Ислом Каримов ўз қарорини нега ўзгартирди ёки Ал-Фарғоний изидан қадим Фустотгача

Буюк астроном, математик ва географ ал-Фарғоний ўзининг илмий кашфиётлари билан умумбашар тараққиётга салмоқли хисса қўшган.
Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Ахмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир. Ал-Фарғоний Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган, деб ҳисоблайдилар олимлар.
Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлганлигига қарамай, ўрта асрларда Шарқда унинг номи машҳур бўлган. Академик М.Хайруллаевнинг таъкилашича Ибн ан-Надим (X аср), Ибн ал-Қифтий (XII—XIII асрлар), Абул Фараж Бар Эбрей (XIII аср), Ҳожи Халифа (XVII аср) каби Шарқ олимлари уни ўз асарларида эслатадилар.
Ахмад ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва энг аниқ хабар 861 йил билан боғланади. Мавжуд маълумотларга кўра, у шу йили Қоҳира яқинидаги Роуд оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини белгиловчи ускунани ясаган. Бироқ ал-Фарғоний қандай қилиб ва қандай шароитда Мисрга бориб қолгани ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» («Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум») XII асрда лотин тилига икки марта ва XIII асрда бошқа Европа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи «Алфраганус» шаклида ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Европа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади. “Ал-Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, у энг қадимги нашр қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур Голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус ал-Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг, ал-Фарғоний ва унинг асарининг Европадаги шуҳрати янада ортди. Ал-Фарғоний номини Данте (XV аср) ва Шиллер (XVIII аср) ҳам эслаган”, деб ёзади М.Ҳайруллаев.
Ҳозирги кунда ал-Фарғонийнинг саккиз асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор ва улар дунёнинг Берлин, Лондон, Париж. Техрон, Қохира каби шаҳарларидаги музейларда, илмий марказларда сақланмоқда.
Фарғонийнинг номи нафақат шарқ ва Ғарбда, ўз юрти Ўзбекистонда, ғурур ва ифтихор билан тилга олинади, ўрганилади, 1998 йилда Ўзбекистан Республикаси Президентининг фармони билан алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.
1998 йилнинг ёз ойлари. Аҳмад ал-Фарғоний юбилей тантаналари тобора яқинлашмоқда эди. Қува маркази ва Фарғона шаҳрида жуда кенг қамровли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган чоғлари унга ҳар ким ҳисса қўшай деяётганига кўп гувоҳ бўлдим. Манбааларда буюк олим умрининг сўнгги кунларини Нил дарёси ғарбий қирғоғидаги қадим Фустот шаҳрида ўтказгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Аммо унинг абадий оромгоҳи-хилхонаси қаерда, бу мавҳум эди. Шундай кунларнинг бирида Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ректори, академик Неъматилло Иброҳимов мен билан сухбатда бир таклиф айтиб қолди.
-Институт хомийлик қилади. Мисрга бориб келинг. Балки Фустотдан бирор дарак топарсиз.
“Ахборот” рахбарияти таклифни қўллади. Биз, тасвирчи Шухратжон Мирзакаримов билан сафар таржимони мақомидаги профессор Сарвар Ғофуров ҳамроҳлигида Қохирага учиб бордик.
Минг йиллар давомида қанча хоқону фиравнларни кўрган, бир қарич худуд учун юз минглаб жангчиларни қурбон берган афсонавий, сиру-синоатга йўғрилган Миср ҳақиқатларини бу юртга неча бор келган бўлсамда англаб етолмасдим. Бир манзил, бир ёдгорлик, бир манзара ҳар гал менда янги-янги таассурот, уйғотади.
