Оламнинг ишлари ғалат. Кечагина тасаввур ҳам қилиш мумкин бўлмаган гаплар бугуннинг ҳақиқатига айланса-я!
“Америка овози”нинг сиёсатдон журналисти, дилбар аёл Навбаҳор Имомова билан бир кун мириқиб суҳбатлашдим, ҳатто “дардлашдик”. Президентлар Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев портретига чизгилар изладик. Одамлар тақдири, журналист қисмати ва албатта сўз эркинлиги меъзонлари хусусида бахслашдик.
Бугун бир пайтлар Ўзбекистонда телевидение раҳбари бўлиб ишлаган ҳозирда Америкада яшаётган Жаҳонгир Маматов билан фейсбук “тили”да бўлсада самимий ҳоллашдик. Жаҳонгир яхши ният билан Ўзбекистонда учрашишимизни тилади. Ҳеч бир мавзуда баҳслашмасак ҳам бир-биримизни тушунгандек бўлдик.
Пахлавон билан ББС мухбирлик бўлимининг очилиши, ўзбек ТВсида хориж хабарлари лойиҳаси ҳақида фикр алмашдик.
Буни қарангки, яқиндагина бизлар гўё баррикаданинг икки томонида тургандек ҳис қилар эдик ўзимизни.
Кечагина вилоят ҳокимининг ТВ га интервью бериши мумкин бўлмаган воқеа деб тушунилар эди. ХПК туфайли журналист Фарғона вилоятининг билимдон, лекин тезоброқ (у афғончи бўлгани ва сариқдан келгани учунми, тез жаҳли чиқади) ҳокими Шухрат Ғаниевни роса бир соат тўғридан тўғри эфирда саволларга тутди, “терлатди”.
Рўзадорлар учун ташкил этилган ифторликда вилоят ҳокимидан тортиб барча кучишлатар тизим (шу жумладан МХХ ҳам) раҳбарлари қўлларини кўксига қўйиб номозхонларни Фарғонадаги энг ҳашаматли Ислом Каримов номидаги санъат саройига таклиф қилдилар ва у ерда азон чақирилиб, саф тортиб шом намози адо этилди…
Замон бунча тез ўзгармаса-а?!
Бугун Лола Каримова (Тиллаева) дугонаси номидан Ислом ака ҳаётининг сўнгги соатлари ҳақида хотира эълон қилибди. Ишончим комил, уни кўпчилик ўқиди. Буюк инсонлар ҳақидаги хотиралар шубҳали эмас, фақат ва фақат воқелик хақиқатига асосланган бўлиши лозим деб ҳисоблайман. Ишонаманки, ҳали шундай хотиралар албатта ёзилади, эълон қилинади.
Менга тақдир илтифот кўрсатиб бу улуғ зот ёнида бир неча йил давомида телемухбир сифатида ҳамроҳ бўлиш насиб этди. Билмадим, яна қайси мухбирнинг исмини айтиб чақирган, лекин Ислом ака ҳар доим “Муҳаммаджон, ..” дея саволга, суҳбатга тутар эди мени. Биринчи марта шундай бўлгандаёқ Президентнинг менга бўлган самимий, ишончли муносабати унинг атрофидаги Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарларига ёқмаслигини сезганман. Аниқроғи “сездиришган”. Ҳали пахта, ғалла далалариди, қурилиш майдонида, саноат корхонасида бўладими, Ислом ака бир-бир атрофидагилар орасидан мени кўз қараши билан излаб топар ва яна исмимни айтиб мурожаат қиларди. (Бу лаҳзалар ўнлаб видеотасмаларда сақланиб қолган) Бу унутилмас учрашувлар, суҳбатлар, тарихий воқеалар ҳақидаги сатрларни чоп этиш вақти ҳам келиб қолар… Лекин мен шундай қутлуғ кунларда бу инсондаги ўзгалар фикрини тинглаш, агар таклиф асосли бўлса, унга қўлоқ тутиш фазилати ҳақида ўз ҳаётимда кўрганларимни ўртоқлашмоқчиман.
Ислом Каримов хориж радиолари, айрим “хуқуқ ҳимоячилари” тасвирлагандек асло худбин раҳбар эмасди. Тўғри, қабул қилган қарорини муҳокама этишларини ёқтирмас эди. Лекин унгача Сизни тинглаш, фикр айтсангиз уни муҳокама қилишга хайрихоҳлиги бўлган.
Эсимда. Шоҳимардонни сел олиб катта фожеа рўй берди. Воқеликнинг эртасига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, икки кундан сўнг Президент Шоҳимардонга келдилар. Мен ҳар галгидек уларга хамроҳлик қилардим. Жуда таранг воқеалар ҳам рўй берди, ўша куни. Бу бошқа мавзу.
Президент қайтадиган самолётда мен ҳам бор эдим. Ҳали самолёт кўтирилмай туриб, Ислом Каримов мени хонасига (самолётнинг олд қисмида шундай махсус жой бор) чақиртирди. Кейин ортимдан Президентнинг матбуот котиби кириб келди. Президентни ҳеч қачон бу аҳволда кўрмаган эдим. Юрагимни қўрқув босди.
— Ўтир,-деди у жаҳл билан. – Шоҳимардонда шундай фожеа рўй берибди-ю менга бу ҳақда ўз вақтида айтишмади. Мен Президент бўла туриб 114 нафар фуқаро ҳалок бўлсада мамлакатда мотам эълон қилмасдан бу ерга икки кун ўтиб келдим!
