Ўзбекистон имижини шакллантиришда Ислом Каримовнинг ўрни қандай бўлган? Беруний Алимовнинг «Истиқлолга бошлаган дарға. Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймосига чизгилар» номли асарида айнан шу савол устида тадқиқот олиб борилган.
Мазкур асар – «Жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижи масалалари» билан боғлиқ илмий тадқиқот доирасида яратилган.
Унда мамлакатимиз медиа нуфузининг шаклланишида Биринчи Президенти И.Каримовнинг роли унинг миллий ва хорижий ОАВ вакиллари билан учрашувлари, интервьюлари асосида таҳлилий тарзда ўрганилган. Республикамиз ўзига хос ривожланиш йўлидан давлатимиз Биринчи раҳбарининг бевосита раҳнамолигида дадил қадамлар билан борганлиги жаҳон оммавий ахборот воситаларида атрофлича ёритилди, дейилади рисолада.
Мустақил давлат имижини яратиш, шакллантириш ва ривожлантиришда тарихий шахснинг ўрни, аҳамияти ҳақида сўз юритилар экан, албатта, унинг миллий ва хорижий ОАВ вакиллари билан учрашувлари, интервьюларини алоҳида ўрганиш, тадқиқ этиш мақсадга мувофиқдир. Қўлингиздаги ушбу илмий — оммабоп рисолада давлат раҳбарининг мамлакат медиа имижини шакллантиришдаги муҳим омил эканлиги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фаолияти мисолида ўрганилган.
Китоб ОАВ вакиллари, ахборот хизматлари ходимлари, журналистика факультетларида таҳсил олаётган талабалар, тадқиқотчи — мутахассисларлар ва мазкур соҳа билан қизиқувчи кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.