Халқимизнинг атоқли ва ардоқли фарзанди, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов наманганлик ёшларга алоҳида меҳр ва эътибор билан қарарди. Наманган вилоятига ҳар галги ташрифи ёш авлод вакилларининг иштирокисиз ўтмас эди.
2011 йил, 30 сентябр. Наманган шаҳрида замонавий қиёфа касб этган “Ёшлар маркази” биноси. Ислом Каримов ўзининг ноёб иқтидори ва маҳорати, изланишлари билан тенгдошларига намуна бўлаётган вилоятнинг фаол ёшлари билан учрашиб, дилдан мулоқот қилди. Ўша тарихий учрашувда марҳум Президент назарига тушган ёшлар бугунги кунда жамиятда ўз ўринларини топиб, Ватанимиз юксалишига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
– Бундан ўн икки йил аввал бўлиб ўтган тарихий учрашув ҳаётимизда жуда катта бурилиш ясаган, – дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Меҳриноз Аббосова. – Ўша пайтда оддий қишлоқ қизи, мактаб ўқувчиси эдим. Биринчи Президентимиз ҳар биримиз билан дилдан мулоқот қилганди. “Манзилга элтмайди майда қадамлар”, деган сатрлар билан бошланувчи шеъримни ўзбек ва инглиз тилларида айтганман. Ўшанда Ислом Абдуғаниевич менга “Дунёни сўзингиз билан титратадиган шиддатингиз бор экан. Бу сизни кўзингизда, айтиб берган шеърингизда кўриниб турибди”, дея мотивация берганди. Шундан сўнг Биринчи Президентимиз билан бир неча бор кўришиш бахти насиб қилган, аммо улар ёшларда катта салоҳият борлигини эслатган, алоҳида рағбат берган илк мулоқотдаги завқнинг ўрнини тўлдиролмайди.
Куч билим ва тафаккурда. Наманган аҳли бундай юксак салоҳиятли ўғил-қизлари билан ҳақли равишда фахрланади. Заковатли ёшларимиз эришган салмоқли ютуқларида Биринчи Президентимизнинг берган мотивациялари алоҳида ўрин тутган. Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистондаги ҳар бир ёшни менинг фарзандларим, дея ардоқлар эди. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деган даъвати ҳар бир ўзбекистонлик ёшнинг онгу-шуурига муҳрланиб қолган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА