Ислом Каримовга тириклигида бюст қўйилганмиди?

Журналист ён дафтаридан

1993 йил эди. Тўсатдан мени Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазхон Мухторов чақиртирди. У жуда қўрқинчли одам бўлган. Хизмат машинаси олд ўриндиғида доим автомат ушлаган барваста йигит – қўриқчиси ўтирарди. Унинг кабинети кираверишида пост қўйилган бўлиб, икки автоматчи турарди. Кимда ким вилоят ҳокими Мирзажон Исломов қабулига унинг рухсатисиз кирса “адабини” бериб қўярди. Бу сатрлар ҳолва эканини Мухторовга рўбарў бўлганлар яхши билишади. (Ҳайриятки, уларнинг анчагинаси ҳали ҳаёт).

– Демак, гап бундоқ, – деди Мухторов ҳол-аҳвол ҳам сўрамай. – Ҳозир сенга бир нарса кўрсатаман. Бугун, бир соатдан кейин ўша ерда мажлис ўтказаман. Гап мажлисда эмас, сен мен айтган нарсани қайта-қайта кўрсатасан репортажингда. Ва репортаж бугун “Ахборот”да берилиши шарт. Тушундингми? Уни Президент кўриши керак.

Мухторов гап қайтарган ёки савол берганни ёқтирмас эди. Бош ирғадим.

– Юр бу ёққа, – деб йўл бошлади у.

Биз қуролланган соқчилардан ўтиб ҳокимиятнинг йиғилишлар катта залига кирдик.

Пардалар янгиланибди. Деворлар рангбўёғи ўзгарган. Люстра ҳам алмашибди.

– Нега анқайяпсан, – Мухторов бир жеркиб берди. – Бу ёққа қара!

Залдан ярим метрча кўтарилган саҳнага қўйилган стол ортига бюст ўрнатилганди. Оппоқ рангга бўялган, қуюқ лак берилгани учун ялтироқ. Яқинроқ келдим.

– Ие, бу президентимиз Ислом Каримов-ку!

– Ҳа!

Мухторов менинг ҳайратланиб турганимдан ғазабланарди.

Бу тирик президентга қўйилган биринчи бюст эди.

– Намунча анқаясан, боя айтганимдек, менга мажлис эмас, Ислом акани ҳар тарафдан қайта-қайта кўрсатишинг муҳим. Мажлис эса баҳона холос.

Телевидение мухбири сифатида Ислом Каримов мамлакат раҳбарлигига келгани – саксонинчи йилларнинг охиридан то ўша кунгача у иштирок этган йиғилишларда қатнашганман, вилоятларга сафари чоғида ҳамроҳлик қилганман. Уч-тўрт бор жойларда қисқа-қисқа суҳбатлашгандим ҳам. Журналист нафақат ахборот тарқатувчи. Балки сиёсатчи ва психологдир. Президент руҳиятидаги айрим хислатларни тушуниб қолгандим. Менимча, мажлислар залига бюст қўйилгани унга мутлақо ёқмайди, деб ўйладим. Аммо мен ҳатто президент эмас, Мухторов қаршисида эдим.

– Хўп, – дедим унинг қаҳрли кўзларидан аранг қочиб.

Йўқ, бир соат ҳам ўтмади. Вилоят ҳокимлиги мажлислар зали пўрим кийингарларга тўлди. Президиумда Исломов ва Мухторов. Бирин-кетин ўринларидан туриб саноатни ривожлантириш ҳақида гапиришди. Сўнг уч-тўрт чоғли одам минбарга чиқди. Тасвирчимга ҳаммасини тайинлагандим. У залнинг гоҳ саҳнаси, гоҳ қуйидан тасвирга туширар, лекин ҳар бир план (кўриниш)да албатта бюст бор эди.

Мухторов минбардаги нотиқ сўзини тўхтатиб қўйди ва мени ёнига чақирди.

– Хўш, бўлдими?

– Ҳа, етарлича кадрлар олинди, – дедим мен.

– 12даги самолёт сени кутиб турибди, ёрдамчим аэропортга олиб чиқади. Тез жўна, – деди у. – Ҳа, Яҳяевга айтиб қўйганман!

