Яқинда Интернетда ўқиб қолдим, 2014 йилда Қирғизистон Миллий фанлар академиясининг мухбир аъзоси Ўсмонақун Ибраимовнинг «Ислом Каримов ва «Манас» эпоси» деган мақоласи бор экан. Уни мутолаа қилиб бўлгач, салкам чорак аср аввал бўлиб ўтган воқеалар яна ёдимга тушди.
Ў.Ибраимов 1995 йил кузида «Манас» эпосининг минг йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар, хусусан Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган шукуҳли анжуманда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг фавқулодда аҳамиятга эга бўлган чиқишини эслаб, хотираларини ўртоқлашибди. Бунинг учун қирғиз олимига аввало ташаккур изҳор этишимиз лозим. Ўсмонақун Ибраимов ўша симпозиумда Ислом Каримов манасшуносликда кенг тарқалиб, ҳамма қарийб аксиома тарзида такрорлайдиган бир хато фикрни танқид қилгани, унинг оммавийлашувига қандай барҳам бергани ҳақида ёзади. Ўзбекистондан борган 11 кишилик расмий делегация таркибида ушбу анжуманда иштирок этган бир киши сифатида бу мақола менга кўпгина воқеаларни эслатди, фикрлар ўйғотди. Қуйида уни сал қисқартиб тақдим этгач, бу борадаги қарашларимизни ҳам ўртоқлашишга жазм қилдик:
«Биз каби унвонли академиклар ва профессорларнинг енгил-елпи газета мақолаларида баён этилган ва илмдан бир тош йироқ манасшуносларнинг «кашфиёти» маҳсули бўлган катта бир ёлғон рағбатлантириб турилган пайтда бу ёлғонни фош этишни бирон профессионал олим ёхуд дўнгпешона академик эмас, балки қўшни давлат президенти, яъни Ислом Абдуғаниевич Каримов уддалашини ким ҳам ўйлабди дейсиз? Ҳолбуки у филолог эмас, маълумоти бўйича инженер эди, холос. Келинг бир бошдан бошлайлик.
1994 йилда БМТнинг Бош Ассамблеяси бизнинг Марказий Осиё ичкарисидан йўллаган даъватимизни, ниҳоят, қабул қилиб, 1995 йилни «Манас» эпосининг 1000 йиллиги» деб эълон қилди.
«Манас» эпосининг минг йиллигини байрам сифатида нишонлаш муҳим тарихий воқеа бўлиб, шу билан бирга суверен Қирғизистоннинг жаҳон жамоатчилиги олдидаги ўзига хос намойиши ҳам бўлар эди. Албатта, бундай катта маърака айрим ишкалликлардан ҳам холи бўлмайди. Лоақал, қуйида мен ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа ҳам бунга мисол. Ажабки, у очиқ-ошкор сиёсий можаро тусини ҳам олаёзган эди. Шу билан бирга, у «Манас» достонидаги ғоя ва образларни ҳар ким ўз билганича, таваккалига талқин қилиши кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам аён кўрсатди.
Тантанали юбилей анжумани… Миллий филармониянинг катта залида кўпдан-кўп хорижлик меҳмонлар, БМТ вакиллари жамулжам бўлишган, президиумда эса етти давлат президентлари, ЮНЕСКОнинг Бош директори, бошқа номдор меҳмонлар ўтиришибди. «Манас» эпоси ҳақида президент Асқар Ақаев ҳар доимгидек, теран, илмий асосли маъруза қилди. Аммо бир маҳал у маъруза матнидан кўз узиб, зални жонлантириш, шу билан бирга ботир Манаснинг халқлар дўстлигига қўшган ҳиссасини далиллаш мақсадида афсонавий қирғиз қаҳрамонининг хотини Бухоролик бўлганини, бинобарин, тожик қизи эканини эълон қилди. Бунда анъанавий равишда Бухорода этник тожиклар яшаб келиши кўзда тутилган эди, албатта. Биз ҳаммамиз бу гап Ўзбекистон президентига ёқмаганини пайқаб қолдик. Чунки Тожикистондаги фуқаролар уруши ва Ўзбекистоннинг бу масалага муносабати туфайли Ислом Каримов билан Эмомали Раҳмонов ўрталарида муайян келишмовчиликлар бор эди.