Қохира кўчаларини ёлғиз кезишни ёқтираман. Айниқса, Хон Ҳалил мавзесини. Бу ерда одамлар эркин. Истаса соз чалади, истаса қуйлайди. Дўст-биродари билан араб қахвасини ичиб чуқур-чуқур чилим тортади. Дўконларда савдо-сотиқ авжида. Сангтарош ва мисгарларнинг бозори чаққон. Мен ҳам йўл четидаги қаҳвахона столларидан бирини эгаллайман. Қаршимдаги дўмбира чертаётган кишининг кўзларига термуламан. Во ажаб. Усти чор-ночор. Оёғидаги енгил шиппак ҳам адо бўлай деган. Соқоллари ўсган. Дўмбира торларини енгил ҳаракатга келтириб навобахш садо таратаётган бармоқлари дағал, тирноқлари ўсган… Аммо кўзларичи?! Кўзларида хаётидан ризолиги, эртасидан умидворлик, покиза қалбидаги эзгулик болаларча софдил нигоҳларда одамни ром этади. Наҳотки шу камбағал умри, бугуни ва ночор келажагидан рози бўлса?! Беихтиёр “машаллах” деб юбордим. У мени эшитди чоғи, бош силтаб қўйдида, ўзгача, ҳали мен одамларда ҳеч учратмаган самимийлик билан куй услубини шўхчанг садоларга бурди. Ана, кўчадан ўтиб кетаётган бир неча европалик ажнабийлар ҳам тўхтаб созандани олқишлай бошладилар. Бу унга илҳом бердими, у танасини усулга мос тебратиб янада завқ-шавқ билан дўмбирасини черта кетди.
Шу лаҳза қахвахона эгаси олдимга кўмири тутаб турган чилим қўйд. Уни тортиб кўрсам-кўрмасам хақини тўлардим. Умр бўйи чилим чекиб юрган одамдек ўзимча тавозе билан чилим муштугини тишладиму янада ястаниброқ ўтириб ичимга торта бошладим. Аччиқ тутун томоғимдан нари ўтмади. Уни на оғзимдан, на бурнимдан қайтариб чиқара олмасдим. Шу қадар қийналиб йўталдимки, кўзларим қинидан чиқай деди. Созанда эса мийиғида кулиб қўйди, лекин куй усули ўша-ўша. Кетма-кет қахва хўплаб аранг ўзимга келдим. Шу тариқа тун тонгни қувиб борарди. Меҳмонхонага қайтганимда ҳар ер-ҳар ердан азон овози эшитила бошлади.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Шамсиддинхон Бобохонов ёрдамида мисрлик бир неча тарихчи, файласуф, коинот илмининг олимлари билан учрашиб Ахмад ал-Фарғоний ҳақида батафсил сухбатлашдим. Кейинроқ Миср ташқи ишлар вазирлиги, Қохира шаҳри маъмурлари, Қохира Давлат Университети рахбарияти қабулида бўлдим. Яна ўша мавзу. Қохира кўчаларида ўнлаб одамларни тўхтатиб сухбатга чорладим. Во ажаб. Ўндан етти-саккизи ватандошимиз Ахмад ал- Фарғонийни билар, у ҳақида мехр билан гапирар эди.
Маълумки, Ахмад ал-Фарғоний аввало коинот илмининг буюк олими. Лекин у Фустотга келиб яшай бошлагач аҳолига нисбатан қўлланилаётган солиқ адолатсизлигидан изтироб чекар, уни ислоҳ қилиш чораларини излар эди.
Тўрт минг километр узунликдаги Буюк Нил Миср халқи учун ҳаёт –мамот дарёси эди. Мамлакат ҳудудининг атиги олти фоизидагина деҳқончилик қилиш, бирон егулик етиштириш мумкин бўлган. Бу ҳам Нил туфайли. Колган қисми қумлик бўлиб, дарё суви етиб бормас эди. Ана шу олти фоиз сувли ер халқни боқиб келган. Ҳозир ҳам шундай. Аммо ўшанда Нил сув сатхи тизгинсиз бўлган. Яъни, бир йил сув сатхи кўтарилса қирғоқдаги деҳқон ерларини сув босиб хосили нобуд бўларди. Ва аксинча, сув сатхи пасайиб кетса қирғоқдан узоқроқдаги ерлар қурғоқчиликка учрарди. Шунга қарамай давлат солиқчилари ҳар икки холатда ҳам ер эгаларидан бирдек солиқ талаб қилган. Ахмад ал-Фарғоний юлдузлар харакатини узлуксиз кузатиш баробарида Нил дарёси сатхидаги ўзгаришни дарёдан узоқ-яқинлигига қараб ерлар хосилдорлиги жадвалини тузади ва шу тартибда солиқ тизимини яратади. Олимнинг Нил дарёси оролларидан бири-Роуд “бурни”га қурган “Миқёси Нил” ускунаси Мисрда янгича солиқ миқдорига асос солди.
