Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча ютуқларни ҳақли равишда Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди.
У собиқ совет тузумидан кейин пайдо бўлган беқарор, нотинч даврда Ўзбекистон жамиятида барқарорлик ва ишончни пайдо қила олди, халқи олдига миллатни юксакларга кўтарадиган улкан мақсад ва вазифалар қўйди. Ислом Каримов Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси, мамлакатнинг истиқол дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир. Ислом Каримов демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи. У марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Ўзбекистон халқининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирган иқтисодий ислоҳотларнинг янги моделини ишлаб чиқди. Бу ривожланиш йўли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчилик роли, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий ҳимоядан иборат 5 тамойилни ўз ичига олади ва у дунёда «ўзбек модели» деб эътироф этилган. Ислом Каримов раҳбарлиги ва бевосита иштирокида Ўзбекистон турли-туман «сакраш»лар, «фалаж қилиб даволаш»лардан воз кечиб, бозор иқтисодиётига ўтишда ўзига хос йўлдан борди ва пухта ўйланган дастур асосида мамлакат иқтисодий пойдеворини қура бошлади. Қисқа вақт ичида мамлакат нефт ва нефт маҳсулотлари, ғалла мустақиллигига эришди. Ўзбекистон Республикасида юксак сифатли олтин ва газ қазиб олиш кескин даражада кўпайди, ишлаб чиқаришнинг янги соҳалари, автомобилсозлик саноати барпо этилди. Ислом Каримов Ўзбекистон давлатининг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадлари дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир қуролли кучлар, чегара ва ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этиш ишига раҳбарлик қилди.
КПСС МК бошчилигидаги мустабид кучлар Ўзбекистонда адолатсизлик ва тазйиқларни авж олдирган йилларда ўзбек номини ноҳақ таҳқир ва ҳақоратлардан ҳимоя қилиш, халқнинг ор-номусини, миллий ғурурини тиклашда фидойилик намунасини кўрсатди.
Ислом Каримов жаҳон сиёсат оламида ҳамиша илғор фикрларни илгари сурадиган, ташаббускор, ўз нуқтаи назарини қатъий ҳимоя қилиб, олдига қўйилган мақсадга эриша оладиган шахс сифатида танилган.
Ислом Каримов юксак халқаро учрашувларда биринчилардан бўлиб 21-аср вабоси ҳисобланмиш террорчиликка ва у билан чамбарчас боғлиқ наркобизнесга қарши фақат ҳамжиҳатлиқда курашиш зарурлигини, мазкур даҳшатли таҳдид манбаларини бартараф этиш ва Марказий Осиё минтақасида «хавфсизлик камари»ни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимини яратиш кераклигини таъкидлаб келди. Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, унинг қадимги бой маданияти ва бугунги улкан салоҳиятини дунёга танитишда буюк хизмат қилди. Ўзбекистон БМТга аъзо бўлиб кирди (1992 йил, 2-март), деярли барча нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий уюшмаларга қабул қилинди, 120 дан ортиқ давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўзбекистон ўзининг тинчликсевар ташқи сиёсати, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақа мамлакатлари ўртасида ягона иқтисодий маконни вужудга келтириш, Орол денгизи муаммоларини жаҳон ҳамжамияти кўмагида ҳар томонлама ҳал этишга қаратилган бир қатор ташаббуслари билан халқаро майдонда танилди, ўз нуфузига эга бўлди. Жамиятда маънавий покланиш ва юксалишга эришиш, эски ақидалардан халос бўлиш, шу асосда миллий истиқлол ғоясини яратиш ва ҳаётга татбиқ этиш учун маънавий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, халққа ўзининг муқаддас дини, урф-одатларини қайтариб бериш, тарихий меросини тиклаш, соғлом авлодни вояга етказиш вазифаларини Ислом Каримов юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарди. Ислом Каримовнинг 21-аср бўсағасида ўзбек миллатининг ўзлигини англаши, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш, ўзбек номини бутун дунёга тараннум этишда қўшган ҳиссаси айниқса беқиёсдир. У одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишга раҳнамолик қилди. Маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш тизими сифатида уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббускори бўлди. Ислом Каримов янги турар жойлар қуриш, шу жумладан, улуғ аждодларимизнинг қадам-жоларини обод қилиш, иқтисодий салоҳиятни оширишда катта ўрин тутадиган йирик-йирик корхоналарни бунёд этиш, шаҳар-қишлоқлар, авваламбор, пойтахт Тошкентнинг шакл-қиёфасини тубдан ўзгартириш ишларига бевосита раҳбарлик қилди.
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, янги асрда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, ёруғ истиқбол йўлида халқни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб борди.