Қирғизистон президентининг маърузаси тугади. Бирин-кетин бошқа президентлар, давлат делегацияларининг бошлиқлари минбарга кўтарилдилар. Сўз Ўзбекистон раҳбарига берилди. Ана шунда ҳақиқий можаро бошланиб кетди. Ислом Абдуғаниевич ўз маърузасининг матнини бир четга қўйиб, бевосита Ақаевга қараб гапира бошлади (у ўзбек ва рус тилларида аралаштириб сўзлаган эди):
– Асқар Ақаевич, Манаснинг хотини Хоникей қанақа қилиб тожик қизи бўлсин? Сиз бу фикрни айтишда қандай асосларга таяняпсиз? Ахир у чинакамига ўзбек халқининг, Бухоро хонининг қизи-ку! Ўзингиз айтинг, қачон тожиклар Бухорода хон бўлган?
Ана, кетди! «Ҳали бу гаплар ҳаммаси эмас. Барча қирғиз афсонавий қаҳрамонлари бизнинг қизларга уйланиш орзусида бўлишган. Ҳатто Манаснинг яқин жўраси Алмамбетнинг хотини Арууке ҳам ўзбек қизи эди!».
Зал гувиллашдан тинмасди. Маърузасини зўр эҳтирос билан тамомлаган Ислом Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ёнига келиб, у билан бирга залдан чиқиб кетди… Гарчи Нурсултон Абишевич яна ўз жойига қайтиб, яхшигина чиқиш қилган бўлса-да, Каримов йиғилиш охиригача залга қайтиб кирмади.
Табиийки, ўзбек президенти ўша куннинг ўзидаёқ қандайдир муҳим ишларни рўкач қилиб, ўз юртига қайтиб учиб кетди, шу туфайли Таласда – Манас ерида ўтказилган тантаналарда ҳам иштирок этмади.
Ноқулай бир можаро юзага келган эди. Аслида эса, чиндан ҳам, афсонадаги Хоникейнинг – «қоратўридан келган ҳурилиқо»нинг тожик қизи бўлгани ва форсий тилнинг бирон лаҳжасида сўзлашгани борасида ҳеч қандай далил йўқ. Хўш, унда бу сохта, аммо ҳозирга қадар айтила бериб сийқаси чиқиб кетган илмийнамо чўпчак қаердан келиб чиққан?
Бу масаланинг тарихи қуйидагича. Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида Тожикистонда Қирғизистон кунлари ўтказилади. Ўша санъат ва маданият кунларининг тантанали очилишида улуғ тожик шоири ва давлат арбоби, юқори доиралардаги ҳазил-мутойибалар, хушёқар гаплар устаси Мирзо Турсунзода залга тўпланганларни икки бора ажойиб лутфи билан лол қолдирди. Чингиз Айтматовга қараб, Мирзо Турсунзода айтдики, «Башарият тарихи Чингиз отлиғ икки кишини билади; уларнинг бири дунёни қиличи билан маҳв этган бўлса, яна бири эса қалами билан забт этди!» Албатта, бу гапдан зал деворлари қарсаклардан ёрилгудай бўлди. Аммо Мирзо Турсунзоданинг иккинчи гапи ундан ҳам зўрроқ олқишларга кўмилиб кетди: «Барчага маълум, қирғизларнинг «Манас» достони энг улкан ва улуғ эпослардан бири. Аммо Манас ботирнинг суюкли хотини қайси миллат қизи эканини эса ҳамма ҳам билавермайди. Ҳолбуки, у Бухорода туғилган! Хўш, Бухорода киммлар яшайди? Тожиклар, албатта! Мана, кўрдингизми, Манаснинг умр йўлдоши Хоникей чинакам тожик қизи, буни қардош қирғиз дўстларимиз яхши билиб қўйсинлар. Биз тожиклар, қирғиз биродарларимиз билан ана шундай ришталар орқали боғланганмиз!» Зал қий-чувга тўлган, ватандошларимизнинг кўзлари яшнаб турибди, ҳамма қарсак чалаяпти… Қирғиз телевидениеси бу эпизодни такрор-такрор намойиш қилди, ҳозир ҳам бу гаплар кўпчиликнинг ёдида. Бояги чўпчакнинг пайдо бўлиши ва тарқаб кетишининг тарихи ана шундай.
Бу гапни биринчи қирғиз президенти 90- йилларнинг иккинчи ярмида Тожикистонга расмий ташриф буюрганида яна такрорлади, Бишкек шаҳрида тожиклараро музокаралар ўтказилганида ҳам яна тилга тушди. Буни тожик дўстларимиз, айниқса, Хоникейни тожикча навозиш билан Хонука деб талаффуз қиладиган атоқли тожик шоираси Гулрухсор Сафиева ҳам, такрорлашни яхши кўрардилар.
