Видеоархив: Ислом Каримов “Мустақиллик” орденига сазовор бўлган биринчи инсонни эълон қилди

“Мустақиллик” ордени 1994 йили Ватанимиз суверен тараққиёт йўлидан дадил одимлай бошлаган кезларда, таъбир жоиз бўлса, Истиқлол тонгида, Президент Ислом Каримов томонидан таъсис этилди. Ушбу мукофотнинг таъсис қилиниши бир асрдан зиёд давом этган мустамлака даврини яшаган халқ тафаккурини янгилаш ҳамда миллий ўзликни англашда муҳим аҳамият касб этди. Янги орденнинг Ўзбекистон мустақиллиги ва ҳурлиги йўлида жонини фидо қилган инсонларга буюк хизматлари эътирофи сифатида берилиши эса чуқур рамзий маънога эга эди.

“Мустақиллик” орденига сазовор бўлган биринчи инсон — асарлари билан ҳар биримизнинг юрагимиздан муносиб ўрин олган атоқли адиб Абдулла Қодирийдир.

Сталин қатағонлари даврида миллатимизнинг гули бўлган юзлаб ижодкорлар, илм ва санъат аҳли шафқатсиз равишда қатл этилди. Адибнинг фожиали тақдири ҳам зулм ва зулмат замони – ўша машъум қатағонларни ёдга солади. Давлатимиз раҳбарияти томонидан “Мустақиллик” орденининг илк бор Абдулла Қодирийга берилгани озодликка ташна халқимиз кўнглидаги иш бўлган ва бу тарихий адолатнинг қарор топиши эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан Ислом Каримов Фонди Франциянинг Nouveau Monde Editions нашриёт уйи билан ҳамкорликда ардоқли адибимиз қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржимасини чоп этган эди.