Ўртага чиқиш осонми?

Телевидениедаги фаолиятим сабаб катта-кичик анчагина йиғинларда қатнашиб, кўплаб арбоблардан интервьюлар олганман. Шу жумладан раҳматли биринчи Президентимиздан ҳам. Шундай пайтлар гоҳо қизиқ воқеалар, гаплар ҳам бўлар эди. У кишининг туғилган куни муносабати билан шулардан биттасини айтиб бермоқчиман.

2000 йилнинг февраль ойи. “Давр”да мухбир бўлиб ишлайман. Олий Мажлис сессиясини ёритишга борганмиз. Сессияда раҳматли биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам қатнашдилар. Таомилга кўра олдин у киши гапирдилар, кейин бошқалар. Ўша пайтдаги катта амалдорлардан бири минбарда гапираётганди, Ислом Каримов уни тўсатдан саволга тутиб қолдилар. Бечора амалдор ўзини йўқотиб қўйиб, тайинли жавоб беролмайди, нуқул довдирайди.

Бу менга эриш туюлиб, ёнимда ўтирган ҳамкасбим Тўлқин Пўлатовга аста гап қотдим: — “Тўлқинжон, қаранг. Кап-катта одам, вазир бўлса, гапини эплаб гапиролмайди-я?!”. Тўлқинжон кулимсираб: “Ака, бунақа вазиятда сизам довдираган бўлардингиз”, деди. “Ҳечам-да! Мен бўлсам шартта-шартта гапириб ташлардим” дедим. (Биз орқароқ қаторда ўтирган эдик, гапимизни ўзимиздан бошқа ҳеч ким эшитмади. Лекин ўша жойида фаришталар омин, деб қўйган экан, бу ёғи роса қизиқ бўлди.)

Мажлис тугаб, ишхонага қайтдик. Келсак, “Давр”нинг ўша пайтдаги раҳбари Фурқат ака Зокиров кутиб турган эканлар. “Тез Президент девонига жўнанг, тушдан кейин йил якунлари бўйича йиғилиш бўлади, ёритасиз”, — дедилар. Бошлиқ амри вожиб, жўнадим.

Бу йиғилишда ҳам раҳматли Ислом Каримов анчагина гапирдилар, қанча вазиру вузаро, амалдорларни тикка қилиб, ўзимизнинг тил билан айтганда “тоза обориб-обкелдилар”. Асосан, жойларда ишларнинг яхши юрмаётганини, раҳбарларнинг масъулиятсизлигини қаттиқ танқид қилдилар.

Йиғилиш охирлаб қолганда бирдан балконда ўтирган журналистларга қараб: “Қани, журналистларданам гапирадиганлар борми? Нима дейсизлар, бу ҳолатга?” деб қолдилар. Казо-казо газеталару журналларнинг савлатдор раҳбарлари сергакланиб, бир-бирларига қарашди-ю, лекин бирортаси юрак ютиб микрофонга чиқмайди, денг. Президентнинг ўша пайтдаги матбуот котиби уларга қараб, туринглар бирорталаринг, деган маънода имласа, ҳаммаси кўзини олиб қочади. Вазият таранг. Шунда, матбуот котиби менга қараб: “Чиқ, Соҳиб! Чиқмасанг, ҳозир дабдала бўлади”,- деди. Ўрнимдан қандай турганим, микрофон олдига қандай келганимни билмайман. Худди туш кўраётгандайман.

Очиғи, нима деганим, қандай гапирганим ҳам унчалик эсимда йўқ. Ҳарқалай, ҳар ким ўз жойида сидқидилдан ишласа, ёшларга кенгроқ йўл берилса, янаям яхши бўлади, деганга ўхшаш гапларни чалакам-чатти ғўлдирадим. (Қани энди бояги керилганларимни ҳалиги амалдор кўрган бўлса-ю, ҳозир “Қалайсан энди, жўра?” деса!)

Ҳартугул, аҳволимни тушундилар шекилли, бироз кулимсираб, “Шу ерда ўтирган ҳамма раҳбарларга, масъулларга, журналистдан қочманглар, уларнинг саволларига очиқ жавоб беринглар, шунда ишларимиз яхши бўлади, деб, сизнинг номингиздан айтсам бўладими?” дедилар. Мен дарров бош ирғаб розилик билдирдим.(Рози бўлмаям кўринг-чи.)

Хуллас, ўша кўрсатув эфирга кетгач, анча машҳур бўлиб юрдим. Лекин, ёв қочса ботир кўпаяр деганлардек, сенинг ўрнингда бўлганимда у деб ташлардим, бу деб ташлардим деганларам кўп бўлди. Бундай пайтларда, ўша биринчи йиғилишда бояги амалдор, кейинги йиғилишда ўзим қай ҳолатга тушганимини эслардим-у, кулиб қўярдим.

Орадан сал ўтиб, Наврўз байрамида биринчи Президентимиздан яна интервью олишга тўғри келди. Эндигина саволга оғиз жуфтлагандим, кулиб: “Сени яхши биламан, саволинг доим тайёр. Мана, тунов кунги мажлисимизда гапирганинг ҳам яхши бўлди. Ана шунақа катта давраларда тажриба орттиришларинг керак, эртага ўзларингга керак бўлади. Ўзи ўша куни дадил чиқиб гапирганинг учун ҳам сенга “Жасорат” медали беришимиз керак”,- дедилар.

Интервью тугаши биланоқ, атрофдаги ҳамкасблар “муборак бўлсин”га тушиб кетишган бўлса-да, мен у медални ололмадим. Сабаби – ўша воқеадан кўп ўтмай мени Президент девонига ишга олишди. У пайтларда эса девонда ишлайдиганларни мукофотлаш унчалик урф эмас эди.

Бироқ, бунга сираям ачинмайман. Чунки кўнглимда раҳматли Ислом Каримов ҳақида мукофотлардан ҳам қадрлироқ ва ёқимлироқ хотиралар, у кишидан кўрган яхшиликларим қолди.
Менга шундай туюлармиди ёки ростдан ҳам шундаймиди, журналистларни ўзига анча яқин олардилар, раҳматли. Ҳатто баъзан-баъзан давлат раҳбари, расмий шахс эканиниям эсдан чиқариб, биз мухбирлар билан шунчаки қизиқ гаплардан чақчақлашганлариниям эслайман.

Оллоҳ жойларини жаннатдан қилган бўлсин!

Соҳибжон Алижонов,

журналист