Тараққиётнинг “ўзбек модели” – халқимиз фаровонлигининг муҳим омили

Халқимиз истиқлолнинг йигирма икки йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўраётган шу кунларда мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўлига яна бир бор назар ташлаймиз. Бугунги ёруғ кунларга, ютуқ ва марраларга қандай омиллар эвазига эришганимизни кўз ўнгимиздан ўтказамиз.

Мамлакатимиз учун ҳал қилувчи бир пайтда энг тўғри йўл сифатида танланган, бугунги кунда ўзининг юксак самараларини бераётган Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли – “ўзбек модели” ана шундай энг муҳим омиллардандир.

Қалтис вазият

Юртимизда 80-йиллар охирида вужудга келган вазиятни чуқур ўрганган олимлар, эксперт ва таҳлилчилар айнан ана шу иборани қўллайдилар. Дарҳақиқат, ўша суронли йилларда Ўзбекистондаги аҳвол жуда қалтис эди.

Ўша пайтда республикамиз барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича собиқ иттифоқ республикалари ичида охирги ўринларда турар эди. Аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш иттифоқдаги ўртача кўрсаткичдан анча кам эди.

Қишлоқ хўжалигида пахта яккаҳокимлиги оқибатида озиқ-овқат масаласида ўзгаларга қарам эдик. Кундалик эҳтиёж учун зарур истеъмол молларининг учдан икки қисми, ҳатто оддий туз ва гугурт ҳам четдан олиб келинарди.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганининг эртаси куниёқ ҳукумат мажлисида республикада вужудга келган ўта мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазиятга объектив баҳо берди ва унинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиб, шундай якуний хулоса чиқарди: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”.

Бу даъват юртимизда сиёсий ва иқтисодий мустақилликка эришиш йўлида кенг қамровли ишлар, миллий давлатчилик тарихида янги даврнинг бошланиши бўлганини кейинги жараёнлар яққол кўрсатди.

Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт йўли

Мамлакатимиз мустақилликка эришган пайтда айрим халқаро молиявий ташкилотлар ривожланган давлатларда қўлланилган бозор механизмларини татбиқ этишни маслаҳат берди. Биз улардан тўғридан-тўғри нусха кўчирмадик. Дунёда тан олинган моделларнинг энг яхши жиҳатларини ўрганиб, ўзимизга мос ва ўзимизга хос тараққиёт йўлини танладик. Бу йўл давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, халқимизнинг давлатчилик тарихи, миллий-диний қадриятлари ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Машҳур беш тамойилга – иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, давлат – бош ислоҳотчи, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган ана шу модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида барча амалий ишларимизнинг мустаҳкам пойдевори, тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.

Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бу стратегия бозор иқтисодиёти назарияларини янада бойитди, ўтиш даврини бошидан кечираётган давлатлар учун яна бир намунага айланди.

Бу моделнинг барча синовдан муваффақиятли ўтишига сабаб бўлган омиллари кўп. Уларнинг энг асосийси иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда турли хил сакрашларсиз, яъни инқилобий йўлдан эмас, балки тадрижий ривожланиш йўлидан бориш тамойилидир.

Ислоҳотларни амалга оширишда давлат бош масъулиятни ўз зиммасига олиши ана шундай тадрижийликнинг муҳим жиҳатидир. Халқаро ташкилотлар ҳам бугун ўтиш даври иқтисодиётида, чуқур ислоҳотларни амалга оширишда давлатнинг роли ҳақиқатан ҳам катта экани, буни Ўзбекистон тажрибаси амалда исботлаганини кенг тан олди. Ҳозирги вақтгача давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам иқтисодиётни тартибга солишда давлатнинг роли ошаётгани Ўзбекистоннинг бу борадаги йўли нақадар тўғри эканини кўрсатди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда дунё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Инқирозга қарши чоралар дастури ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилди. Агар кўпчилик хорижий давлатларда қабул қилинган инқирозга қарши дастурлар кўрилган талофатларни бартараф этишга қаратилган бўлса, Ўзбекистоннинг дастури яқинлашиб келаётган хатарнинг олдини олиш ҳамда иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш, унинг рақобатдошлигини оширишга йўналтирилгани билан ажралиб туради.

Ана шундай узоқни кўзлаб кўрилган чора-тадбирлар туфайли инқироз авжига чиққан энг оғир йилларда ҳам мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик сақлаб қолинди, юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланди. Ўзбекистон иқтисодиёти дунёдаги энг кам талофат кўрган мамлакатлардан бири бўлди.

