ВИДЕОАРХИВ: 1989 йил 17 август. Ислом Каримов 700 минг оилага томорқа ер ажратиш ҳақидаги тарихий ҳужжатга имзо чекди

Ўлкамиздаги вазиятни чинакамига ўнглаш, юртдошларимизнинг ҳаётга қарашини, бугунги ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш учун аввало, уларнинг иқтисодий, моддий аҳволини яхшилаш заруратини чуқур англаган республикамиз раҳбари аҳоли учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган жуда катта бир масалани — одамларга томорқа ер бериш масаласини кун тартибига қўяди.

1989 йил 17 августда Ислом Каримов бошчилигида республика ҳукуматининг Тошкентда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида аҳолига томорқа ва шахсий участкалар ажратиш масаласи муҳокама қилинади ва «Қишлоқда яшовчи ҳар бир оилани томорқа билан таъминлаш, уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳақида» қарор қабул қилинади. Ушбу тарихий ҳужжатда қишлоқда яшовчи ҳар бир кишига ўртача 25 сотихдан ер ажратиб бериш ва томорқа майдонларини қарийб 4,5 баробар кўпайтириш кўзда тутилган эди.

Бу борадаги амалий ишлар натижасида 1989— 1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди, 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди.
Бугун тўла ишонч билан айтиш мумкинки, бу мураккаб масалага ана шундай оқилона ёндашув туфайли Ўзбекистон бўйича минг-минглаб одамлар уйли, ишли бўлди, бозорларда маҳсулот кўпайиб, нарх-наво арзонлашди, энг муҳими, ижтимоий кескинликнинг олдини олишга эришилди.