1992 йилнинг 31 август куни Ўзбекистонимиз мустақиллигининг бир йиллик тантаналари нишонланди. Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонида бўлиб ўтган асосий байрам тадбирида Президент Ислом Каримов қатнашиб, нутқ сўзлаган эди. Мазкур сурат ўша кунги байрам тантаналари вақтида олинган ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1992 йил 4 сентябрдаги 36 (3192)-сонининг 1-бетида босилган.
Байрам арафасида давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги шарафига халқ хўжалигининг барча тармоқлари ишчи-хизматчилари, маданият, фан ходимлари, ижодий ташкилотлар вакилларининг катта гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари, юксак давлат мукофотлари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган эди.
Бундан ташқари, айни сана муносабати билан “Мустақиллик” эсдалик кўкрак нишони таъсис этилиб, мустақилликни мустаҳкамлаш, юрт равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги фидокорона хизматлари учун бир гуруҳ юртдошларимизга ана шу кўкрак нишонларига сазовор бўлишганди.
Ўтган йиллар мобайнида “Ўзбекистон мустақиллигининг 5 йиллиги” (1996 йил), “Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги” (2001 йил), “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил” (2006 йил), “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” (2011 йил), “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” (2016 йил) кўкрак нишонлари таъсис этилди.