Тошкент шаҳрида ушбу дастурни ва унинг самарадорлигини ўрганишга бағишланган нуфузли халқаро илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтди. Унда иштирок этган жаҳон миқёсида кўзга кўринган йирик иқтисодчи олимлар, эксперт ва таҳлилчилар Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини тўла қўллаб-қувватлаб, бу тажрибани бошқа давлатлар амалиётида қўллаш бўйича тавсиялар берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йилда эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси “ўзбек модели”ни назарий ва амалий жиҳатдан янада бойитди. Ушбу концепция мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик янгилаш бўйича амалга оширилаётган ишларимизни янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Юксак самаралар

Истиқлол халқимизга янги тараққиёт уфқларини очиб берди. Тарихан қисқа, мазмунан бой мустақиллик йилларида Ватанимиз истиқболи йўлида асрларга татигулик ўзгаришлар амалга оширилди.

“Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг” тамойили асосида олиб борилган ислоҳотлар туфайли турли йўқотишларга йўл қўймасдан, барча соҳа мутаносиб ҳолда ислоҳ этилди ва ривожлантирилди, янги жамиятнинг мустаҳкам асослари яратилди.

Собиқ иттифоқдош республикалар орасида фақат Ўзбекистонимизда 1996 йилдан бошлаб изчил иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Агар 1996-2003 йилларда ўртача ўсиш суръати 4,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2004 йилдан бу жараён янги босқичга кўтарилди – 7,5-9 фоиз ўсиш суръатлари таъминланмоқда.

Дунёнинг аксарият давлатларида иқтисодий ўсиш тушиб кетган, ҳалигача рецессия ҳолати кузатилаётган, ривожланган мамлакатларда давлат қарзи ва бюджет тақчиллиги ошиб, ишсизлик даражаси ўсиб бораётган инқироз даврида – 2008-2012 йилларда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати йилига ўртача 8,4 фоизни ташкил қилди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2012 йилда 1990 йилга нисбатан 4,1 баробар ошди, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 2,8 баробар кўпайди. Ўзбекистон барқарор юқори ўсиш суръатлари давом этаётган етакчи ўн давлат қаторидан жой олди.

Бундай юксак натижаларга эришишда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий табиий-иқтисодий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш ҳисобидан иқтисодиётда, авваламбор, ички талабга ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни кенгайтиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар муҳим аҳамият касб этди.

Ўз навбатида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасидаги кенг кўламли тажриба ҳам ўзининг юксак самараларини берди.

Миллий иқтисодиётимиз нафақат ҳажм жиҳатидан, балки сифат жиҳатдан ҳам тубдан ўзгарди. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг улуши изчил ошиб бормоқда. Агар 1990 йилда ялпи ички маҳсулот таркибида ушбу соҳаларнинг улуши тегишлича 17,6 ва 33,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда уларнинг салмоғи 24 ва 52 фоизга етди.

Истиқлол йилларида қишлоқ хўжалиги тармоғида барқарор ўсиш кузатилди ва 2012 йилда 1990 йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 баробар ошди. Шунга қарамасдан, унинг ЯИМдаги улуши ушбу йилларда 33,4 фоиздан 17,5 фоизгача тушди.

Президентимиз Ислом Каримов мустақилликнинг дастлабки йилларидан озиқ-овқат муаммосини ўз имкониятларимиз ҳисобидан ҳал қилиш, айниқса, ғалла мустақиллигини таъминлашни қатъий вазифа қилиб қўйди. Экин майдонлари таркиби, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ички талаб ва шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда, қайта кўриб чиқилди. Пахта яккаҳокимлигига барҳам берилди. Натижада, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги, дон мустақиллиги таъминланди. Ўтган йилларда ғалла етиштириш ҳажми 7 баробар, ҳосилдорлик эса 3 баробардан кўпроқ ошди.

Ривожланган давлатлар тажрибасини ҳамда халқимизнинг ишбилармонлик, ҳунармандлик фазилатларини ҳисобга олган ҳолда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунга келиб иқтисодиётда нодавлат секторнинг улуши 83 фоиздан ошди. Ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг салмоғи эса 54 фоиздан кўпайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг салкам 98 фоизи фермер ва хусусий тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Энг муҳими, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик одамларга ўз билим ва малакасидан, тадбиркорлик қобилиятидан келиб чиққан ҳолда эркин меҳнат қилиш, унинг маҳсулидан ўзи ва жамият аъзоларини баҳраманд этиш, мулкка эгалик қилиш, барқарор даромад манбалари яратишнинг энг муҳим омилига айланди. Ҳозир аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан тушаётган даромадларнинг улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қилмоқда.

Иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартириш, қайта ишланган ҳамда қўшилган қиймати юқори бўлган тайёр маҳсулотларни кўпайтириш барча тармоқ ва саноат корхоналарининг ташқи бозордаги позициясини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Истиқлол йилларида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Асакадаги енгил ва Самарқанддаги юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарадиган корхоналар, юзлаб замонавий енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари ишга туширилди. Натижада, мустақиллик йилларида мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 баробар ошди. Ҳозир Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг салкам 40 фоизи экспорт қилинмоқда.

Умуман, истиқлол йилларида юртимизда экспорт ҳажми 32,2 баробар ошди. Агар ислоҳотларнинг дастлабки йилларида экспортнинг 60 фоизини пахта толаси ташкил этган бўлса, 2012 йилда унинг таркибида толанинг улуши 9 фоиздан ҳам камайди. Илгари экспорт таркибида хомашё бўлмаган маҳсулотлар ҳажми 30 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда унинг улуши 70 фоиздан ошиб кетди.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида четдан сотиб олинган маҳсулотлар таркибида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 73 фоиз эди. Эндиликда унинг ҳиссаси 10 фоизга ҳам етмайди. Аксинча, йилдан-илга экспортда озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши ортиб бормоқда. Бунда қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилгани, деҳқон ернинг ҳақиқий эгасига, фермерлар жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучига айлангани, меҳнат муносабатлари бутунлай ўзгаргани асос бўлмоқда.

Кучли ижтимоий сиёсат

“Ўзбек модели”нинг энг муҳим ва устувор тамойилларидан бири – кучли ижтимоий сиёсатдир. Бозор ислоҳотлари ушбу тамойил асосида амалга оширилгани, айтиш керакки, энг оғир ўтиш даврида ҳам жамиятимизда ижтимоий адолат ва барқарорликни сақлаш имконини берди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганда демографик вазият жуда мураккаб эди. Янги иш ўринлари яратиш эса мутлақо тўхтаган эди.

Бу 70 йил мобайнида тўпланиб қолган ижтимоий муммоларнинг янада чигаллашиб, чуқурлашиб кетишига сабаб бўлганди. Айниқса, ўша пайтда аҳолининг 60 фоиздан ортиғи истиқомат қилаётган қишлоқларда шароит жуда оғир эди.

Президентимиз томонидан уй-жой қуриш ва деҳқончилик билан шуғулланиш учун 2,5 миллион оилага 700 минг гектар суғориладиган ер ажратиб берилгани улкан тарихий воқеа бўлди. Бу энг оғир ўтиш даврида жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш имконини берди, қишлоқ аҳолиси турмуш даражаси тушиб кетишининг олдини олди.

Мустақилликнинг биринчи кунларидан белгилаб олинган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилига қатъий амал қилинди. Чунки ислоҳотларнинг барча тамойили замирида инсон омили мужассам.

Ушбу сиёсатни амалга ошириш учун давлат томонидан катта маблағлар ажратилмоқда. Буни давлат бюджети тақсимотида яққол кўриш мумкин. Агар 1990 йилда харажатларнинг атиги 31 фоизи ижтимоий соҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2012 йилда қарийб 60 фоизни ташкил этди. Унинг 34 фоизи таълим, 15 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилди.

Юртимизда тизимли асосда, босқичма-босқич ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган, дунёда кенг эътироф этилган умуммиллий дастурлар амалга оширилди. Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, болалар спортини, санъат мактабларини, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш шароити ва қишлоқда намунавий уй-жой қуриш борасидаги дастурлар бугунги кунда ўзининг юксак самаралари билан халқаро ҳамжамиятнинг ҳавасини тортмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий йўналишларда олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда аҳоли ялпи даромадлари 12,2 баробар ошди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73,2 ёшга етди. Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича дунёнинг ривожланган давлатлари даражасига яқинлашди.

Тинчлик-осойишталик – барча ютуғимиз омили

Тараққиётнинг муҳим омилларидан бири бу, шубҳасиз, тинчлик-осойишталикдир. Дунё ишбилармон доиралари ҳам ҳар жиҳатдан барқарор, тинчлик ва хавфсизлик кафолатланган давлатлар билан ҳамкорлик қилади.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик муҳити барча соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Ўзбекистонимиз мустақил тараққиёт йўлида қандай улкан ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи – юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимизда”.

Мамлакатимиздаги барқарор юқори иқтисодий ўсиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг юксалиши – барча-барчаси тинчлик туфайли таъминланаётганини барчамиз юксак қадрлашимиз ва уни мустаҳкамлаш учун курашишимиз даркор. Бугун жаҳонда рўй бераётган мураккаб ва қалтис воқеалар барчамиздан доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб қилади. Мана шундай мусаффо осмон, файзу баракали ҳаётнинг қадрига етиш, уни янада мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Авазбек Содиқов, 
иқтисод фанлари доктори