-Ахмад ал-Фарғоний Мисрда минг йилдан зиёд даврда адолат тарозусини ушлаб турди ва биз мисрликларнинг ўнлаб авлод-аждодлари бу буюк инсон сиймоси қаршисида ҳамиша таъзимдамиз, — деди Қохира Давлат Университети профессори Фотих Аҳмад биз билан сухбатда.
Мана ўша, бобомиз бундан XII аср муқаддам бунёд этган “Миқёси Нил” қурилмаси. 35-40 метрлар келадиган кўприкдан ўтсангиз темир ёғоч (Ҳиндистондан келтирилган бук дарахтидан) қопланган саккиз бурчакли, усти доирасимон қуббали оддий бир бинога дуч келасиз. Нилнинг бир чети шу оролга урилиб иккига бўлинади. Чапда каналсимон оқим, ўнгда салкам бир чақиримча ястаниб оқаётган ҳаёт дарёси. Ҳар қандай холатда ҳам сув “Миқёси Нил” қурилмасига очилган туйнукдан кириб чиқиб туради. Ичкарига кирсангиз ўзингизни гўё бугун Ўзбекистон деб аталмиш мамалакатга келиб қолгандек хис қиласиз. Ўртада мармар устун. Унга сув сатхи ўлчов чизиқлари тортилган. Атроф эса ёғоч ўймакорлиги ҳамда шарқона минатюра безаклари билан қопланган. Айтишларича, Миср халқи уларни асрлар давомида авайлаб асраб келган. Саккиз устун чизгиларига соғинч билан боқаман. Нозик ўймакор нақшларга мехримни бахш этиб силайман. Ахир бу чизги, нақшларга бобомиз Ахмад ал-Фарғоний назари тушган, қўллари текканда. Ҳозир ҳам рухлари мамнун боқиб тургандек эди. Мармар зиналардан устунни айланиб пастга тушаман. У Нил дарёси сув сатхи энг паст бўлгандаги кўрсаткичдан ҳам чуқурроқ эди. Мана бу туйнукдан сув кириб устун чизиқларида кўриниш бергач бошқа туйнукдан чиқиб кетаверган. Бобомиз эса сув сатхи кўрсаткичига нисбатан деҳқоннинг ери дарёдан неча чақирим наридалигига қараб қанча солиқ тўлаши лозимлигини математик формулалар асосида аниқ хисоб-китоб қилиб белгилаб берганлар. Шундай қилиб, сув сатхи кўтарилса ери дарёга яқин деҳқонлар камроқ, ери дарёдан олисроқдаги деҳқонлар кўпроқ ва аксинча, сув сатхи одатдагидан пастлаб кетса дарёга ери яқин деҳқон кўпроқ, ери узоқроқдаги деҳқон камроқ солиқ тўлаган. Аслида оддий қоидага ўхшайди. Аммо унда хозирги ўлчам бирлигидаги бир метр ўзгарса ҳам солиқ миқдори ўзгарадиган жадвални яратиш дарҳақиқат арабларнинг ўзлари айтганидек, буюк кашфиёт, ёки ҳақиқий адолат тарозуси бўлган. Шунинг учун ҳам орадан минг йилдан зиёд вақт ўтибдики, араблар ҳамон аллома номини чексиз ҳурмат билан тилга оладилар. Шунинг учун ҳам Ахмад ал-Фарғоний яратган “Миқёси Нил” ҳамон ишчи холатда сақлаб келинган. Миср Пирамидалари ва Сфинксни, дунёдаги экспонатлари кўп ва энг бой Қохира музейини кўргани келган беш иқлим сайёхлари бу ерга ҳам қадам ранжида қилиб, бобомиз рухи олдида бош эгадилар.
Бугунги Қохира бир неча асрлик тарихга эга бўлган янги шаҳар. Фиравнлардан қолган пойтахт эса – қадим Фустот шаҳридир. У Қохиранинг ғарбида, 6-8 чақирим нарида жойлашган. Хозирга келиб Фустотдан кўхна қалъа деворларининг излари, урушлар чоғи вайронага айланган турар жой қолдиқлари ва балки дунёнинг энг қадимий қабристони сақланиб қолган.
