Ислом Каримов меҳнат фаолиятини 1960-йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводида мастер ёрдамчилигидан бошлади.
Сўнг мазкур корхонада мастер, технолог. 1961-йилдан 1966-йилгача В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.
1966-йилда Ўзбекистон Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.
1983-йилдан Ўзбекистон ССР Молия вазири, 1986-йилдан Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари — Республика Давлат план комитетининг раиси. 1986—89-йиллар мобайнида Ўзбекистон КП Қашқадарё вилоят комитетининг биринчи котиби, 1989-йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси МарказийКомитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.
1990-йил 24-март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.
1991 йил 31 август куни И.Каримов тарихий воқеа-Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.
1991 йил 29 декабрида муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ референдуми якунларига кўра И.Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.
У оилали, икки нафар фарзанди, уч набираси бор. Рафиқаси Т.А Каримова — иқтисодчи илмий ходим.
И.Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден-медаллари билан ҳам мукофотланган.
И.Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисод, фан, таълимни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун тўққиз хорижий мамлакат университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиклигига сайланган.
Халқимиз истиқлол йилларида эришилган салмоқли ютуқларни ҳақли равишда И.Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди.
И.Каримов мамлакатимизда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамосидир:
-Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакатимизнинг истиқлол дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир;
-демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи ва уни ҳаётга татбиқ этишнинг кафолатидир;
-марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди;
-халқимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирилган иқтисодий ислоҳотларнинг янги моделини ишлаб чиқди. Бу ривожланиш йўли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, ўтиш даврида давлатнинг бошқарувчилик роли, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий ҳимоя каби машҳур беш тамойилни ўз ичига олади ва у дунёда «Ўзбек модели» деб эътироф этилган;
-Ўзбекистон давлатинниг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучлар, Чегара ва Ички Қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этиш ишига бошчилик қилди;
-КПСС Марказий Комитети бошчилигидаги кучлар Ўзбекистонда адолатсизлик ва тазйиқларни авж олдирган йилларда ўзбек халқининг номини ноҳақ таҳқир ва ҳақоратлардан ҳимоя қилиш, халқимизнинг ор-номусини, миллий ғурурини тиклашда фидойилик намунасини кўрсатди;
-халқимиз маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимизни, урф-одатларимизни, бебаҳо тарихий меросимизни ҳаётга қайтаришни давлат сиёсати даражасига кўтарди;
-халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, ўзбек номини бутун дунёга тараннум этишга улкан ҳисса қўшди;
-одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ишига раҳнамолик қилди;
-юртимизда тинчлик-осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, уни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди;
-моҳият-эътиборига кўра, мутлақо янги таълим-тарбия тизими — Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишда бевосита етакчи бўлди;
-маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш тизими сифатида уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббускори бўлди;
-юртимизнинг турар жойларида янги қурилишлар, шу жумладан, улуғ аждодларимизнинг қадамжоларини обод қилиш, иқтисодимизнинг салоҳиятини оширишда катта ўрин тутган йирик-йирик корхоналарни бунёд этишда, кўпгина шаҳар ва қишлоқларимиз, авваламбор, пойтахтимиз Тошкентнинг шакл-қиёфасининг тубдан ўзгаришида бевосита раҳбарлик қилди.
Мухтасар қилиб айтганда, Ислом Каримов Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб борди.