Бахтиёр она ҳайкали очилганига 17 йил тўлди

Мустақиллик майдонидаги 1992 йили «вақтинча» ўрнатилган глобус (Озодлик обидаси) тагига 17 йил аввал она ва бола ҳайкали қўйилганди. У салкам 15 йил Ўзбекистоннинг олий меҳмонлари учун биринчи манзил бўлди, Ислом Каримов эса бу монумент «келин-куёвлар учун севимли қадамжо»га айланишига ишонганди.

Тошкентда 2005 йилнинг 28 декабрида президент Ислом Каримов ташаббуси билан Мустақиллик майдонида фарзандини бағрига босган ўзбек аёли сиймоси — Бахтиёр она ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтган. «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов 17 йил аввал яратилган мазкур монумент ҳақида унинг муаллифларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, академик Илҳом Жабборов билан суҳбатлашди.

Собор майдонидан Мустақиллик майдонигача

Ўзбекистон пойтахтининг бош майдони ҳисобланган Мустақиллик майдони 1917 йилгача Собор майдони, 1917−1966 йилларда Қизил майдон, 1966−1991 йилларда эса Ленин номидаги майдон деб аталган. Мустақиллик эълон қилингач, «республика кўп сонли жамоатчилигининг хоҳиш-истакларини ҳисобга олиб», президент Ислом Каримов 1991 йил 6 сентябрда жой номини Мустақиллик майдони деб ўзгартириш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Собор майдони. 2011 йил. Фото: MyTashkent.uz

Собор майдони. 2011 йил. Фото: MyTashkent.uz

Қизил майдон. 1950 йиллар. Фото: MyTashkent.uz

Қизил майдон. 1950 йиллар. Фото: MyTashkent.uz

Ленин майдони. 1970 йиллар. Фото: MyTashkent.uz

Ленин майдони. 1970 йиллар. Фото: MyTashkent.uz

Собор майдони. 2011 йил. Фото: MyTashkent.uz Қизил майдон. 1950 йиллар. Фото: MyTashkent.uz Ленин майдони. 1970 йиллар. Фото: MyTashkent.uz

Ноябрда майдонга Озодлик обидасини ўрнатиш бўйича танлов эълон қилинган. Танлов 1991 йил охиригача давом этиши керак эди, аммо кейинчалик муддат узайтирилган. Бу орада матбуотда турли ижодий гуруҳларнинг таклифлари, жамоатчилик вакиллари мулоҳазалари эълон қилиб борилган. Меъморларнинг таклифлари орасида, жумладан, обелиск кўринишидаги ёдгорликлар ҳам мавжуд эди. Жамоатчилик вакиллари орасида эса Лениннинг олиб ташланган ҳайкали ўрнида, масалан, «Ўзбекистоннинг энг катта жомеъ масжидини қуриш» каби тавсия берганлар ҳам бўлган.

Муҳокамалар, мунозаралар узоқ давом этгани боис, 1992 йил июлида танлов «келаси йилдан халқаро миқёсда давом эттирилиши, ҳозирча эса Мустақиллик майдони марказида муваққат обида қад кўтариши» эълон қилинган. Унга кўра, муваққат обида «Ер шари кўринишида» бўлиши, унда «Ўзбекистон харитаси ҳам ўз аксини топиши ва унга зарҳал ҳарфлар билан ‘Ўзбекистон Республикаси’ деган сўзлар ёзиб қўйилиши» таъкидланган». Вақтинчалик бўлиши айтилган бу обида охир-оқибат доимийга айланган, танлов тақдири эса номаълум.

1999 йил 16 февраль воқеаларидан сўнг Мустақиллик майдонидаги портлашлардан зарар кўрган маъмурий бинолар қайта қурилиб, майдон ободонлаштирилган. 1999 йили майдоннинг Навоий кўчасига туташ қисмида Хотира майдони ва Мотамсаро она ҳайкали бунёд этилган. 2005 йил декабрда эса Мустақиллик (Озодлик) обидаси тагига Бахтиёр она ҳайкали ўрнатилган.

