БИР БУЮК СИЙМОДАН АЙРИЛДИ ДУНЁ (Бағишлов)

Юракда ҳеч сўнмас олов ёққан зор,

Ҳар сўз-у кўзида чақин чаққан зот,

Элини шод этиб, ватанни обод

Жаҳон айвонида мағрур боққан зот

Бу кун самоларни титратди нидо

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Ўзини унутган чоғда ўзбегим,

Қайтиб берди элга эрк-у ҳурлигин,

Қай макон, қай гўша-ерда бўлмасин

Ўйлади бир юртмас, дунё тинчлигин.

Зулматни ёритган мунаввар зиё-

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Эҳ, ҳаёт шундайми, ўтар ел каби

Юрак-юрагидан ҳар бир юртдошим

Ғам-қайғу туяди, шаксиз, мен каби

Ахир меҳр сувин улашган дарё-

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Яхшидан боғ қолар, гул-чаман қолар,

Яхшилар ҳамиша, эл билан қолар,

Асрлар измидан ўза билган зот

Изидан гуллаган ҳур Ватан қолар

Ватанни Каъбадек асраган даҳо-

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Темурдан олиб, матонат, шижо,

Ҳазрат Навоийдек бўлиб эл фидо

Улуғ марраларга чорлаган бизни

На тўсиқ, на тошга қилмади парво-

Ҳайҳот, ич-ичимдан отилар нидо

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Осонмас аслида битта уй қурмоқ,

Ҳам бугун, ҳам эрта ўйини сурмоқ,

Гар қудратимизни кўрмоқ истасанг,

Маржондек тизилган биноларга боқ

Меъмор каби берган Ватанга жило-

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Ким бахтли? Элига нафи текканлар,

Ҳалол меҳнатидан ризқин терганлар,

Кўриб қўйсин бугун “Ўзбек модели”н

Қани, қандай кунин кўрар деганлар.

Ўзбекни оламга танитган даҳо-

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Дейдилар, ҳар битта элга Яратган

Ўзидай юртбоши ато этаркан

О онажон халқим, болажон халқим,

Шунинг-чун улуғ юртбошим ҳар дам

Биздан бахтли бўлсин болам дер экан

Фарзандлар қилурлар юракдан дуо-

Бир буюк сиймодан айрилди дунё.

 

Аллоҳим, сендан бир ўтинчим бор,

Қайғуга чўктирма халқимни зинҳор

Ислом бобо қурган Ўзбекистонда

Ҳали қилинажак буюк ишлар бор

Юракда асрайлик буюк инсонни

Ислом бобо қурган Ўзбекистонни!

 

Англадим мен битта дунё ҳикматин,

Тошлар синдиролмас дарё шиддатин,

Буюклар жисман йўқ бўлар аммо

Абад қолдиргуси шону шавкатин

Юракда асрайлик улуғ инсонни,

Ислом бобо қурган Ўзбекистонни!

 

Нодира ЯНГИБОЕВА,

ТАТУ Урганч филиали қошидаги 1-сон академик лицей ўқитувчиси