У кишининг Қашқадарёга меҳри бўлакча эди

Ислом Каримов Қашқадарё обкомининг биринчи секретари сифатида ишга юборилган 1986 йилда мен область партия комитетининг нашри – «Қашқадарё ҳақиқати» вилоят газетасида ишлардим.

Янги вилоят раҳбарига ўтмишдан оғир мерос қолганди. «Пахта иши» туфайли Москвадан келган махсус тергов гуруҳи раҳбарлари – Гдлян ва Ивановнинг зуғумига чидолмаган вилоят партия қўмитасининг йигирма беш йиллик биринчи котиби, Шароф Рашидовнинг сафдоши, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзмет Ғоипов ўз жонига қасд қилган, ундан кейин бир йилгина ишлаган сурхондарёлик Нормўмин Туропов ишдан бўшатилиб, устидан жиноий иш қўзғатилган эди.

Мана шундай оғир бир шароитда Республика давлат план қўмитасининг раиси, молия вазири бўлиб ишлаган Ислом Каримов вилоятни қабул қилиб олди.

Бу ўз фикрига эга, қатъиятли кадр учун ўша йиллардаги республиканинг «қўғирчоқ» ҳукумати томонидан ўйлаб топилган бир «сургун» – мақсад Ислом Каримовни йўқ қилиш эди.

Ислом Каримов ишни вилоят билан танишишдан бошлади. Бир ўзи кузатувчиларсиз обкомнинг унча янги бўлмаган «Газ-24» (Волга) машинасида вилоятнинг тоғ ва чўл зонасидаги энг олис қишлоқларигача бориб чиқди. Одамлар билан танишди, шароитларни ўрганди, муаммолар билан қизиқди. Қама-қамалар, адолатсизликлардан аҳоли чарчаган, турмуш оғирлашган, каттаю кичик раҳбарлар қўрқиб қолган, ҳамманинг боши эгик эди.

Мен туғилиб ўсган Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоқ советининг раиси бўлиб ишлаган раҳматли Шодмон бува Жумаев шундай ҳикоя қиларди:

«Бир куни эрталаб идорамизнинг олдида тургандим. Оппоқ «Волга» келиб тўхтади ва ундан ранги тоза, одми кийинган, ўрта бўйли киши тушиб, мен билан саломлашди ва ёнимиздаги «Сельхозтехника» машина-трактор парки томон юрди. Область ва райондаги аксар каттаю кичик раҳбарларни танирдим, бу одамни эса эслолмадим.

Шунинг учун уни кузатиб турдим. У машина-трактор паркининг очиқ турган дарвозасидан ичкарига кириб, ҳовлида турган техника воситаларини бирма-бир кўздан кечирди, қоровулдан нималарнидир сўради ва қайтиб чиқди. Корхона раҳбари ҳали ишга келмаганди. У яна менинг ёнимга келди. Қишлоқда қанча аҳоли яшаши, нечта мактаб ва боғча борлиги, касалхона ва бошқа шароитларни сўрай бошлади. Мен сергак тортдим. «Кечирасиз, мен сизни танимайроқ турибман» дедим.

У киши жавоб берди: «Каримовман». «Қайси Каримовлардансиз?» Шунда у киши мийиғида кулди ва ўзини таништирди. «Мен обкомнинг янги биринчи секретари Ислом Абдуғаниевич Каримов бўламан» деди. Ҳаяжонланиб, ҳовлиқиб қолибман, шекилли, «Ассалому алайкум, Ислом ака, унда бошқатдан бир кўришайлик» деб икки қўллаб қўлини сиқдим. Ислом Абдуғаниевич жилмайиб қўйди ва мен билан хайрлашиб, машинага ўтирди. Кейин ҳам қишлоғимизга бир неча бор келди».

Бир куни бош муҳарриримиз ҳаммани обкомнинг янги биринчи секретари чақираётганини айтди. Вилоятнинг барча журналистлари йиғилгач, Ислом Абдуғаниевич уларга қарата: «Мен вилоятда янги одамман. Сизлар менга ёрдам беринглар. Вилоятдаги шароитни, муаммоларни айтинглар!», деди ва у кишининг таклифи билан биз туманларга бириктирилиб, одамларни дала ишларига жалб қилиш мақсадида тарғибот-ташвиқот юмушларини олиб бордик. Масалан, мен ўша пайтдаги Усмон Юсупов номидаги туманга (ҳозир Миришкор) бориб, бригадаларда деворий газеталар чиқарганмиз.

Бу ишлар қандай натижалар берганини билмадим. Аммо шундан сўнг Ислом Каримов ҳар ойда биз билан учрашадиган бўлди. Саволларимизга жавоб берар, инжиқроқ ҳамкасбларимиз билан баҳслашишдан эринмасди. Ёки ҳар душанба куни бўладиган таҳририят «планировка»ларида қўққисдан бош муҳарриримизга қўнғироқ қилиб қолар, газетада берилаётган мақолалар ҳақида фикр билдирар, кўрсатмалар берарди.