Тарихчиларнинг ёзишича, Фустот ўз даврининг ҳудуди энг катта ва аҳолиси энг кўп бўлган шаҳарларидан бири эди. Шаҳарга 641 йилда асос солинган. Фустот номи тарихий манбааларда қайд этилишининг яна бир сабаби, бу ерда қитъадаги дастлабки масчит барпо этилган. Лекин шаҳар кўчалари, иморатлар ғоят тартибсиз қурилган. Қаердаки масчит, амалдор саройи бўлса, унинг атрофини уйлар қуршаб олаверган. Натижада Фустотда ёнғинлар жуда кўп рўй берган. Шунинг учу ҳам Аббосийлардан сўнг салтанатга келган Фотимийлар 969 йилда мамлакат пойтахтини Фустотдан хозирги Қохира худудига кўчирганлар. Манбаларда айтилишича, 1169 йилги ёнғин шаҳарни тўлиқ қоплаб олган ва бу ерда яшаш имконини қолдирмаган.
Биз Фустот ҳаробалари оралаб қабристонга келдик. Миср мутахасисларининг таъкидлашича, бу ерга дафн этиш тахминан 8-9 аср аввал тўхтатилган. Шундан буён бугунги ўлчамларда 7-8 гектар келадиган қабристонга хеч ким тегмаган. Қабр тошлари қуёш нурида куйиб қорайган. Ёзувлар ўқиб бўлмас дарачага келган. Ҳатто қабр усти тепаликлари ҳам деярли текис холда. Қачонлардир Фустот қабристони Мисрнинг энг олий табақали зодагонлари-ю, уламолари дафн этиладиган киборлар абадий манзили бўлган.
-Бизнингча, Ахмад ал-Фарғоний ҳам шу ерга дафн этилган бўлиши эхтимоли катта. Чунки у Фустотда яшаб ижод қилган замонасининг буюк олими бўлиш билан бирга, “Миқёси Нил” туфайли чексиз шухрат қозонган. Бундай зот, жасади ушбу қабристонга келтиришига барча асослар бўлган, — деди профессор Фотих Ахмад.
Қабристон четига қўйилган ўриндиқда (бу ҳам ҳайратли воқеа эди, ким бу ўриндиқни келтириб ўрнатган?!) икки бор қурон тиловат қилиб дастлаб барча ўтган, шу ерда ётганлар ҳақига, сўнг бобомиз номини тилга олиб алҳида дуои фотиха қилдик.
Фустот қабристонидан бир сиқим тупроқ олиб аввалдан тайёрлатиб келганимиз– сандиқчага солдик. Кейинчалик уни Қувага олиб келиб қурувчиларга бердик. Сабаби, Ахмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейи арафасида Қува ва Фарғонада ул улуғ зот шарафига ёдгорлик қўйилаётган эди. Президент Ислом Каримов тасдиқлаган режага кўра Қувада, олим туғилиб ўсган жойда гумбазли айвон (ротонда) остига нефрит тошидан рамзий қабр қўйилиши лозим эди.
Фарғона шаҳрида эса олим номи билан аталувчи боғ тўри Ал-Фарғонийнинг салобатли хайкали қад ростлаб қолганди.
Биз Мисрдан қайтиб келгач Ахмад ал-Фарғонийнинг Мисрда кечган ҳаёти ҳақида кўрсатув тайёрладик. Уни томошабин қизиқиш билан кутиб олди. Кейин билишимизча, кўрсатувни давлатимиз рахбири Ислом Кармиов ҳам кўрган эканлар.
Юбилей тараддуди арафасида Ислом Каримов ишлар билан танишиш мақсадида Фарғонага келдилар. Телемухбир сифатида менга уларнинг сафарини ёритиш топширилган эди.
