Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа

Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили — бу миллатнинг руҳидир.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».

Бу ҳақда гапирганда, мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида қандай қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтгани беихтиёр ёдимизга тушади. Ўшанда айрим сиёсий гуруҳлар Ўзбекистон шароитига мутлақо тўғри келмайдиган, бир-бирига бутунлай зид ва қарама-қарши фикрларни олға сурган, шунинг ҳисобидан ўзига обрў топиш, одамларни ортидан эргаштиришга уринган эди. Нега деганда, тил билан боғлиқ муаммолар орқали миллий туйғуларни рўкач қилиб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш мумкин.

Мана шундай ўта қалтис ва мураккаб вазиятда агарки озгина эҳтиросга берилсак, ҳушёрликни йўқотсак борми, арзимаган учқундан ўт чиқиб кетиши ҳеч гап эмасди. Марказда ва ўзимизда қулай баҳона кутиб, пайт пойлаб турган империяпараст кучларга айнан шу нарса керак эди. Аммо биз улар кутган йўлдан бормадик. Оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришдик.

Аввало, республика Олий Кенгаши қошида давлат тили бўйича таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар, журналистлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус комиссия ташкил қилинди. Комиссия аъзолари аҳолининг турли ижтимоий қатламлари, сиёсий гуруҳлар, барча миллат ва элат вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни атрофлича ўрганиб, республика раҳбарияти ва кенг жамоатчиликка доимий ахборот бериб борар эди. Ана шундай ишчанлик руҳида Олий Кенгаш сессиясига тақдим этиладиган лойиҳанинг ҳар бир моддаси бўйича ҳар тарафлама фикр алмашув, баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди.

Ниҳоят, 1989 йилнинг 19 октябрь куни бу ўта муҳим масала Олий Кенгаш сессияси муҳокамасига қўйилди. Ва қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Бу Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди.

Ислом Каримов. “Юксак маънавит енгилмас куч” китоби. 2008 йил