Ислом Каримовнинг падари бузруквори

Абдуғани бобо бутун умр хизматчи бўлиб ишлаган ва ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиққўл, талабчан инсон эдилар. У 1894 йилда туғилганлар.
Соқолини қиртишлаб олиб, этигини ярқиратиб мойлаб юришга одатланган Абдуғани бобо аввало ўзлари қатъий интизом ва тартиб-қоидага риоя этар, фарзандларидан ҳам шуни талаб қилар эдилар. Маҳалла-кўйнинг эҳтиромини қозонган инсон бўлганлар.
Абдуғани бобо ва Санобар ая фарзандлари билим олишга интилиши ва камолга етиши учун зарур шароит, муҳитни яратган эдилар.
Пировардида Каримовлар оиласида барча ўғил фарзандлар олий маълумот олди, улардан уч нафари мактабни олтин медалга битирди, уч нафари фан номзоди бўлди – Ибод Ғаниевич, Қуддус Ғаниевич ва Ислом Абдуғаниевич. Бу – ўша давр учун ҳам, бугунги кун учун ҳам камёб ҳодисадир. Кейинроқ Ислом Каримов академик даражасини олдилар.
Барча ака-укалар жуда кучли хотирага эга эдилар. Бу қондан қонга ўтиб келган фазилат бўлса ажаб эмас. Ака-укалар ўзаро мусобақалар ўтказишар эди, масалан, бирор матн ўқилиб, уни ёддан айтиб бериш борасида беллашилар эди. Кейинроқ ака-укалардан бири олий ўқув юрти ўқитувчиси, бири судья, бошқалари хизматчи, олим ва… Президент бўлди.
Зиёли бу оилада ўғилларнинг муносиб таълим олишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратилган эди. Вақтнинг ўзи бу ҳаётий тутум қанчалар тўғри бўлганини кўрсатди.