Қува. Ишлар жадал. Минглаб қурувчилар шаҳарчани обод қилиш учун харакат қилардилар. Марказий майдон тепалигида қуббали айвон (ротонда) тайёр. Фақат рамзий қабр тоши қўйиш қолган. Ёнида археологик қазишма олиб борилган майдонча. Топилдиқ ва қазишма олиб борилган майдонча. Топилдиқ ва ўтган 8-10 асрга дахлдор буюмлар териб қўйилган. Пастда музей ҳам битиб қолган. Хуллас, тайёргарлик режа асосида борарди. Президент эса негадир ўйга ботган. Қуббали айвонни, рамзий қабр тоши қўйиладиган жойни бир-бир синчиклаб кўриб чиқди. Нимадир, нимадир ёқмаётгандек эди. Ҳамма хаяжон билан уни кузатмоқда. Шу пайт Ислом ака мени чақириб қолдилар.
-Сиз яқинда Мисрга бориб келдингиз. Айтингчи, Миср ҳалқи Ахмад ал-Фарғонийга қандай муносабатда? – Президент кўзларимга тикилди. Ох, бу нигоҳга дош бериш қанчалар қийин!
Мен ўзимни қўлга олдим. Босиқлик билан жавоб бердим.
-Мисрда оддий одамлардан то давлат арбобларигача учрашиб Ахмад ал-Фарғоний ҳақида гаплашдим. Уларнинг барчаси бу улуғ олимни чин дилдан ҳурмат қилар эканлар. Мисрлик бир аллома юртдошингиз минг йилдан зиёд вақт ичида Мисрда адолат тарозусини ушлаб турди, деб таъриф берди.
-“Миқёси Нил” туфайлими? – Президент сўзимни бўлди.
-Ҳа, “Миқёси Нил” туфайли. Ахмад ал-Фарғонийга неча авлод мисрликлар таъзимда бўлган, хозир ҳам ҳамон таъзимда экан, улар. Менимча, вақти келиб улар албатта Қохирада Ахмад ал-Фарғонийга хайкал қўядилар. Бундай буюк инсон ўзи туғилиб ўсган Қувада ҳам хайкал қўйишга муносиб деб ўйлайман.
Мен ўзимдаги камчиликни, энг катта камчиликни биламан. Баъзида ўзимни тўхтата олмайман. Ўйлаганимни ўрними, ўрни эмасми айтиб юбораман. Ўшанда ҳам шундай бўлди. Мен беихтиёр ўйимдагини тилимга чиқардим. Аслида Қувага хайкал эмас, рамзий қабр тоши қўйилишини, у нефритдан ясалганини, бундай лойиҳани шахсан Президент тасдиқлаганини билардим, билардим! Аммо ўзимни тия олмадим. Тилимни тия олмадим. Дилимдаги беихтиёр тилимга чиқиб кетди…
Исмоил Ҳакимовичнинг юзи буришди. Бошқалар ҳам тилини тишлади, чоғи. Ҳамма Президентга тикилган. Ундан муносабат кутишар эди. Мени титроқ босди. Рангим шу лаҳзада қув ўчгани аниқ. Тилим бошқа айланмай қолди.
Ислом Каримов ҳам бир лаҳза ўйга толди. Ва…ёдгорлик мажмуаси макети ёнига бориб ундан қуббали айвон (ротонда) остидаги картондан ясалган қабр тошини юлиб олди.
-Хеч қанақа рамзий қабр бўлмайди, бу ерда. Нима, ёш келин – куёвлар бу ерга келиб шам ёқиб ўтирадиларми? Бу ерда ҳайкал бўлади. Ахмад ал-Фарғоний хайкали бўлади! – Президент бу сўзларини қатъий оҳангда гапирар, токи унга хеч ким эътироз билдиришини истамасди.
Вазият бунчалар тез ўзгаришини хеч ким кутмаган. Бошқача фикри бўлган (ҳоким, вазир, олим, архитектор, ҳайкалтарош…) ҳамроҳлар бир нима дейишга жазм қилолмасди. Фақат… Жўрабековгина Президентга вақт тақозосини рўкач қилолди холос.
-Ислом Абдуғаниевич, юбилей тантаналарига жуда оз вақт қолди. Ҳайкални ҳатто эскизи ҳам йўқ. Уни ясаб бу ерга ўрнатишга мутлақо улгурмаймиз. Балки…
Президент бу гапларга парво ҳам қилмади.