Албатта, бу ёқимли чўпчак, илм билан иши бўлмайдиган сиёсатдонлар учун айниқса қўл келади. Уларнинг муддаоси қарсак ва олқишларга сазовор бўлиш, холос. Қолаверса, улардан достондаги воқеаларни тўғри талқин қилишни талаб қилиш ҳам жилла ўринли эмас.
Аммо масалага жиддий қарайдиган бўлсак, бояги ёқимли гапнинг ҳеч бир асоси йўқлиги ойдай равшан. Бу билан мен, ҳурматли Ислом Абдуғаниевичга қўшилиб, Хоникейни ўзбек қизи деб ҳам айтмоқчи эмасман, чунки бу ҳам бояги лутфга монанд бўлиб қолар эди. Лекин, агар майда-чуйда тафсилотларга ҳам ўрин берадиган бўлсак, Манаснинг ўз ёри билан мутлақо ёлғиз, тилмочсиз сўзлашгани ҳам ҳақиқат. Ахир форс тили – ҳар ҳолда, ўзбек тили ҳам, уйғур тили ҳам, ҳатто татар тили ҳам эмас. У бутунлай бошқа лисоний оилага мансуб, ўзига хос лексик-грамматик қурилишга эга бўлган тилдир. Ҳолбуки, Хоникей бирон туркий тилда гаплашгани аниқ.
Майли, ҳар бир ўқувчи достон ҳақида ўз қарашларига эга бўлсин, бунга у ҳақли. Ва бу ҳам «Манас» достонимизнинг чиндан ҳам улуғлиги, мазмун жиҳатдан битмас-туганмас эканидан далолат беради. У, бамисоли бир уммон – ҳар ким унинг бағрида истагинича сузиб, ўзи учун фойдали ва қимматли бўлган қандайдир нарсаларни топа олади»…
Мазкур хотирани ўқиб, бир томондан, қувондим. Муаллиф тарихий ва илмий ҳақиқат бузилмаслиги йўлида Ислом Каримовнинг қандай қатъийлик билан курашганини, фикрини жамоатчиликка етказа олганини эътироф этибди. Аммо, иккинчи ёқдан, Ўсмонақун биродаримизнинг хотираси панд берган кўринади. Камина ушбу интернет мақоласида воқеалар тафсилоти бузиб талқин этилганини ўқиб, ажабланиб ҳам қолдим. Афтидан, ҳар бир одамнинг ёдида унинг учун муҳимроқ бўлган нарсалар сақланиб қолади, чунончи, бирон воқеа ёки ҳангома тафсилотини ўнта одамдан сўрасангиз, ўн хил талқин эшитасиз. Аммо ўша воқеаларга шоҳид бўлган бир одам бўла туриб, эпоснинг юбилейи ва ундаги Ислом Каримовнинг машҳур нутқи борасида ўз хотираларимизни тақдим этмасак, фикр билдирмасак, воқеан, Ў.Ибраимовнинг гапларини тўғри деб топган, маъқуллаган бўлиб чиқамиз.
Хўш, ўша воқеалар аслида қандай бўлган эди?
Юбилей тантаналарида (унинг баҳонасида туркий тилли давлатлар бошлиқларининг саммити ҳам ўтказилган) Туркия раҳбари Сулаймон Демирэл, Озарбойжон раҳбари Ҳайдар Алиев, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Туркманистон раҳбари Сапармурод Ниёзовлар, шунингдек ЮНЕСКОнинг Бош директори Федерико Майор, яна бир неча қўшни давлатларнинг бош вазирлари, ёки Маданият вазирлари каби кўплаб арбоблар, шунингдек кўпгина мамлакатлардан олимлар, адиблар ва жамоат арбоблари ташриф буюришган эди. Шу ўринда айтиб ўтай, Ў.Ибраимовнинг «президиумда… етти давлат президентлари… ўтиришибди», деган гапини ўқиб, еттинчи давлат раҳбари ким бўлдийкин, деб ўйланиб қолдим. Менимча, олти туркий тилли давлатдан биринчи раҳбарлар иштирок этишган эди, холос. Тўғри, ўшандан бир кун аввал Бишкекка Покистон Бош вазири Беназир Бхутто ҳам ташриф буюрган ва А.Ақаев билан бирга «Қоядаги ҳайкаллар галереяси»ни очиш маросимида қатнашиб, ўша куниёқ Ўшга учиб кетган эди, чунки у Қирғизистонга мутлақо бошқа мақсадда келган бўлиб, юбилей тантаналарида иштирок этмаган.