«Она — Ватан, унинг қўлидаги бола эса — мустақиллик ва келажак сиймоси»

Ҳайкалтарош Илҳом Жабборовнинг «Газета.uz» мухбирига айтишича, Ленин монументи ўрнига қўйилган Мустақиллик обидаси тагига 2005 йили Бахтиёр она ҳайкали ўрнатилгач, «глобус, она ва бола бир-бирига жуда мос тушди ҳамда чиройли манзара пайдо бўлди». Бу ҳайкални ясаш бўйича ҳайкалтарошлар ўртасида танлов эълон қилинган, унда ўнлаб ижодкорлар қатнашган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Илҳом Жабборов. Видеодан лавҳа.

«Президент [Ислом Каримов] топшириғи билан танлов ўтказилган. Адашмасам, 10−15 нафарга яқин ҳайкалтарош ўз асарлари билан қатнашганди. Турли ижодий ишлар келиб тушган. Кимларнингдир ҳайкали тик турган бўлса, бошқаларники ўтирган ҳолатда эди. Ислом Абдуғаниевич бу ишларнинг бари билан бирма-бир танишиб, ўзига маъқул келганини танлаб олган. Ҳамкасб жияним Камол Жабборов иккимиз ясаган ҳайкал танловнинг якуний натижаларига кўра ғолиб деб топилган», — дейди у.

Илҳом Жабборовнинг хотирлашича, Ислом Каримов ғолиб деб топилган ижодий ишни бир неча маротаба кўриб, ҳар гал илиқ фикрлар билдириш билан бирга, ўз таклифларини ҳам айтган.

Фото: Фарҳод Қурбонбоев (Ислом Каримовнинг шахсий фотографи)

«Ҳайкалнинг ҳозирги ҳолатини кўрган бўлсангиз, унинг қаршисида турган одамга боланинг боши кўринади, юзи эса кўринмайди. Биз танловга топширган композицияда бола онанинг кўкрагига ёпишмасдан, бир қўлини олди тарафга узатиб, қаршисидаги одамга „Ўзбекистонни келажагиман“, деган маънода кулиб қараб тургани тасвирланган эди. Шўх, бахтиёр болакайни акс эттирган эдик. Жуда чиройли, жонли чиққанди. Бу — фақат фарзанд туғиб, уни катта қиладиган она эмас. Бу — она Ватан сиймоси. Қўлидаги бола эса мустақилликка эришган Ўзбекистон ва келажак», — дейди академик.

Ислом Каримов ва Илҳом Жабборов. Фото: Фарҳод Қурбонбоев (Ислом Каримовнинг шахсий фотографи)

«Лекин президент онага кўпроқ урғу беришимиз кераклигини айтган. Унга гап қайтара олмаганман. Лекин ҳозирги ҳолати ҳам ёмон эмас», — дейди ҳайкалтарош. Илҳом Жабборовнинг таъкидлашича, у Ислом Каримовни «жуда ақлли инсон» сифатида жуда қаттиқ ҳурмат қилган, президент вафот этгунича, 25 йил давомида унинг ёнида юрган. «Ҳар ойда бир марта бўлса ҳам учрашардим. Айрим пайтлари ўзи чақиртириб, янги ғоя ва лойиҳаларни айтарди, фикр алмашардик», — деб хотирлайди у.

