ХОТИРА – МУҚАДДАС

Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотирлаш бу ҳар бир инсоннинг яқинларини қадрлаш, бу оламдан ўтиб кетган инсонларни эслаш ва уларнинг хаққига дуо қилишдир. Халқимизда “қадр этган қадр топади”, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўзгаларга самимиятда бўлиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам атрофдагиларнинг шундай муносабатига сазовор бўлади. Ватан равнақи, халқ осойишталиги учун хизмат қилган эл фидойилари эса эзгу амаллари сабаб умрбод кишилар ёдидан ўчмайдилар. Номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олиниб, хотиралари мангуликка муҳрланади.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1999 йилдаги “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида Хотира майдони қад ростлади. Ҳар бир вилоятга Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилиб, Ватан озодлиги ва тинчлиги учун жон берганлар номи абадийлаштирилди.

Биринчи Президентимиз ҳар йили  байрам олди эрта тонгдан Тошкент шаҳридаги Хотира майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиши анъанага айланган эди.  Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирар, майдонга ташриф буюрган уруш ва меҳнат фахрийлари, сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари билан учрашар ва дилдан суҳбатлашар эди.