Олим дўстимиз айтгандай, Миллий филармониянинг катта залида А.Ақаев тантанали анжуманни очди ва «Манас» эпоси ҳақида маъруза қилди.
Ўттиз саҳифалик бу маърузанинг матни юзлаб нусха тайёрланиб, ҳар биримизга тақдим этилгани учун, истасак, Асқар Ақаевнинг докладини унинг ўз оғзидан чиқаётган сўз сифатида тинглашимиз, истасак, ҳар бир ўриндиқ ёндорига жойланган жажжи карнайчаларни қулоғимизга тиқиб олиб, масалан, рус тилидаги вариантини эшитишимиз, ёинки, матнни ўқиб ўтиришимиз мумкин эди. Биз ҳаммасидан фойдаландик, чунки узоқ ва бир зайлда ўқилаётган маъруза кўпларни толиқтириши табиий. Залнинг ўртароғидамиз. Ўнг ёнимда – асли Наманганлик, Германиянинг Кёльн шаҳрида яшайдиган машҳур тарихчи олим, биз диссидент деб биладиган Боймирза Ҳайит домла ўтирибди.
Асқар Ақаев ўз маърузасини роппа-роса қирқ беш дақиқа ўқиб берди.
Шундан сўнг «Манас»нинг минг йиллиги тантанасида иштирок этиш учун келган туркий давлатларнинг раҳбарлари минбарга ташриф буюрдилар. Биринчи сўз Туркия Президенти Сулаймон Демирэлга берилди. Чунки у энг катта туркий мамлакат раҳбари, бунинг устига, давлат бошлиқлари орасида ёши улуғроқ одам эди. Тўла гавдали Сулаймон афанди турк тилида биз иштирокчиларга, бутун қирғиз элига оташин саломлар йўллаб, «Манас» эпосининг фавқулодда аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Ундан сўнг Озарбойжон раҳбари Гейдар Алиев чиқиб, рус тилида ёзилган икки-уч бетли матнни ўқиб минбарни тарк этди. Ёдимда қолгани – «Нынешнее поколение киргизов верны заветам Манаса», деган сўзлар бўлди. Г.Алиев хийла ҳорғин, маъруза матнини тутган қўллари титрар эди.
Шундан сўнг минбарга Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқди…
Бу ҳолатни Қирғизистон Президентининг ўша пайтда ёрдамчиси бўлиб ишлаган Ў.Ибраимов шундай тасвирлайди. «Бирин-кетин бошқа президентлар, давлат делегацияларининг бошлиқлари минбарга кўтарилдилар. Сўз Ўзбекистон раҳбарига берилди. Ана шунда ҳақиқий можаро бошланиб кетди. Ислом Абдуғаниевич ўз маърузасининг матнини бир четга қўйиб, бевосита Ақаевга қараб гапира бошлади (у ўзбекча ва русча аралаш сўзлаган эди).
Ўша анжуманда бўлмаган одамлар, «Ислом Абдуғаниевич ўз маърузаси матнини бир четга қўйиб, бевосита Ақаевга қараб гапира бошлади», деган жумлани ўқиб, Республика раҳбари табрик сўзи ўрнига дабдурустан можаро бошлаган экан, деб ажабланиб қолиши мумкин. Ҳолбуки, у «Ҳар бир давлат раҳбари ўз она тилида гапирса», деган таклифни ижобат қилиб, фақат ўзбек тилида гапирган («ўзбек ва рус тилларида аралаштириб сўзлаш» унинг нутқига хос эмасди). Эҳтимол, Ў.Ибраимов ўзбекча ушбу маърузани яхши англамаган ва шу сабабли ўз хотираномасида воқеликни деярли тўлиғича бузиб талқин этган бўлса, ажаб эмас. Бинобарин, марҳум президентимизнинг бу чиқишини батафсилроқ баён қилиш керак экан, деган хулосага келдим.
