“Вақт келади, мен ҳам бу оламда йўқ бўламан, аммо суратлар, хотиралар қолаверар экан”

Шу кунларда юртимиз бўйлаб Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд куни кенг нишонланмоқда.

Таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни яна бир бор хотирлаб, Фейсбук тармоғидаги саҳифасида шундай ёзади:

Бугун яна бир бор фотоальбомимни вароқладим. Не одамлар ўтиб кетмади бу бевафо дунёдан. Суратлар орасидан бир нечтасини сизга ҳавола қиляпман. Ислом акага сафарларида кўп бор ҳамроҳ бўлганман. Бир йили Фарғона вилояти пахта сотиш режасини бажара олмади. Ислом ака ҳижолатда бўлганларни койимади. Маслаҳат берди. Бир сафар деҳқон уйидан анор олиб келган экан. Шундан тотиниб кўрасиз, деб туриб олди. Ислом ака Муҳаммаджон анорни кес, дедилар. Кейин анор кесиш «санъатим»ни мақтадилар. Баъзида ҳазиллашиб қўйган вақтлари ҳам бўлган. Лекин «жиддий» мулоқотлар кўп бўлар эди. Президент саволларига ҳамиша холис ва тўғри жавоб берар эдим. Андижонда эканимизда плёнка остига пахта экиш керакми ёки  йўқми, сўраб қолдилар. Баъзи катта раҳбарларга бу усул ёқмасди. Шундай бўлсада фикримни қатъий айтдим. Хитой тажрибасини гапириб бердим. Президент жилмайиб қўйди. Бу унга ёққани эди… Вақт келади, мен ҳам бу оламда йўқ бўламан, аммо суратлар, хотиралар қолаверар экан..