Кейинги чорак аср ичида мамлакатимизда юзлаб янги масжидлар бунёд этилди. Биринчи Президентимиз, алалхусус, Тошкентда маҳобатли Ҳастимом мажмуаси ҳамда “Минор” жомеъ масжиди қурилишига ўзи бош-қош бўлди.
Муқаддас Ҳаж амалини адо эта олмай армонда ўтиб кетган ота-боболаримизни асло унутиб бўлмайди. Собиқ Иттифоқ даврида кўп миллионли мусулмонлар яшайдиган Ўрта Осиёдан атиги икки-уч киши Ҳажга юборилган. Ҳозир эса ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра амалларини адо этаётир.
Юртбошимиз 1992 йили мамлакатимизнинг бир қатор масъул раҳбарлари ҳамроҳлигида Маккаи мукаррамани зиёрат этган эди. Ўшанда Саудия Арабистони Подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Фаҳд бин Абдулазиз Юртбошимизга юксак ҳурмат кўрсатади. Ўзбекистон раҳбари Каъбанинг ичида ибодат қилишга муяссар бўлади. Қолаверса, мезбон юксак мартабали меҳмонга Кисва – Каъба ёпинчиғининг бир бўлагини ҳадя қилади. Унга тилла ип билан “Оли Имрон” сурасининг 97-ояти ёзилган эди. Юртбошимиз кейинчалик табаррук ҳадя – каъбапўшни Имом Бухорий мажмуаси музейига тақдим этади. Бу эса ҳамиша “Оллоҳ – қалбимизда, юрагимизда” дея таъкидлаган, мустаҳкам эътиқодли раҳбарнинг буюк муҳаддисга ва барча улуғ алломаларимизга эҳтироми ифодаси эди.