-Илхом, мен сенга Фарғонадаги хайкал ғоя –маъносини тушунтирганман. Ал-Фарғоний икки қўлида кашфиётлари, мана авлодларим, мен буни сизларга мерос қилиб қолдиряпман, демоқда. Шундайми?
Ҳайкалтарош Илхом Жабборов тамомила ўзини йўқотиб қўйди. У биладики, хайкални ғоят қисқа муддатда ясаб ўрнатиши лозим. У биладики, Президент энди фикридан қайтмайди. Шундай экан рози бўлишга мажбур.
-Ҳа, -деди ҳайкалтарош.
-Энди бу ердаги ҳайкал бошқача бўлади. У улуғвор, нафақат олим, балки файлсуф, халқпарвар инсон сиймосида бўлиши керак. Ротонда қолаверади. Унинг остига пастроқ супа қиласан. Қўлида ҳасса, мана юртдошларим, мен сизлар билан биргаман, деяётгандек бўлади. Тушундингми?
-Лекин вақт…
-Бир кеча кундузда 24 соат ишлайсан, аммо улгирасан. Майли, аввал бўрдан қиласан, юбилейдан кейин бронзадан қўямиз ҳайкални. Бугундан, хозирдан ишга кириш. Қуванинг ҳокими нуроний қарияларни йиғиб беради. Юз сиймосини улардан оласан. Ахир ирсият қондан қонга ўтади, дейишадику!
Қарор эълон қилинганди. Энди уни хеч ким, ҳатто Жўрабеков ҳам ўзгартира олмасди.
Атрофимдаги “катта”лар менга нафрат билан қараётгандек туюлди. Аслида ҳам шундай эди. Улар гўё “сен кимсанки, президентга маслахат соласан?”, деяётгандек. Биз машиналарга чиқиб Фарғона томон йўл олдик. Ўйлаганимдек бўлди. Хукумат рахбарларидан бири сал қолса ёқамдан олди:
-Сен кимсан ўзи, Президентга маслахат берадиган?!
Бундай таъна ва маломатни кўп марта эшитишимга, айтган гапларимга турли идора ва рахбарларга изох беришимга тўғри келди.
Йўқ, мен Президенга асло маслаҳат бермадим. Бундай ниятим бўлмаган. Бу воқеани кейин юз, минг бор тахлил қилдим. Видеотасмаларни кузатдим. Аслида бу қарорга Президент илгарироқ, майдон билан танишгач, қуббали айвон (ротонда)ни айланиб кўрганда келган. Лекин уни очиқлашга бир туртки, бир сўз етмай турган холос. Уша сўз мендан чиқиб кетди!
Орзиқиб кутилган кун келди. Қуванинг марказий майдоналирининг бирида, баланд тепаликда Ахмад ал-Фарғонийнинг виқорли ҳайкали юбилейга келган юзлаб меҳмонлар иштирокида тантанали равишда очилди.
Буни қарангки, яратганнинг мархаматими, Миср арабларининг самимий эхтиромими, 2007 йилда Қохирада, Роуд оролида, “Миқёси Нил” иншооти пойига Ахмад ал –Фарғонийнинг ғоят кўркам ва нафис ишланган хайкали қўйилди.
-Бу Миср халқидан инсониятнинг буюк аждоди Ахмад ал-Фарғонийга миннатдорчилик рамзидир, — деди ўша тантанада мамлакат Президенти Хусни Муборак.
Ҳозиргача ўйлаб ўйимга етолмайман. Қохирада, хайкал очилишида иштирок этган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳаёлидан ўша дақиқаларда нималар кечган экан? Қува воқеасини ёдга олдимикин?
Мен ҳар гал Мисрга, Қохирага келсам аввал Фустот вайроналарини оралаб, қадим қабристонга бораман. Ўша мўжазгина ўриндиқда икки бор қурон тиловат қиламан.
Ахмад ал Фарғоний таваллудига 1220 йил тўлди. Лекин хали яна неча минг йиллар ўтса хам ул буюк зот номи авлодлар дилида мангу қолаверади.

Муҳаммаджон Обидов
Тошкент-Қоҳира