Таҳрирланган табрик

Куни-кеча хуррамлик билан нишонланган журналистларнинг касб байрами, бағоят кўтаринки тадбирлар, тилакбозликлар, айрим, ҳатто ўзим ҳурмат қиладиган қисматдошларимнинг – “ёғлиқ улуфа” ва серсийлов базмлар аро қатнаб, “ковуши йиртилганини” кўриб-кузатиб, бир хотира ёдга келди…

…Адашмасам, 2000-йиллар ўрталари, худди шундай айём кунлари эди. Катта даргоҳда ишлаймиз. Байрам – давлат раҳбарининг табригисиз ўтмаслиги аён. “Тепа”даги таомил шундоқ эдики, уч-тўрт қоғозлик матн аввалдан тайёрланиб, байрамдан бир кун олдин имзо чектирилиб, ўқимоққа тайёр қилиб қўйилмоғи керак. Чунки у байрам чоғи издиҳом аро ғоят кўтаринки бир кайфият ва қироат ила ўқиб берилиши (ким ўқиб беришиниям шахсан ўзлари белгилаб берардилар) ёзилмаган қоидага айланганига анча бўлиб улгурганди.
Ҳозир қандай, билмайман-у, аммо ўша кезлар Оқсоқолнинг нутқ-у табриклари биз эмас, сармунший бош бўлган хизмат томонидан ёзилар, биз – матбуот хизматидагилар бу юмушга аҳён-аҳёнда, лозим топилгандагина жалб этилардик. Вақтида тахт қилиб қўйишга улгуришмаганми ё бошқа важданми, нимаям бўлди-ю, ўша куни бу юмуш девондаги бизнинг бўлинма зиммасига тушди. Тушгандаки… Маҳобат қилаётганимнинг сабаби бор. Тасаввур этингким, собиқ Ҳамза театри биноси журналистлар-у кўнгил хушлашга жалб этилган яллачилар билан лиқ тўлган, барча бош қутловни кутиб турибди. Табрикка эса, қарангки, ҳали имзоям чекилмаган…

Икки оёқлари бир этикка тиқилган масъуллар менинг бевосита раҳбарим бўлмиш – ўша чоғларда Каттанинг кўнглига йўл топа олиши билан машҳур шахснинг ёнига келишди. У эса не сабабдандир (сабабини ҳалиям билмайман) бирга кирасан, деб мениям қаватига қўшиб олди. Икки ёрти — бир бутун, уч-тўрт варақ қораламани қўлтиқлаб, узун-қисқа бўлиб, қабули олийга кириб бордик.

Оқсоқол табрик лойиҳасини олиб, қараган одамнинг – юраги товонига тушар даражадаги жиддийлик билан тузата кетди. Ўзиям варақнинг бўялиб, тузатилмаган соғ жойи қолмади. Ичимда “Бу-ку, бир табрик экан, қулоч-қулоч нутқларни ёзадиган одамнинг жонига тўзим берсин”, дейман. Хуллас, ҳалиги ёзганларимиз ўтмади. Ёзиб берилган ва айтилган жумлаларни қўшиб, боз қайта олиб кирдик. Буниям тақдири ўшандоқ кечмасин, дея юрак ҳовучлаб турибмиз. “Лиқ тўла, бир театр мардум шу табриккинани кутиб турибди-я, тезлатинг. Бу ерда не деб ёзилганининг фарқи йўқ, мажлис аҳли барибир уни тик оёқда, давомли ва гулдурос қарсаклар билан кутиб олади” деб юрт раҳбарига айтгувчи мард қани денг…

Бу сафар, имзо қўйгувчи одам – “Сен овоз чиқариб ўқи-чи, қандоқ чиқибди” деб каминага матнни тутқазди. Телевизордаям чиқиб туришимиздан хабари бор эди раҳматлининг. Тасаввуримда шу нарсани кутиб турган юзлаб одам, қаршимда синовчан, вужудингни бамисли рентгендан ўтказгудек нигоҳ. Шу пайт “ялт” этиб миямга бир гап, очиғини айтаверсам, кичик бир ҳийла келиб қолса, денг.

Юртбоши ўша кезларда телевидениенинг пешқадам суҳандонларидан бири, ардоқли санъаткор Мирзоҳид Раҳимовни ўта қадрлар, табриг-у фармонларини ҳам “Қорақош ўқисин, тингловчига ўша яхши етказиб беради”, дея амр беришини эшитган эдим. Қарангки, гап-гаштаклар-у, торроқ давраларда, яқинлар олдида машҳур одамларнинг овозига тақлид қилиш ҳунариям бор эди каминада. Ўзимча “Шошма, эзгулик йўлида бир марта артистлик қилсам, қилибман-да”, дея таваккал қилиб, табрик матнини – ярим ўз овозимда, ярим Мирзоҳид аканинг оҳангида ўқий кетдим. (Тўлиқ тақлид қилсам, билиниб қолиб, расвойим чиқиши турган гап эди. Лекин азбаройи вазиятдан чиқиш учун қилганим – шу майнавозчиликни ўйласам, ҳали-ҳануз қўрқиб кетаман).

Варақнинг яримларига келгач, қўрқа-писа, кўз қирим билан эшитгувчига қарасам, “Ўқийвер, болам, ўқийвер” деган далдани эшитдим. Қанот боғлаб, қолганиниям шу тахлит шариллатиб ўқиб бердик. Ҳартугул, “тадбир” иш берди шекилли, бу гал табрикка имзо чекилди. Ташқарига чиққач, бевосита раҳбарим менга қарата “Ҳа, “мошенник”, текстни анави дикторнинг овозида ўқидинг-а, санам балодек пухта экансан”, деганидан билдимки, буни уям сезибди. Лекин муҳими натижа эмасми? Унгаям шундоқ дедим.

Аммо минг таассуфки, ўлиб-тирилиб қилган тоат-ибодатларимиз ҳам, ҳийлаям унча иш бермади. Тўғрироғи, ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди, фақат Раҳбар билан хайрлашиб чиқаётганда, менинг бошлиғим – ўша пайтдаги Матбуот котибининг “Ислом ака, тадбир ўтиб бўлди энди”, дегани ҳамма ишни бузиб қўйди. Ўзиям-ку, эшитадиганини эшитди.

Юқоридагилардан айтмоқчи бўлганим шуки, биз бугун – “қўрқувда яшаганмиз”, дея кўпинча маломат қилгувчи ўша замондаям журналистика, сўз эркинлиги масаласига шунчаки, қўл учида қаралган эмас. Башарти ўшандоқ бўлганда, анчайин лутф ўрнида қабул қилинадиган табрикка бу даражада эътибор қилинмасди. Ҳамма гап ниятнинг астойдил эканида-ю, ўша ниятни амалга оширгувчи ўртадаги масъулларнинг хоҳишида…

Дарвоқе, каминанинг бошига тушган талай кўргуликлар ҳам айнан шу воқеадан кейин бошланган. Чунки Каттадан – ўз ходими олдида қаттиқ дакки эшитиш, Каттанинг эса – ўлганнинг устига тепгандек қилиб, ўша зумрашага “болам”лаб туриши кимга ёққан ўзи. Табрик ёзмайлар кетай, деганман…

“Ажаб замон-е” туркумидан,

Комилжон Шамсиддинов, журналист