Ислом Каримов олдидаги журнал столига ғазаб билан бир мушт урганди у синиб кетди.
— Уларни-ку ҳали баҳосини бераман, сен-чи, сен нега ўз вақтида хабар бермадинг?!
Мен, аксинча ўзимга келдим. Қўрқув тарк этди.
— Шоҳимардонни сел олган тунда соат иккиларда воқеа жойига етиб келдим. Лекин тасвирга туширишни тақиқладилар. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари етиб келсин, у рухсат бергандан сўнг тасвирга оласан, дедилар.
— Ким айтди?!
— …
— Сендан сўраяпман, ким айтди?!
Мен жавобдан қочдим.
— Шунга қарамай яширинча тасвирга туширдим. Лекин ахборотни юборишга қўймадилар. Бош вазир ўринбосари эса эртасига келди, чунки ўша куни у Сиз билан Самарқандга борган экан…
Шундай дейишимни биламан, Президент яна бир бор столни муштлади. Энди у бутунлай синиб тушди.
— Атрофимдагилар хақиқатни гапирмаса, Сен вақтида телевизорда кўрсатмасанг, мен хақиқий аҳволни қандай билай, гапир!!!
Хали-хали ўша воқеани эслаб Ислом акага қанчалар қийин бўлганига такрор ва такрор иқрор бўламан.
Биз ўшанда Ислом ака билан узоқ суҳбатлашдик. Бир пайт менга қараб:
— Ие, нега тек ўтирибсан, ёзиб қўй бу гапларнинг ҳаммасини. Вақтлар келар, ўшанда эълон қиласан, одамлар билсин, Шоҳимардон учун Президент қанчалар изтиробда қолганини, атрофидагилар унга хиёнат қилганини, ёз, ёз.
Ён дафтарим самолётдаёқ тўлаёзди.
Самолёт Тошкентга қўнди, чамаси 15 дақиқа ўтди ҳамки, изтиробли суҳбат тугамасди.
— Мен кимга ишонай? Қобилжон саккиз ойдаёқ қочиб кетди. (Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Қобилжон Обидовни назарда тутарди президент) Фарғона вилояти ҳокими Мўминовни… тавсияси билан қўйгандик. Ишончни оқламади,-деди Президент. Кейин менга бироз тикилиб турди-ю,
— Сен айт, Фарғонага кимни ҳоким қилиб қўйсак иш юради?
Мен индамадим. Ислом ака такрор сўради.
— Сендан сўраяпман, ким Фарғонага ҳоким бўлса шу оғир вилоятни эплайди?
Мен яна индамай туравердим. Қолаверса матбуот котиби оёғимни босиб қўйди. Бу “гапирма” дегани эди.
— Ие, сен Фарғонани биласан деб сўраяпман, нега жим турибсан?
Бу гал сабрим чидамади. Вилоятдаги вазият, раҳбар кадрлар ҳақида ўзим билган ва тўғри деб ҳисоблаган фикрларни очиқ ойдин тўкиб солдим. Ва охирида:
— Менимча, Алишер Отабоев Сизнинг талабингизга жавоб берадиган раҳбар бўла олади,-дедим.
Матбуот котиби бу гал оёғимни оёғи билан қаттиқ босди. Оғриқдан панжаларим зирқираб кетди.
Президент бир оз ўйланиб қолдида, ўрнидан туриб йўлакка чиқар экан:
— Кўрамиз, -деб қўйди.
Трапдан тушдик. Ислом ака машинасига ўтириётиб яна мени олдига чақирди.
— Фарғонага қайтиб борасанда Жўрабековдан интервью оласан. Энди халққа хаммасини ўзи тушунтириб берсин!
Мен яна тазйиқ ва сўроқ-савол остида қолдим.
— Сен кимсанки, Президентга отделкадрлик қиласан!-дейишарди дағдаға билан.
Бу воқеага гувоҳ бўлганлардан ташқари (улар ҳозир ҳам амалда) яратган ҳам шоҳид. Мен маслаҳатчи ҳам, отделкадр ҳам эмасдим. Президентнинг қистовли саволига ноилож ўйлаганимни айтиб жавоб бердим холос.
Аммо …орадан кўп ўтмай Фарғонада бўлган ташкилий сессияда Президент вилоят ҳокимлигига Алишер Отабоев номзодини таклиф этди.
Бу каби суҳбатлар Қувада Ахмад ал-Фарғоний рамзий қабр тоши ўрнига хайкал ўрнатилиши, Андижонда Миср дон уруғларини синаб кўриш, Фарғона шаҳридаги шўролар даврида қўйилган аёл ҳайкалини олиб ташлаш, Чимён куркачилик фабрикасига бориш, Кремлдаги Георгий залида Борис Ельцин билан учрашувдан сўнг, 1991 йилдаги Наманган воқеалари чоғи ва яна кўплаб ҳолатларда рўй берган.
Ҳар гал Президент атрофидагилар, жумладан юқорида тилга олинган ҳолатларда ҳамроҳ журналист фикрини инобатга олганди. Мен билган (1991-2005 йиллар) Ислом Каримов шундай инсон эди. Вақти келиб мен билган, иштирок этган воқеалар кундалигини чоп этиш ҳам насиб қилар. Лекин такрор айтаман, Ислом акада суҳбатдошини сабр билан тинглай олишдек ҳаммага насиб этмаган инсоний фазилат мавжуд эди. Илоё охиратлари обод бўлсин.
Ислом ака омонатини етказувчи, Муҳаммаджон Обидов.