«Президент: „Ҳумо қуши мағрур юқорига қараб туриши лозим“ деганди»

Ўзбекистон герби муаллифи Анвар Мамажонов гербнинг яратилиш жараёни, унинг якуний вариантини танлашда президент Ислом Каримовнинг ўрни ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистон давлат гербини яратиш бўйича танлов 1991 йилда мамлакат мустақилликка эришгандан сўнг эълон қилинган. Унда республиканинг барча ҳудудларидан ижодкорлар иштирок этди. Танловга тақдим этилган эскизлар Фанлар академияси профессор-ўқитувчилари ва Бадиий академия аъзоларидан иборат бўлган комиссия томонидан кўриб чиқилган. Бундан ташқари, унга турли жанр ва техникада ишлайдиган рассомлар ҳам кирган. Улардан бири график рассом Анвар Мамажонов бўлиб, у ҳам танловга ўз ишини тақдим этади. Рассом янги герб учун Ўзбекистон ССР гербини асос қилиб олган ва унга ўзбек халқи ва ўзбек заминининг тимсолларини қўшган. Анвар Мамажонов таклиф қилган герб Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 2 июлдаги сессиясида Давлат герби тўғрисидаги қонун билан қабул қилинган ва тасдиқланган.

1991 йилда республика танлови эълон қилинди ва унга катта-кичикдан тортиб барча иштирокчилар таклиф этилди. Давлат рамзи чиройли ва ноёб бўлишини истаганлар қатнашиб, республиканинг барча ҳудудларидан ўз чизмаларини жўнатишди.

Анвар Мамажонов

Мен бошқа рассомлар билан бир қаторда эскизларни қабул қилиш комиссиясининг аъзоси эдим. Лекин мен график рассом сифатида қатнашдим, комиссияга эса Фанлар академияси ва Бадиий академиянинг аъзолари ва профессор-ўқитувчилари раҳбар бўлди. Ҳафтанинг ҳар чоршанба ёки пайшанба кунлари Рассомлар уюшмаси залида барча ижодий ишлар қараб чиқилганидан кейин, энг яхшилари ажратиб олинар эди.

Бизга юзлаб турли эскизлар келарди, уларнинг орасида нафақат махсус қоғозларда, балки оддий дафтар варақларида чизилган расмлар ҳам учраб турарди. Гербни яратиш устида бутун республика, ҳатто президент ҳам иштирок этган.

Кейин комиссия таркибидаги бир нечта рассомлар профессионал даражада иштирок этишга қарор қилишди. Мен ҳам ўз кучимни синаб кўришни хоҳладим, аҳир герб давлат рамзи ҳисобланиб, унинг ихчам бўлиши, савол туғдирмаслиги ва мамлакатнинг асл қиёфасини акс эттириши лозим эди. Шундай қилиб, геральдика ҳақидаги кўп сонли материалларни ўқиб, бошқа мамлакатлар тажрибаси билан танишиб, ишга киришдим.

Танлов тугагач, матбуотда икки рассом Баҳодир Жалолов ва Анвар Мамажонов финалга ўтгани ҳақида хабар чиқди. Ҳар икки иш нафақат комиссия аъзолари, балки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаш депутатлари томонидан ҳам кўриб чиқилди. Овоз бериш натижасида улар бир қарорга келишди.

Бундан сўнг, одатий ишлар бошланди: ниманидир олиб ташлаш, уни-буни тўғрилаш ёки қўшиш. Лекин сезиларли ўзгаришлар бўлмади. Натижада менинг эскизим асосида Олий Кенгаш Ўзбекистон Давлат гербини тасдиқлади.

Давлат бошлиғига яраша, у бутун иш жараёнини кузатиб, ҳаммасини назорат қилган. Ислом Абдуғаниевич ўз истак ва тилакларини билдириб, барча таклифларни эшитиб, ўз тавсияларини берганлар. Буларнинг барчаси, албатта, инобатга олинар эди.

Масалан, гербда йиртқич ҳайвонлар бўлмаслиги кераклигини айтиб ўтилганидан сўнг, ғоялар мутлақо ўзгарди, жумладан, менинг эскизларим ҳам бошқача кўринишга эга бўлди.

Бошида мен Семурғни жанговар ва ўз Ватанининг ҳақиқий ҳимоячиси сифатида тасаввур қилгандим ва эскизда шундайлигича чизгандим. Лекин президент билдирган тилаклардан сўнг, Ҳумо қушини тинчлик, эзгулик ва меҳр тарафидан намойиш қилиш кераклигини англадим. Бундан ташқари, дастлаб қушнинг боши камтарона пастга эгилган эди, лекин президент: «Ҳумо қуши мағрур юқорига қараб туриши лозим» — деди.

“Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири — катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир”— Ислом Каримов.