Ўзбекистон Президенти дастлаб тайёрлаб келинган маърузадан икки бетча чиройли табрик сўзларини ўқиди. Бироқ унинг жўшқин руҳи одамлар билан бевосита мулоқот қилишга мойил эди, шу боис ҳам, кейин маъруза матнини минбар четига қўйиб, залга мурожаат қилди:
«Ҳурматли дўстлар! «Манас» эпоси – бу тарих, қирғиз халқининг ўтмиши. Келинглар, шу достоннинг минг йиллик тўйи муносабати билан биз бугунги куннинг ана шундай қаҳрамонлари ҳақида ҳам гаплашайлик. Мана, президиумда, менинг ёнимда қадрдон дўстим, улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов ўтирибди. Мен Чингиз оғани бугунги куннинг Манаси деб биламан!»
Залда қарсаклар чалиниб кетди. Чингиз Айтматов ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб, миннатдорчилик билдирди.
«Қолаверса, – деб давом этди нотиқ, – бадният кимсаларнинг жаҳон ҳамжамияти олдида атайлабдан уюштирилган туҳматлари касрига ўзбек халқи бошига изтиробли кунлар тушган паллада мана шу Чингиз оғамиз ғаламусларга қарши кўкрак кериб чиққанини элимиз ҳеч қачон унутмайди!
Чингиз Айтматовнинг юксак бадиий асарлари нафақат қирғиз, балки ўзбек адабиёти равнақи учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга! Шунинг учун ҳам куни кеча қадрли дўстим Нурсултон Назарбоев Чингиз Айтматовга «Қозоғистон халқ ёзувчиси» унвонини берганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, – дея давом этди у яна. – Насиб этса, икки кундан сўнг биз ҳам Тошкентга қайтгач, туркий халқларнинг бу улуғ адибга «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонини бериш ниятидамиз!
Бутун зал оёққа қалқди. Чапак ва олқишлар сира тинай демасди. Чингиз Айтматов яна ўрнидан турди, саҳнанинг олдига келиб, залга қараб қўлини кўксига қўйиб таъзим қилди.
Боягина зерикиб, аммо буни билдирмаслик учун оғзини очмасдан эснаётган одамларинг юзлари ёришиб кетган, ҳамманинг кўзи пориллар эди.
И.Каримов «Манас» эпосининг тарихий ва бадиий жиҳатлари тўғрисида гапирди, бу улкан достон ўзбек тилига атоқли шоир Миртемир, Султон Акбарий ва Турсунбой Адашбоев каби шоирлар томонидан ҳозирга қадар уч бора таржима қилинганини эслаб ўтди.
Ана шундан сўнггина, залнинг бутун диққат-эътиборини ўзига жалб этгач, Ислом Каримов Ўсмонақун Ибраимов айтган масалани ўртага қўйди.
«Ана энди, азиз дўстлар, ижозат берсангиз, шу ўринда, «Манас» достонидаги бир масала борасида азиз дўстим, Қирғизистон Республикаси Президенти Асқар Ақаевни бир оғиз танқид қилиб ўтмоқчиман.»
Менинг баданим живирлаб кетди. Ахир ҳатто тор доирада ҳам бир давлат президенти иккинчи давлат раҳбарини танқид қилмайди, бу дипломатик протоколга хилоф иш. Бунинг устига, юзлаб одамлар қатнашаётган тантанали байрам анжуманида… танқид қилиш? Ҳаяжонланиб, ёнимда ўтирган Боймирза Ҳайитга юзланиб, пичирладим:
- Домла, қизиқ бўлди-ку?
- Шошманг, аввал эшитиб кўрайлик-чи, – дея жавоб қилди олим.
«Асқар Ақаевич ўз маърузасида «Манас Бухордан уйланади, демак, тожик халқига куёв бўлади ва ана шу тариқа, бу достон туркий халқлар доирасидан чиқиб, янада кенгроқ, очиғини айтганда, глобал, умумжаҳоний кўлам касб этади», деб айтиб ўтди, – деди Ислом Каримов. – Албатта, бу яхши ният. Аммо мен бу ёққа келиш олдидан «Манас» эпосини атайлаб ўқиб чиқдим. Манаснинг хотини Хоникей Бухоролик экан. Унинг отаси иккинчи қизини – Хоникейнинг синглисини Манаснинг тутинган иниси Алмамбетга, учинчи қизини эса қозоқ хони Кўкчага бериб, уларни ўзига куёв қилиб олган экан. Кўряпсизми, қандай оқил, танти одам бўлган экан бу подшоҳ? Аммо дўстим Асқар Ақаевич, у Бухоролик, яъни, ўзбек эди, демак, Манас ҳам ўзбекларнинг куёви бўлиб чиқади! Э, омон бўлсин ўша Бухоро хони, у бутун Марказий Осиё подшоҳларини ўзига куёв қилиб, барча элларни бир-бирига қардош қилибди!»
