Бир воқеадан парча

1988 йилнинг баҳори. Қарши шаҳрига собиқ Иттифоқ Компартияси Марказқўми қурилиш бўлимининг мудири В.Смирнов келган эди. Ўша давр анъанасига кўра унга Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг саноат масалалари бўйича котиби А.Икромов ҳамроҳлик қилар эди.

И.Каримов, В.Смирнов, А.Икромов, Қашқадарё область партия қўмитаси котиби Р.Раҳмонов ва Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг Қашқадарё бўйича инспектори Б.Рустамов, яъни каминадан иборат гуруҳ обкомнинг «РАФ» микроавтобусида Талимаржон ГРЭСи қурилишига йўл олдик.Қурилиш объектидан қайтиш чоғида В.Смирнов «Ислом Абдуғаниевич, келинг, Қашқадарё областида уй-жой қурилишига ажратилган цемент фондининг бир қисмини Талимаржон ГРЭСи қурилишига йўллайлик», дея таклиф билан мурожаат қилди. А.Икромов ҳам В.Смирнов фикрини қўллаб-қувватлади. Ислом Каримовнинг юзи ўша заҳоти қизариб кетди ва ҳаттоки қорамтир тус олди. Бу унинг ғазаблангани аломати эди. Бу вақтда микроавтобус Нишон туманидаги уйлар ёнидан ўтаётган эди. Ислом Абдуғаниевич ҳайдовчига «Тўхта!» деб хитоб қилди. Машинадан би ринчи бўлиб тушди ва В.Смирновга «Машинадан чиқ!» деб мурожаат қилди. Сўнгра ҳеч иккиланмай, энг яқин уйга қараб йўл олди. Уй бекаси меҳмонларни кўрган заҳоти бир пиёладан чой ичишга таклиф қилиб, улар олдига нон синдирди. Ислом Абдуғаниевич хонадон бекасидан рухсат олган ҳолда В.Смирновни уй ичкарисига бошлади. Уни девор олдига олиб боргач, «Хўш, бу ерда цемент бор эканми?» деб сўради. Уй девори лой-пахсадан эди. Умуман, ўша кезлар вилоятдаги уйларнинг 90 фоиздан ортиғи лой-пахсадан кўтарилганди. Ислом Абдуғаниевич Москвадан келган партия амалдорига тик қараб, кинояли саволини давом эттирди: «Қашқадарёда уй-жой қурилишига ажратилган қандай цемент фонди мавжуд экан?!». Меҳмон бундай шижоат олдида бутунлай эсанкираб қолди. Ислом Абдуғаниевич бир оз тин олгач, сўзини давом эттирди: «Агар ГРЭС қурилиши жадаллашишига кўмак бермоқчи бўлсангиз, аслида мавжуд бўлмаган цемент фондини излаш керак эмас. Биз ахир Сизнинг ташрифингизни аниқ амалий ёрдам беришга интилиш деб қабул қиламиз». Сўнг у нигоҳини А.Икромовга қаратар экан, «Республикани ким ўйлайди?!» деди. Ислом Абдуғаниевич ўша кезлардаёқ ана шундай метин иродали ва шижоатли шахс эди.

БУРҲОН РУСТАМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонининг Қўмиталар билан ишлаш бўлими мудири.