Умуман, Ислом Абдуғаниевич журналистларга нисбатан эътиборли эди. Кейинроқ у киши республикага биринчи раҳбар бўлиб кетгач, ЎзАнинг вилоятдаги мухбири сифатида кўп бор Қашқадарёга қилган сафарларида ҳамроҳ бўлганман, ўтказган йиғилишларида иштирок этганман. Тошкентга қайтар экан, аэропортда, албатта, журналистлар билан бирма-бир қўл бериб кўришар ва сафар ҳақидаги фикрини, саволлари бўлса, беришини сўрарди. Журналистлар билан кўпроқ гаплашишга интиларди.

У кишининг Қашқадарёга меҳри бўлакча эди. Бу воҳани иккинчи она юртим, деб атарди. Ва бир гапни кўп бора такрор-такрор айтганини эшитганман: «Менинг Тошкентда кабинетларда ўтган 27 йиллик умрим Қашқадарёда ишлаган 3 йиллик иш фаолиятим билан тенг тош босади» дерди.

Имкони бўлса, бир йилда икки бор, ҳеч бўлмаса, албатта, бир бор бу воҳага сафар қилар, кўпинча ёз ойларида ёки пахта йиғим-терими мавсумида борарди. Биз у киши ҳаётининг энг қизғин йиллари ўтган жойларни кўриб, бирга ишлаган одамлар билан учрашиб, меҳнатларининг самарасини сезиб, завқ, куч-қувват олишини ҳис қилардик. Қашқадарёликлар ҳам бу кишини яхши кўради. Оғир дамларда воҳа аҳлини қўллаб-қувватлагани, вилоят шаҳар ва қишлоқларини обод ва кўркам қилишга қўшган ҳиссасини сира унутмасди.

Бу дунёда ҳеч ким боқий эмас. Ислом Каримов «ўтган»ида бутун Ўзбекистон йиғлаганининг гувоҳи бўлдик. Бугун Ислом Абдуғаниевич орамизда йўқ. Аммо у киши амалга оширган эзгу ишлар ҳамиша барҳаёт. Эккан дарахтлари яшнаб турибди. Шогирдлари мамлакатни бошқармоқда.

Шу ўринда Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан донишмандона иш тутилганига бутун дунё тан бермоқда. Мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳрида, у киши туғилиб ўсган Самарқандда, катта сиёсатга учирма бўлган Қашқадарё вилоятининг маркази – Қарши шаҳрида Биринчи Президентимизнинг ҳайкаллари қад ростлаб турибди. Ишлаган, асосий умри ўтган Оқсарой қароргоҳида илмий-маърифий ёдгорлик мажмуи ташкил этилган. Халқаро аэропортга, у киши ўқиган техника университетига, қатор кўчаларга Ислом Каримовнинг номи берилган ва ҳакоза.

Қайтар дунё деганлари рост экан. Бир вақтлари у кишининг ўзи элимизнинг атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовга нисбатан тарихий адолатни тиклаганди. Ўзбекистон ҳукумати бу масала – ўтмишга муносабатда кўплаб олис ва яқин давлатларга ибрат бўлмоқда, дейишимиз мумкин.

Таъкидлашим керакки, ижтимоий тармоқларда баъзи бир хориждаги ҳамкасбларимизнинг Биринчи Президентимиз шаънига билдираётган танқидий фикрларини мен сира қабул қилолмайман. Уларга айтадиган гапим: шу одамнинг ўрнида сиз бўлганингизда нима қилардингиз? Ислом Абдуғаниевич ўзбек халқи учун қилган хизматларининг юздан бирини ҳам қилмаган ҳолда унга «тош отиш», «ғийбат, бўҳтон» ишлар билан шуғулланиш гумроҳлик. Беайб парвардигордир.

Бугун айтилаётган муаммолар ҳамма замонларда бўлган ва бундан кейин ҳам камайиб қолмайди. Халқимиз эркин ва фаровон яшашга ҳақли. Шунинг учун ҳам одамлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Айниқса, бу йил мамлакатимизда содир бўлган синовли воқеалар – Бухородаги тўфон, «Сардоба» сув омборидаги тошқинлар, бутун ер юзини қамраб олган коронавирус пандемияси Ўзбекистон халқини янада жипслаштирди, давлатга ишончини орттирди. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқи халқимизни янги бунёдкорликлар сари ундамоқда. Халқ ва давлат бирлиги, бир-бирини қўллаб-қувватлаши ютуқларимизнинг асосий омили бўлмоқда.

Энг муҳими, тинчлик ва мустақилликни асрашдир. Халқимиз, авлодларимиз Биринчи Президентимизнинг номини ҳали кўп йиллар миннатдор бўлиб ёд этгай…

Абдужалол ТАЙПАТОВ, ЎзА