Москвада Ислом Каримов ҳайкали очилди

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали Москва марказидаги Большая Полянка кўчасида тантанали равишда очилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

«Интерфакс» мухбирига кўра, унда Ислом Каримов бор бўй-басти билан, боғда сайр қилиб юрган ҳолда тасвирланади. Ҳайкалнинг муаллифига британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй бошчилигидаги жамоа айланди. Ҳайкал Ўзбекистон элчихонаси олдидаги Ислом Каримов номидаги хиёбонда ўрнатилди.Тадбирда Россия Федерациялар кенгаши раиси биринчи ўринбосари Николай Фёдоров, Ўзбекистон Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасин, Москва шаҳар мэри ўринбосари Александр Горбенко иштирок этди. «Биз Россияда яхши ва ишончли дўстларни жуда қадрлаймиз ҳамда ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Каримовга қўйилган ҳайкал бизнинг яхши қўшничилик муносабатларимизнинг яна бир муҳим, зарур ва фойдали рамзи бўлишига ишонамиз», — деди Н.Фёдоров. Ўз навбатида, Татьяна Каримовамаросим чоғида чоршанба куни Керчь шаҳрида рўй берган фожиа сабабли Россия халқига ўз ҳамдардлигини билдирди. Ислом Каримовга Москвада ҳайкал ўрнатиш тўғрисидаги қарор Москва шаҳар думаси ҳузуридаги Монументал санъат бўйича комиссия томонидан 2016 йилда қабул қилинган, кейин эса Москва парламенти томонидан тасдиқланган.