Бахтли кунларнинг бирида…

 Биринчи Президентимиз билан учрашувини юрак тубидаги энг илиқ хотиралари сифатида асраб келаётган Назокат Нурматова таасуротларини сўзлаб берди.

“Мен ҳечам эсимдан чиқаролмайман ўша дақиқаларни. Ўзбек ҳалқи 1992 йил 21 март куни илк маротаба Наврўз байрамини Халқлар дўстлиги саройининг майдонида катта тантана билан нишонлайдиган бўлди. Бир ой давомида Тошкент шаҳридаги 486-сонли болалар боғчаси қошида ташкил этилган “Ғунча” болалар жамоаси билан шуғулланганмиз. Тадбирда мен яккахон қўшиқчи сифатида тайинланганман. Наврўз байрамига тайёргарлик жараёнлари бўлган, лекин маросимга бир кун қолганда тадбир ташкилотчилари менга топшириқ беришди. “Сенга гул берамиз. Тадбир давомида давлат раҳбарини байрам билан табриклайсан”. Ўша пайтда бола бўлганман. Хўп деганман-у, аммо менда ўзгача ғурур пайдо бўлган эди.

Эртаси куни байрам бошланди, мен чиқишим керак бўлган қўшиқ ҳам янгради, қўлимда гул. Сценарий бўйича мен гулни президентга бериб, қўшиқ тугагунча яна қайтиб тушишим керак бўлган. Зинадан чиқиб кетяпман, юқорида Ислом Абдуғаниевич ўтирар эди. Кутилмаганда олдиларига етиб бормасимданоқ мени даст кўтариб олдилар. Ўша воқеа кўз олдимдан шунақанги тез ўтиб кетдики, мен ҳалигача ҳаяжонимни унутолмайман. У жараён менинг энг бахтли кунларимдан бири бўлиб қолган».

Ҳозирда Назокат Нурматова икки фарзанднинг онаси. У Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида фаолият юритиб келмоқда.