Бутун издиҳом аҳли Бухоро хонининг тантилиги борасидаги лутфга кула-кула, ўрнидан туриб қарсак чалишга киришди. Зеро Ислом Каримов бу гапларни шу қадар бир-бирига пайваста қилиб, ишонч ва ўктамлик билан гапирардики, рад этиш имконсиз эди.
– Ислом ака тўғри айтяпти, – деб менга бурилиб шивирлади Боймирза Ҳайит домла. – Бухорода минг йиллардан бери ўзбекларнинг манғит уруғи ҳукмронлик қилган. Иккинчидан, «Манас» эпосида Бухоро хони гоҳ Қорахон, гоҳ эса Темирхон деб аталади, иккиси ҳам туркий исмлар. Каримов ҳақ…
Ана шундан сўнг Президент яна вазиятни юмшатиш, ўзаро иноқлик руҳи бардавом бўлишига ҳаракат қилиб, Қирғизистон Президентига қараб, кулиб мурожаат қилди:
– Азиз дўстим Асқар Ақаевич! Ўша Бухородан – Манас куёв бўлган юртдан қудалар ҳадя бериб юборишган, марҳамат қилиб қабул этсангиз!
Каримовнинг имоси билан саҳна ортида шай турган бир ходим тугун олиб келди. Қарасак, Бухоро амирлари киядиган зар уқали шоҳона чопон! (У йиллари зардўзи чопон эндигина пайдо бўла бошлаганди). Каримов чопонни қирғиз халқи раҳбарига кийдирди, белига белбоғ боғлаб, бошига чиройли бир дўппи кийгизди ва қучоқлаб кўтариб, байрам билан яна муборакбод қилди. Олқишларни қўяверинг! Бояги хижолатпазликдан асар ҳам қолмаган эди.
Ислом Каримов ортга яна қараб эди, йигитлар улкан бир гиламни икки ёғоч учига илиб ёйиб кўрсатган ҳолда саҳна олдига олиб чиқишди. Гилам ўртасида Манас найза тутиб, от чоптириб бораётгани тасвирланибди. Зал яна бир бор оёққа қалқди. Ушбу санъат асарини ўзбек галамдўзлари юбилей саммитига тайёргарлик арафасида, бор-йўғи икки кунда тайёрлашган экан.
Довруқли маърузасини ана шундай ажойиб ҳадялар топшириб, шукуҳ билан якунлаган Ислом Каримов жойига ўтирди. Сўз Қозоғистон Президенти Н.Назарбоевга, ундан сўнг Туркманистон раҳбари С.Ниёзовга берилди. Ана энди яна Ў.Ибраимов ёзганларини яна ўқиб кўрайлик:
«…Маърузасини зўр эҳтирос билан тамомлаган Ислом Каримов Қозоғистон президенти Н.Назарбоевнинг ёнига келиб, у билан бирга залдан чиқиб кетди… Гарчи Нурсултон Абишевич яна ўз жойига қайтиб, яхшигина чиқиш қилган бўлса-да, Каримов йиғилиш охиригача залга қайтиб кирмади.»
Мана бу ўринда нафақат хотира панд берган, балки мантиқ ҳам ишдан чиққан кўринади. Фикрларини холис ўртоқлашаётгандай бўлиб кўринган Ў.Ибраимов, Ўзбекистон Президентини бир қадар жиззаки одам қилиб тасвирлабди. Ажабо, Каримовдан сўнг Назарбоевга сўз берилган бўлса, у минбарга чиқиш ўрнига, нутқидан воз кечиб, Ўзбекистон Президенти билан бирга залдан чиқиб кетганми? Унинг чиқишига сабаб нима? Ахир, бундай ҳолларда анжуман шунчаки, «сигарет чекиш» баҳонасида тарк этилмайди-ку? Дипломатияга кўра, саммит қатнашчисининг зални ташлаб чиқиши унинг саммитни бойкот қилганини, кескин норозилигини билдиради. Ё, Назарбоев қайтиб киргунича мажлис тўхтатилиб турдими? Йўқ, албатта. Каримов ҳам бутун йиғилиш давомида президиумда бўлди, сирасини айтганда, у кишининг шунчаки ўтирмай, ҳар бир маърузачи сўзини эътибор билан тинглаганига бир оздан сўнг ҳаммамиз яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Туркманистон раҳбаридан сўнг навбат ЮНЕСКО бош директори Федерико Майорга, сўнг Россия бош вазири ўринбосарига, ундан кейин Эрон маданият вазири Мустафо Мирсалимга берилди. Биз, Ўзбекистон расмий делегацияси аъзолари эса, шу аснода Президентимизнинг чиқиши таъсирида эдик, бу нутқ кучли, мантиқли ва самимий бўлганидан фахр туйғулари оғушида, мамнун ўтирар эдик. Энди, орадан шунча вақт ўтгач, бир гапни айтса бўлар (чунки бу орада ўша раҳбарларнинг кўплари, жумладан Ислом Каримов ҳам, ёруғ оламни тарк этиб кетишди) – Ўзбекистон Президенти сиёсий ирода, мантиқий тафаккур бобида бу анжумандаги ўзга нотиқлардан бир қарич баланд экани барчага яққол аён бўлган эди.