Ислом Каримов бу ер «келин-куёвлар учун энг севимли қадамжога айланишига» ишонганди

Бахтиёр она ҳайкалининг очилишида давлат раҳбари Ислом Каримов қатнашиб, монумент пойига гул қўйган. Биринчи президент ушбу монумент нима учун Мустақиллик обидаси билан ёнма-ён ўрнатилганини тушунтириб берганди.

https://www.youtube.com/watch?v=YvwwkH7oV2k

«1991 йилда азим пойтахтимизда, мана шу майдонда Мустақиллик ҳайкали ўрнатилган ва йиллар давомида у ўз жойини топди, шаклланди. Мана энди унинг ёнига янги — Бахтиёр она деб ном олган ҳайкал ўрнатилди. Савол туғилиши мумкин: нима учун бу икки ҳайкал ёнма-ён бўлди? Бу саволга жавоб бериш қийин эмас. Ҳеч қандай шубҳа бўлмаслик керакки, фақатгина мустақиллик ҳуқуқига эга бўлган халқ, миллат, авлод эркин ва озод бўлиши мумкин, бахтли бўлиши мумкин. Барчамиз учун муқаддас мана шу иккита тушунча (она ва мустақиллик — таҳр.) бир-бири билан узвий чамбарчас боғлиқ, уйғун, ҳар томонлама бир-бирини тўлдиради. Мазкур мажмуа чуқур маъноси ва кенг мазмуни билан мана шу икки буюк тушунчани мужассам этган. Яъни мустақиллик ва она сиймосини», — деган Ислом Каримов.

Биринчи президент «муҳаббат, меҳрибонлик, фидойилик тимсолини ўзида мужассам этган мажмуа»га «Мустақиллик ва эзгулик монументи» деб ном беришни таклиф қилган ҳамда «халқимиз, жамоатчилигимиз бу фикрни албатта қўллаб-қувватлаши»га ишонишини таъкидлаган. Президент Каримов «ушбу табаррук маскан халқимиз учун, ёшларимиз учун, аввало, келин-куёвлар учун энг севимли ва мўтабар бир қадамжога айланишига» ишонч билдирганди.

«Нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистонимизнинг чекка-чекка жойларида истиқомат қилаётган халқимиз вакиллари ҳам албатта, шу ерга келиб, ушбу зиёратгоҳни ўз кўзи билан кўриши, мана шу табаррук жойнинг олдида туриб, таъзим қилиши, ўйлайманки, бу одатимизга айланиб қолади. Узоқ-яқин меҳмонларимиз ҳам мана шу жойларни зиёрат қилиб, таъзим беришни ўзимни бурчим, деб билиши муқаррар, деб ўйлайман», — деганди Ислом Каримов.

Президентнинг 2006 йил февралидаги қарори билан Мустақиллик ҳайкали ва Бахтиёр она сиймосини мужассам этган янги монумент Мустақиллик ва эзгулик монументи номини олди. Худди шу қарор билан умумхалқ байрамлари ҳамда давлат миқёсидаги бошқа тантанали маросимларда янги монумент пойига гулчамбар қўйиш маросими расман жорий этилади. Ўзбекистонга ташриф буюрган чет эл давлат ва ҳукумат раҳбарларининг Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиши ҳам айнан 2006 йил февралидаги қарордан сўнг анъанага айланган, уларнинг аксарияти Тошкент халқаро аэропортидан чиқибоқ тўғри Мустақиллик майдонига келарди.

Россия президенти Владимир Путин. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Хусусан, 2015 йил октябрда Япониянинг собиқ бош вазири Шиндзо Абэ, Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2015 йил октябрь ва 2018 йил апрелда, 2015 йил ноябрда Покистоннинг собиқ бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф, 2016 йил июнда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин она ҳайкали пойига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиев, 2017 йил. Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Шунингдек, 2017 йил октябрда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев, 2017 йил декабрда Афғонистон Ислом Республикасининг собиқ президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, 2017 йил декабрда Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооранбай Жээнбеков, 2018 йил августда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, 2018 йил сентябрда Беларусь президенти Александр Лукашенко, 2018 йил октябрда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, 2019 йил апрелда Жанубий Кореянинг собиқ президенти Мун Жэ Ин, 2019 йил апрелда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, 2021 йил мартда Венгрия бош вазири Виктор Орбан Бахтиёр она пойига гул қўйган.