Яҳяев телерадиокомпания раиси эди. Президентнинг Мухторовга бўлган ишончи туфайли вазирлар ҳам унинг гапини қайтара олмасди.

Самолётда, йўл-йўлакай матн ёздим. Телевидениега етиб келгач дарҳол монтажхонага югурдим. Дастлаб матнини ўқиб, сўнг овоз устига тасвирлар ёпдим. Лавҳа тайёр бўлгач овозимни олиб ташладим. Сўнг матнни машинкада ёздириб раҳбариятга топширдим.

– Мен овозимни олиб ташладим. Лавҳа намойиш қилинса мен муаллиф эканимни кўрсатмаймиз, – дедим “Ахборот” директорига. – Илтимос, навбатчи диктор ўқисин матнни.
Масала дарҳол Яҳяевга етиб борди.

– Нега, нега, – деди у ҳайратдан. – Ахир шундай лавҳага нега овоз бермайсан?

– Шавкат ака, менга қолса, бу лавҳани умуман эфирга бермаслик керак, оз-моз бўлсада Ислом акани биламан, бюст қўйилгани уларга ёқмайди.

– Дайти диктору, пуст она прочтет, – деди Яҳяев менга эшикни кўрсатиб. Раис рус тилида гапиришни ёқтирар эди. Кейин орқамдан сўкингандек бўлди. – Дурак и трус!

Эфиргача икки соат бор. Юрагим ғаш. Гўё ҳаво етишмаётгандек ташқарига чиқдим. Ўзим билан ўзим курашардим. Нега бундай қилдим? Балки Президентга ёқар бу? Ахир Фарғона дарвозаси пештоқига барельфини қўйдирди Мухторов, президент ҳеч нима демади-ку? Лавҳага овоз бермаганим, муаллифлигимни кўрсатмаганим мени Президент фаолиятини ёритадиганлар рўйхатидан чиқариб юбормасмикан?

Кутганда вақт ўтмайди. Ниҳоят эфир соати келди. Мен аппарат хонасида кузатар эдим. Фарғонадан тайёрланган лавҳа биринчи бўлиб эфирга чиқди. Ўн-ўн икки бор турли ракурсларда кўринганди президент бюсти. Сўнг диктор иккинчи, учинчи лавҳани эълон қилди. Шу пайт йўлакдан “Обидов!” деган овоз эшитилди. Югуриб коридорга чиқдим. “Ахборот” директори ташвишли оҳангда “тез Яҳяевга” деди.
Ҳа, мен кутган воқеа содир бўлганди. “Ахборот”ни кузатиб турган Президент ўша заҳотиёқ дарғазаб бўлибди. Матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўстни чақириб нима деса дебди. Бир соат ўтмай телевидение раисининг хонаси гавжум бўлиб кетди. Матбуот котиби, Давлат маслаҳатчиси, яна кимлардир…

Ҳамма айбдорни қидирарди. Мен бўлган воқеани борича айтдим. Жумладан, нега овоз бермаганимни ҳам. Мурод ака адолатли инсон. Кейин ҳам бир неча бор мени туҳмат ва тазйиқдан сақлаб қолган. Ўшанда менга бир сўз демади. Чунки вазиятни тушуниб турган эди.

– Шоир, сиз кетаверинг! – Бор айтган гапи шу бўлди, Мурод аканинг.

Воқеанинг эртаси куниёқ Президент матбуот котиби биринчи марта телевидениега чиқиб расмий баёнот берди.

– Президентимиз жойларда бюст қўйилиши, Жиззах йўлидаги каби улкан портретларини ўрнатишни қоралайдилар. Бу раҳбарлик одобига мос эмас, балки илоҳийлаштиришга томон қўйилган ножўя қадамдир!
Мен Тошкентдан қайтсам Ислом Каримовнинг вилоят ҳокимлиги йиғилишлар залидаги бюсти йўқ эди. Ўшанда анча вақтгача Мухторовдан қочиб юрдим. Кўзига кўринмасликка ҳаракат қилдим.

P.S. Ҳа, дарвоқе, билишимча ўша бюст ҳозир ҳам вилоят ҳокимлиги омборхонасида сақланмоқда…

Муҳаммаджон ОБИДОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.