Оддийгина туйилади: Ислом Каримов, шунча иши борлигига қарамай, «Манас» эпосини ўқиб чиқибди, буни мунозарада асардан далил келтириб яққол исбот қилди, ҳолбуки бошқа давлат раҳбарлари (И.Ақаевдан бошқа) бу достон ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслиги кўриниб қолди, ёзиб берилган доклад матнини ўқиётган чоғларида ҳатто ботирлар номини талаффуз этиша олмаган ҳоллар бўлди.
Эрон вакилининг нутқи қулоғимизда шиғирлаётган миттикарнай орқали чала-чулпа таржима этиб берилди, унча уқмасак-да, галдаги бир табрик сифатида қабул қилиб, ҳурмати учун чапак чалган бўлдик. Бироқ Мустафо Мирсалим оғо нутқини тугаллаб, жойига ўтириши биланоқ Ўзбекистон Президенти яна ўрнидан турди, тўғри унинг олдига бориб, эътироз билдирган бир қиёфада нимадир дея бошлади.
Минбарда галдаги меҳмон табрик сўзини айтар, аммо ҳамманинг кўзи Каримовда. Билсак, Эрон вазири ўз сўзида Манас Бухорода форс-тожик қизига уйланган, дея Каримовга бир чимдим эътироз билдириб ўтган экан.
Ислом ака Мустафо Мирсалим билан яккама-якка, таржимонсиз гаплашар эди. Самарқандда туғилиб ўсгани қўл келди, назаримизда. Нутқига бу қадар жонли реакцияни кутмаган Мустафо вазир лол қолиб, «Наҳотки?» дегандай ишора билан ниманидир сўраган эди, Ўзбекистон Президенти икки дақиқа алланималарни уқтирди. Эронлик вазир «Э, шундайми, ундай бўлса, узр!» дея, эътироф этароқ, қўлини кўксига қўйди ва фикридан қайтганини билдирди. Сўнг Президентимиз яна Чингиз Айтматов ёнига келиб ўтирди.
Ўсмонақун Ибраимов айтганидек, Каримов залдан чиқиб кетиб, қайтиб кирмаган бўлса, Эрон вазирига қандай қилиб фикрларини уқтира оларди?
«Манас Бухоролик қизга, демакки тожикка уйланган эди», деган гап И.Каримовга нега ёқмаганини изоҳлаган бўлиб, мақола муаллифи ёзади: «Чунки Тожикистондаги фуқаролар уруши ва Ўзбекистоннинг бу масалага муносабати туфайли Ислом Каримов билан Эмомали Раҳмонов ўрталарида муайян келишмовчиликлар бор эди».
Аён бўладики, ушбу академик икки нарсани – Каримовнинг муддаоси Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш мақсадида айтганини мутлақо тушунмаган ҳамда Ўзбекистон Президенти бошқа бир давлат раҳбарига гинаси туфайли учинчи давлатда ҳам тўрсайиб ўтириши мумкин бўлган анчайин аразчи бир одам дея, ўз қаричи билан ўлчаган экан.
Мақола муаллифи яна давом этади: «Табиийки, ўзбек президенти ўша куннинг ўзидаёқ қандайдир муҳим ишларни рўкач қилиб, ўз юртига қайтиб учиб кетди, шу туфайли Таласда – Манас ерида ўтказилган тантаналарда ҳам иштирок этмади».
Каримовнинг Талас вилоятида, далада ўтказилган тўйда қатнашмагани рост. Аммо бунга бояги мунозара сабаб эмас, чунки у мазкур баҳсда ғолиб эди, фикрини ўтказа олганди. Сўзи инкор этилган бўлса, балки Ўсмонақун биродаримиз ҳақ бўлиб кўринарди. Таласга бормаган президент бир Ислом Каримов эмас, масалан, Г.Алиев, С.Ниёзовлар ҳам унда иштирок этмаган. Буни ҳам ёзиш керак. Ва давлат раҳбари бормаслик учун баҳона топиб ўтирмайди – бунақа тасвирни фақат унинг обрўйини тўкиш учун ўйлаб топиш мумкин. Гап шундаки, бу лавозимдаги киши тўйларда бемалол сайл қилиб юра олмайди, унинг вақти тиғиз, ҳар бир кун ва соатларгача ҳисобли…
Бу гапларни ўқиб, кимдир, «Ажабо, Ислом Каримов ўша тантанали анжуманда музокара бошлаши шартмиди? Хоникей ойим ўзбек қизи бўлди нимаю форсийзабон бўлди нима? Ахир бу бир достон, холос-ку?» деб ўйлаши ҳам мумкин.
Ўсмонақун оға, гап шундаки, Ислом Каримов, Ўзбекистон раҳбари сифатида, унинг манфаатларини бир лаҳза бўлсин, унутиши мумкин эмасди. Манаснинг ёри Хоникейни, Бухоролик бўлгани учуноқ, тожик деб талқин қилиш ортида бошқа, бадиий сўзга мутлақо алоқаси бўлмаган масала ётар, бу гап ҳар қандай «факт»дан геосиёсий илинж қидириб, ҳудудий даъволар қўзғаб юрган кимларнингдир тегирмонига сув қуйиши аниқ. Бундай нуқтаи назарларни ўша вақтнинг ўзида инкор этмаслик, моҳиятан, унга қўшилиш бўлар эдики, президентимиз мана шуни нозик илғади ва ўша оннинг ўзида, ҳарчанд тантанали анжуман бўлмасин, ўз шахсига ниҳоятда ярашиб тушадиган ўктамлик, зўр сиёсий ирода билан фикрини баён этиб, мақбул қилдирди.
Бу – йигирма икки йил муқаддам, бир соатнинг нари-берисидаги гап, юртдошларимизнинг кўпи уни эшитмаган ҳам. Энди, Ислом Каримов мамлакатимизга 1989 йилдан то 2016 йил сентябрига қадар – йигирма етти йил раҳбарлиқ қилган бўлса, ҳар бир кун, ҳар бир соатда мамлакат манфаатини ўйлаб яшагани, оддий деҳқон билан суҳбат қилаётганида ҳам, дунёнинг энг йирик давлат раҳбарлари билан глобал масалаларда музокара олиб бораётганида ҳам она юртини ҳар хил катта-кичик ёмонликлардан асрашга, ҳар бир имкониятдан эса фаровон этиш йўлида фойдаланишга ҳаракат қилганининг саноғи бормикин? Жумладан, юқорида кўрганимиздай, Ўзбекистонни обрўсизлантиришни ўйлаган қанчадан-қанча бадхоҳларнинг тааддисига зарба берганини ким билади?..
Дунёда энг нохуш ҳоллардан бири – нодоннинг ўжарлигидир. Ислом Каримов эътирозга ўрин қолдирмаган ҳолда рад қилган ўша эски чўпчакни Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев, гарчи бир оғиз эътироз билдира олмаган бўлса-да, 1995 йилдан кейин ҳам оғзидан қўймади – яна ўн йил мобайнида тожик дўстларни ана шунақа латифасимон лутфлар билан сарафроз этиб юра берди.
Аммо ҳақиқат ўзини ўзи ҳимоя қиларкан, бугун бўлмаса, эртага албатта рўёбга чиқар экан; юқоридаги воқеа муносабати билан бунга яна бир карра амин бўлдик. Чунончи, ёлғон гапни айлантириб, арзонгаров чапаклар ундиришга ружу қўйган Асқар Ақаев ҳали тирик чоғидаёқ эл қаҳрига учради, яқинда Берлин шаҳрида у билан учрашувга йиғилган бир гуруҳ қирғизлар унинг ортидан тухумлар отиб ичларидан ҳайдадилар; ҳақ гапни дадил айтадиган, ватани манфаатини ҳамиша, ҳар қандай шароитда ҳимоя қиладиган Ислом Каримовни эса бутун халқимиз кўзида ёш билан сўнгги манзилга кузатди, унинг номи эса, вафотидан кейин ҳам аввалгидай эъзозда.
Зуҳриддин Исомиддинов